Барча совет фильмларида, китобларида, бадиий ва илмий адабиётларда Совет ҳукуматининг уруш бошланган кунги совет халқига хитобномасининг бошланиши шундай келтирилади: «Немис фашист босқинчилари шартномаларни қўпол равишда бузиб мамлакатимизга босиб кирдилар…», Аммо гап қандай шартномалар ҳақида бораётгани, социалистик мамлакат ҳукумати билан ҳокимиятга келгандаёқ Олмония коммунистларини қириб ташлаган Гитлер ўртасида қандай шартнома бўлиши мумкинлиги айтилмади, бу шартномаларнинг матни ёритилмади, СССР қулагунча сир тутиб келинди.
КПССнинг 1939 йилги XVIII съездида Сталин келгусидаги муқаррар урушда мақсадлари мос келиши мумкинлигини Гитлерга ишора қилиб ўтганди. У фюрерга англо-америкаликлар ва фаранглар Олмония ва Совет Иттифоқини уриштириб қўймоқчи, деб изчил уқтириб келди. Нима учун? Сталиннинг айтишича, Совет Иттифоқи ва Олмония ўртасида уруш бошланса, ғарбдаги демократик давлатлар узоқ урушда советлар ва олмонларнинг кучсизланганидан фойдаланиб, оқибатда уларга ўз ҳукмларини ўтказар эмишлар.
Сталиннинг ёзишига кўра, Англия, Фарангистон ва АҚШнинг сиёсати «Олмонияга Оврўподаги ишларига ўралашиб, СССР билан урушга киришиб қолишига халақит бермаслик, урушнинг барча қатнашчилари жангу жадал ботқоғига чуқур ботишига зимдан шароит яратиш, уларнинг бир-бирларини кучсизлантиришига, силласини қуритишга йўл очиш, кейин улар етарлича заифлашганидан сўнг, саҳнага янги кучлар билан, албатта, «тинчлик манфаатларини кўзлаб» чиқиш ва урушнинг кучсизланган қатнашчиларига ўз шартларини ўтказишдан иборат…».
«Иттифоқчи»ларнинг Олмония билан эҳтиёт бўлиб муносабатда бўлиш ҳақидаги огоҳлантиришларини Сталин «шубҳали маш-машалар» ҳисоблайди, унинг фикрича, бундан мақсад «Совет Иттифоқининг Олмонияга нисбатан қаҳр-ғазабини уйғотиш, ҳавони бузиб, Олмония билан асоссиз тўқнашувни гиж-гижлашдир».
Қилинган иқтибослардан ҳам кўриниб турибдики, Сталин ғарбдаги демократик давлатлар ва ғарбий матбуотнинг Гитлер СССРга қарши урушга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги дўстона огоҳлантиришларига атайин қулоқ солмайди (ҳолбуки, бу урушнинг муқаррарлиги ҳақида аллақачон фашистларнинг муқаддас китоби – «Майн кампф»»да ҳам ёзилган эди, эҳ, бу ғаюрлик кейин халққа қанчалар қимматга тушади), тўғрироғи, атайин эшитмасликка олади. Чунки, Сталин, биринчидан, СССР ва Олмония ўртасидаги келгуси «иттифоқ»қа томонларни тайёрлаб ўзи ҳам руҳан тайёрланиб, ўзи ғарб давлатларига тўнкаган ишни ўзи қилишни ният қилади, яъни Гитлерни уларга қарши урушга гиж-гижлайди; иккинчидан, Олмония ва ғарб давлатлари бир-бирини кучсизлантирса, Сталиннинг ўзи бутун Оврўпога Гитлернинг «янги тартиби» ўрнига большавойларнинг «коммунистик тартиб»ини ўрнатмоқчи эди.
Узоқни кўзлаб тузилган бу режа урушдан сўнг қисман амалга ошди, яъни коммунистик тузум Шарқий Оврўпода самарасиз социализмни асримизнинг 90-йилларигача ушлаб турди, айни вақтда, Сталиннинг уруш олдидан Гитлер билан қилган ҳамтовоқлиги СССР халқларига ва дунё ҳамжамиятига даҳшатли даражада қимматга тушди.
Совет Иттифоқи ташқи сиёсатини Оврўпо ва Осиё томон босқинчилик сари кескин йўналтиришга қарор қилган Сталин ўзига муносиб шерик қилиб Гитлерни танлади. Бу, албатта, бежиз эмас. Улар бир тоифадаги тоталитар тузумларнинг «доҳий»лари эдилар. Ирқий фашизм давлати Гитлер Олмонияси ва синфий фашизм давлати – Советлар Иттифоқининг мақсадлари ҳам бир-бирига мос келаётган эди. «Кўр кўрни қоронғуда топади», - деганларидай,
Сталиннинг Оврўпони СССР ва Олмония ўртасида бўлиб олиш таклифи Гитлерга маъқул бўлиши аниқ эди ва 1939 йилда шундай бўлди ҳам. Улар тил бириктириб уруш олдидан Оврўпони қайта тақсимладилар, у ердаги халқлар ва давлатлар иродаси билан ҳисоблашиб ўтирмадилар. 1941 йилда улар ўртасида келиб чиққан уруш эса ўзбекларнинг: «Бир қинга икки қилич сиғмас», - деган мақолига тўғри келади. Икки босқинчининг империалистик иштаҳасига жуғрофий Оврўпо торлик қилиб қолади.
Кремлнинг ниятлари жиддий эканига Гитлерни ишонтирмоқ мақсадида Сталин ўртадаги психологик тўсиқни – СССР ташқи ишлар вазири Литвиновни олиб ташлайди. Маълумки, Максим Литвинов яҳудий эди, «олий ирқ вакили» Гитлер ва унинг ташқи ишлар вазири Риббентроп яҳудий билан музокара олиб боришни истамас эдилар. 1939 йил 4 майда Сталин Литвиновнинг ўрнига Халқ комиссарлари Кенгаши Раиси Молотовни тайинлайди ва унга Олмония билан битим тузиш учун замин ҳозирлашни топширади. Вазифа оғир эди.
Шўро тарихчилари Иккинчи Жаҳон уруши сабаблари ва оқибатлари ҳақида ёзаётганда «Риббентроп-Молотов пакти»нинг тарихи ва мазмунини сохталаштириб келадилар ёки ушбу пактни бутунлай четлаб ўтадилар. Сохталаштиришдан мақсад аён: Иккинчи Жаҳон уруши бошлангани учун айбни СССРдан олиш ва Сталинни оқлаш.
Зеро, айнан 1939 йил 23 августдаги «Риббентроп-Молотов пакти» Оврўпони Гитлер ва Сталин ўртасида бўлиб берди ва Гитлернинг ғарбий Оврўпода эркин ҳаракатланишини кафолатлади, фашистларни уруш олдидан совет стратегик ва ҳарбий-стратегик хомашёлари билан таъминлади. Пакт имзоланган вақтдан озгина вақт ўтар-ўтмас, яъни бир ҳафта ичида Гитлер Иккинчи Жаҳон урушини бошлади, демак, Сталин билан келишуви унга урушни бошлаш имконини берди. Бу бежиз эмас, албатта. Ушбу келишув асосида совет хомашёларини олган Гитлер зимдан СССРга ҳужум қилишга қаттиқ тайёргарлик кўриш имконини қўлга киритди.
СССР эса фашистик Олмония билан «дўстлашгач» (бу «дўстлик»нинг баҳоси Гитлер СССРга қўққисидан ҳужум қилганда билинди), табиий равишда, ғарбий демократик давлатлардан ажралиб, яккаланиб қолди. Ҳазрат Навоий таъбири билан айтганда ўзи бировга қазиган чоҳга ўзи тушди – Гитлер билан дўстлашиб, уни ғарб билан уриштирмоқчи бўлган, кейин ҳаммасининг силласини қуритиб, Оврўпони тўла эгаллашни ният қилган айёр Сталинни ундан-да доғули Гитлер чув туширди, куч тўплаб, советларнинг хомашёси ва ҳарбий ёрдами билан қувватланиб, қўққисидан СССРнинг ўзига ҳужум қилди. Сталин ва совет раҳбариятининг урушолди калтабинлиги совет халқига ва дунёга қимматга тушди. Мақталган совет дипломатияси ефрейтор Адольф Гитлернинг «ноғорасига ўйнади».
(давоми бор)
Карим Баҳриев
Манба: Azon.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин