Лениннинг ўлимини кутаётган, унинг фаоллашганидан ғазабланган шогирди Сталин Крупскаяга телефон қилиб, врачлар Ленинга ишлашни ман қилганини, унинг хотини Крупская Ленинни тўхтатмаса, Марказқўмга чақириб муҳокама қилдиришини айтади, кўпол тарзда ҳақоратлайди. Ленин март ойининг бошида бу ҳақда билиб қолади ва Сталинга шундай хат жўнатади:
“Ҳур. ўрт. Сталин!
Сиз қўполлик қилдингиз ва менинг хотинимни ҳақоратладингиз. Гарчанд у бу воқеани унутишга тайёр бўлса-да, факт ошкор бўлди, у бу ҳақда Зиновьев ва Каменевга айтган. Мен ўзимга қарши қилинган бу ишни осонликча унутолмайман, хотинимга қарши қилинган ишни мен ўзимга қарши қилинган ҳисоблашимни айтиш шарт бўлмаса керак. Шунинг учун Сиздан ўйлаб кўришни сўрайман: ё Сиз айтганларингизни қайтиб оласиз ёки ўртамиздаги муносабатларни узамиз.
Ҳурмат билан, Ленин».
Сталин Ленинга мужмал хат жўнатгани ҳам маълум: «Агар сиз мен сўзларимни қайтариб олишим керак деб ҳисобласангиз, мен шундай қилишим мумкин, бироқ гап нимада ва менинг айбим нима, буни тушунмайман». Сталин Крупскаяга ҳам шундай «кечирим» йўллаган. Аммо бу Ленин ва Сталин ўртасидаги совуқликни кўтаролмади. 1923 йил 6 мартда Лениннинг соғлиғи ёмонлашди, 10 мартда навбатдаги инсульт юз берди, «доҳий»нинг тили гунг ва ўнг томони фалаж бўлиб қолди. У энди сиёсатдан буткул четлашди. Ленин ва Сталин бошқа ҳеч қачон учрашмадилар. Аммо Лениннинг ўлимидан сўнг Сталин ҳар бир нутқида Ленинни устоз санашдан чарчамади, ҳар бир ҳаракатини Ленин номидан қилишдан тўхтамади. Лениннинг сўнги хатини Сталин ўлганича ёнида сақлади, у ўлганидан сўнг хат унинг ёзув столидан олинди ва Хрушчев томонидан 1956 йилги партия съездида илк бор халққа ошкор қилинди.
Ленин ҳокимиятдан четлаштирилган пайтда партиявий сиёсат ва кундалик раҳбарлик асосан Сталин, Каменев ва Зиновьевнинг қўл остида эди. Улар бир-бирини хушламасалар-да, уларни боғлаб турган бир нарса бор эди – уларнинг учаласи ҳам Троцкийни хушламас эдилар. Бу учликнинг расмий мавқеи баланд эди. Лениннинг йўғида Каменев Сиёсий Бюро раиси ҳисобланар, бундан ташқари у Совнарком раисининг ўринбосари ва Москов Советининг раиси эди. Зиновьев Петроград Советининг раиси ва III-Коминтерн Ижроқўмининг раиси эди. Сталин миллий масалалар бўйича халқ комиссари ва партиянинг Бош котиби эди. Троцкийда қатор давлат лавозимлари бўлмаса-да, унинг партия аъзолари орасида машҳурлиги ва салмоқли салоҳияти билан ҳисоблашиш керак эди. Шунинг учун Ленин айнан уни ўз тарафига тортганди.
Партия раҳбарлигига даъвогар одам кўтариши керак бўлган учта катта масала етилиб бораётганди.
Биринчиси – бюрократияга қарши кураш ва партиядаги ички демократиянинг тақдири масаласи. Ленин тузган тузумнинг йўргагидаёқ чалинган касаллиги бўлган бюрократия хуружи ва ички демократиянинг таназзули давлат ва жамиятни емираётганди.
Иккинчиси – иқтисодий сиёсат масаласи. НЭП таъсирида 1923 йил баҳорига келиб, иқтисодиёт ўнглана бошлади, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари нархи пасайди, аммо саноат маҳсулотлари нархи баланд эди. Ўнг қанот сиёсатчилари деҳқонларни тиклаш тарафдори бўлса, сўлдагилар саноатни қўллаб-қувватлашни, «пролетариат диктатураси» асосини ташкил қилувчи ишчилар синфини яратишни тезлаштиришни истардилар.
Учинчиси – миллий масала ва янги Конституция масаласи. Сталин республикаларнинг мустақиллигини чеклаш ва ҳаммани Московга бўйсундиришни хоҳларди. Ленин ҳам шуни хоҳларди, аммо очиқ мустамлакачилик сиёсати мамлакатнинг ўрис бўлмаган халқларининг Лениннинг давлатидан қочишига олиб келишини биларди, шунинг учун, номигагина бўлса-да, уларнинг эркинлигини тан олишни тарғиб қиларди.
1923 йил 17 апрелда очилган съездда Сталин тўла ғолиб келди, чунки Ленин касал эди, у умид қилган Троцкий эса ўзини сипо тутди ва четлашиб қолди.
Съездга тайёрланиш давомида Сталин ўзи яратган партия машинаси имкониятларидан тўла фойдаланди. Овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган делегатларнинг 55% бевосита партия ташкилотларида ишлайдиган, Сталиннинг Котибияти амалга миндирган раҳбарлардан иборат эди. (Аввалги Х-съездда улар бунинг ярмини ташкил этарди). Энди Сталин ўз одамларини делегат қилган бундай съездда ўзи истаган ҳар қандай қарорни ўтказиб ола оларди.
Гарчанд Ленин ва Сталиннинг ораси буткул бузилган, шогирд устозини ҳокимиятдан четлаштирган ва уни тўшакка михлаб қўйган бўлса-да, Сталин съездда ҳар икки гапнинг бирида Сталин томонидан тўшакка михлаб қўйилган Ленинни «устоз», «доҳий» сифатида тилга оларди.
Ҳолбуки, агар съездда Ленин қатнаша олганда, давлат тизимини хаддан зиёд бюрократлаштиргани ва миллий масаладаги каллакесарлиги учун айбланаётган Сталиннинг Бош котиб лавозимида қолиши гумон эди. Сталиннинг съездда энди ўзи Ленин мақолаларидаги ғояларга қўшилган ҳолда, ўз номидан партия ва совет ташкилотларидаги бюрократияни танқид қилишга тушади. У Лениннинг Рабкрин ва Марказий Назорат Комиссиясини қўшиш ҳамда Марказқўм таркибини кенгайтириш ғояларини ҳам қўллаб-қувватлади, чунки Ленинсиз бу ғоялар Сталинга қулайлик туғдиришини у англаб етди.
Чунки Сталин Марказқўмни Ленин айтгандай ишчи ва деҳқонлардан эмас, доҳий қарши бўлган партия ва совет идораларида ишлаб маккорлашган Каганович каби ўз шотирлари ҳисобидан тўлдирди ва ҳокимиятни янада бадтар қўл остида марказлаштирди. Янги Назорат Комиссиясининг раиси қилиб Сталиннинг яна бир ҳамтовоғи Валериан Қуйбишев тайинланди. Сиёсий Бюрога кирган бир аъзо ҳам Сталиннинг шерикларидан бўлган Рудзутак эди. Сталин партия девонини тўла қўл остига олди.
1923 йил ёзида совет иқтисодида яна таназзул бошланди. Ҳукумат бунга жавобан умумий ишлаб чиқаришни қисқартириш ва фақат рентабелли корхоналарга диққатни қаратиш билан жавоб қайтарди. Натижада ишсизлик авжига чиқа бошлади ва норозилик намойишлари кўтарилди. Бу эса Сталинга мухолиф бўлган кучларга қўл келиши мумкин эди. ГПУ (Чкнинг вориси) одамларни қамаб, партиядан ўчиришни бошлади. Марказқўмнинг чекист Дзерженский бошқарадиган қуйи комиссияси партиянинг ҳар бир аъзосидан ҳукуматга қарши фикрловчилар ҳақида ҳукуматга хабар беришни талаб қилди. Троцкий ниҳоят олифталикни йиғиштириш ва кураш майдонига тушиш кераклигини англаб етди.
(давоми бор)
Карим Баҳриев
Манба: Azon.uz “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди