1 833
Қорабоғда яна уруш бўладими? Боку ва Ереван бир-бирини айблаб, кўз қири билан Москвани кузатмоқда
Иккинчи Қорабоғ уруши деярли икки йил аввал якунланган бўлса-да, ҳудудни тинч деб бўлмайди. Ўтган ҳафта кузатилган навбатдаги эскалация вақтида ҳар икки томондан ҳарбийлар ҳалок бўлди.
Охирги урушдан кейин томонлар уч томонлама шартнома имзолашганди. Қорабоғга рус ҳарбийлари кириши билан вазият тинчигандай бўлганди, аммо ҳудуд буткул тинчиб кетмаяпти. Юқори даражада музокаралар ўтказилган бўлса-да, азалий тортишув барибир бўй чиқариб турибди. Хўш, Қорабоғ нега тинчимаяпти? BBC минтақадаги ҳолатни яхши биладиган экспертларнинг бу борадаги фикрлари билан қизиқди.
Урушдан кейинги келишув томонларга Қорабоғдан Арманистонга муқобил йўл қуриш мажбуриятини юклаган. Фотода: 2020 йил ноябр. Лочин шаҳридаги арманистонлик аёл россияликлар зирҳли техникаси олдида
KAREN MINASYAN/GETTY IMAGES
Можаро қай ҳолатда?
Ҳозиргача Арманистон ва Озарбойжон ўртасида иккита йирик уруш бўлиб ўтган. 1990-йиллардаги биринчи урушда руслар ёрдами билан Арманистон ғолиб бўлганди. 2020 йил 27 сентябрда Иккинчи Қорабоғ уруши бошланди. 44 кун давом этган урушда обдон тайёрланган озарлар ғалаба қилиб, тарихан ўзига тегишли бўлган Қорабоғнинг анча қисмини қайтариб олишди.
Ҳар икки томондан ҳам минглаб аскарлар ўлавергач, 2020 йил 10 ноябрга бориб Россия воситачилигида сулҳ имзоланади. Унга кўра арманлар Қорабоғ атрофидаги баъзи ҳудудларни озарларга топширди. Қорабоғ ҳудудига эса Россия аскарлари кирди. Улар икки мамлакат аскарлари кесишадиган фронт чизиқларида патруллик қилиш вазифасини зиммасига олди.
Ўша урушда Озарбойжон томони қатор туманлар ва шаҳарларни қайтариб олди. Айниқса Қорабоғнинг тарихий пойтахти Шушанинг қайтарилиши стратегик ғалаба бўлганди.
Лочин коридори қаерга олиб боради?
Ҳозирда Қорабоғ ва Арманистонни Лочин коридори номини олган йўл боғлаб турибди. Бу йўл Озарбойжоннинг Қорабоғдан ташқаридаги Лочин вилоятидан ўтади. Бу ҳудудни арманлар биринчи уруш вақтида эгаллаб олган. Ҳозир йўлни рус қўшинлари назорат қилади.
Имзоланган сулҳга кўра, уч йил ичида Арманистон Лочинни ундаги йўл билан бирга Озарбойжонга қайтариши керак. Қорабоғлик арманлар эса Арманистонга бошқа йўл орқали бориши белгиланади. Бу йўл ҳали қурилгани йўқ. Боку арманларни бу келишувни бажармасликда айблайди. Чунки йўлнинг Озарбойжон қуриши керак бўлган қисми аллақачон қуриб битказилган.
3 август куни орадаги вазият навбатдаги марта кескинлашган бир вақтда Арманистон Хавфсизлик кенгаши котиби Армен Григорян арман томони ҳеч қандай йўл қуриш бўйича келишувга эришмагани, шу учун Озарбойжоннинг Лочин бўйича талаблари асоссиз эканини иддао қилди. Аммо 4 август куни Арманистон ҳудудий бошқарув ва инфатузилма вазири Гнел Саносян Лочиндан ўтадиган йўлга муқобил бўлиши кутилаётган йўл қурилиши жадал кетаётгани, кейинги йил баҳоригача ишлар тугашини айтди.
Арманистонлик журналист Марк Григоряннинг фикрича, мавжуд йўлни қолдириб, Лочинга Озарбойжон фуқароларини қайтариш фойдалироқ бўларди. «Ҳозирги каби сегрегацияга (айирмачилик) интилиш яхши эмас», дейди журналист. У Қорабоғдаги йўллардан бири ҳам озарларга, ҳам арманларга хизмат қилаётгани, руслар назорат қилаётган ўша йўлда ёзувлар учта тилда (озар, арман ва рус) ёзилганини мисол қилиб келтирган.
«Битта йўлдан фойдаланишга рухсат бериш керак. Қўйиб беринг, йўл бўйида озарлар чойхона, арманлар қаҳвахона қуришсин», дейди журналист.
Озарбойжонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Орзу Абдуллаеванинг фикрича, Қорабоғдаги ҳолат халқаро мониторинг марказлари томонидан ўрганилсагина одамлар мураккаб ҳолатдан қандай чиқиб кетиши бўйича йўл топилиши мумкин.
Нега қон тўкилди?
Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги воқеаларни доимий кузатиб борадиганлар ҳам охирги кескинлик нима сабабдан келиб чиққани ҳақида фақат тахминларни гапириши мумкин. Чкнки бу борада таҳлил қилиш учун етарли маълумотнинг ўзи йўқ.
Орзу Абуллаева охирги кескинликда Россияни айбламоқда. «Озарбойжон Россиянинг иштирокисиз истеҳком қуриб ўт очолмаган бўларди», дейди ҳуқуқ ҳимоячиси. Унинг фикрича, Россия навбати билан ҳар икки томонга таъсир қилиш орқали ҳудудда ўрнашиб қолмоқчи.
Озарбойжоннинг Қорабоғда арман кучларига сўнгги ҳужумларини айримлар музокараларни тезлаштириш учун Арманистонга босим ўтказиш методи деб ҳисоблайди. Фото: Озарбойжон мудофаа вазирлиги
Арманистонлик журналист Марк Григоряннинг айтишича, арман томони чиндан муқобил йўл қурилишини ортга сурмоқда, озарлар эса бу иш тез битишига ундамоқда. «Одатда бир томон нариги томон ортга тисарилишини истаса, мана шундай ҳарбий методлар қўлланади. Ҳар бир содир бўлган можаро эса Алиевнинг позициясини мустаҳкамлаб бораверади: гоҳ бирор тепаликни олишади, гоҳ бирор оролни», дейди арман журналисти.
Қорабоғ воқеаларини чуқуқ ўрганадиган озарбойжонлик тарихчи Ориф Юнуснинг айтишича, баҳорда икки давлат етакчилари Брюсселда учрашув ўтказгач, Бокунинг позицияси анча тинчликпарвар бўлиб қолган, аммо Қорабоғга Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров боргач, вазият ўзгарган. Маълумот учун, Лавровнинг отаси арман миллатига мансуб бўлган.
Тарихчининг фикрича, Боку Москва билан маслаҳатлашмай ҳеч нима қилмайди, Россия эса минтақа доимий нотинч бўлишини истайди. «Бу можарода учта томон бор. Учинчи томон бўлмиш Россия учун қолган икки давлат мушт туширадиган бокс қопига ўхшайди», дейди Ориф Юнус. Унинг фикрича, Россия учун ҳудуд нотинч бўлиб тургани шунинг учун яхшики, Қорабоғ тинч бўлса, томонлар қачондир «Шошманг, Гюмридаги Россия ҳарбий базаси ва Қорабоғда рус ҳарбийлари нега керак ўзи?» деб қолиши мумкин.
Арманистонлик эксперт Олеся Вартаняннинг фикрича, Боку Ереванга ортиқча босим ўтказиб, Қорабоғдаги арманлар хавфсизлиги бўйича талаблардан воз кечилишига интилмоқда. Шунингдек, эксперт Арманистон расман Озарбойжоннинг ҳудудий яхлитлигини тан олишга тайёрлигини эслатган. Озарбойжон ғолиб томон ўлароқ Россия воситачи бўлган сулҳда айнан мана шундай талабни қўйганди. Экспертнинг фикрича, Озарбойжон бу талабнинг бажарилмаслиги нима оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан арманларни огоҳлантираётгандек.
Россиялик тинчликпарвар кучлар Тоғли Қорабоғни маналардан тозалаш ишларини фаол давом эттирмоқда.
Фото: RUSSIAN EMERGENCIES MINISTRY
Озарбойжоннинг беш талаби
Тинчлик келишуви имзоланаётганда Озарбойжон томони 5 та пунктдан иборат таклиф режасини илгари сурган. Арманистон Хавфсизлик кенгаши котиби Армен Григорян Қорабоғ масаласи ҳудудий можаро эмаслиги, асосий масала у ердаги арманларнинг хавфсизлиги эканини айтиб, бу билан қайсидир маънода Арманистон томонининг ортга чекинганини ифода этганди. У Озарбойжон илгари сураётган талабларнинг ҳеч бири қабул қилиб бўлмайдиган эмаслигини қўшимча қилди.
Озарбойжоннинг беш пункдан иборат таклифлари қуйидагилар:
- ўзаро ҳудудий яхлитлик ва суверенитетни тан олиш;
- ўзаро ҳудудий даъво йўқлигини тасдиқлаш;
- куч ишлатиш ва таҳдид қилишдан тийилиш;
- давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш;
- транспорт коммуникациясини очиш.
Ереван тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республика сифатида шаклланиши, у ерда мустақиллик бўйича референдум ўтказилиши кераклигини айтиб келади. Ҳудудда кўпчилик арманлар яшагани учун натижа қандай бўлиши деярли аниқ – бундай ҳолатда катта эҳтимол билан Қорабоғ Озарбойжондан ажралиб чиқади. Боку эса Тоғли Қорабоғ деган топонимнинг ўзини унутиш керак деб ҳисоблайди. Озарлар ҳудуддагиларнинг ҳатто автономияга ҳам ҳаққи йўқ деган фикрда.
Арманистон томонида ҳудудга даъво қилиш имкони қолмагани мамлакат бош вазири Никол Пашиннинг баҳордаги чиқишидаёқ аниқ бўлганди. «Авваллари Қорабоғ бўйича гапирганда ҳудуднинг статуси ҳақида гапирган бўлсак, энди хавфсизлик кафолати ва ҳуқуқдан келиб чиққан ҳолда гапирамиз», деганди Пашинян.
Иккинчи Қорабоғ уруши якунлангач, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ғалаба ҳақида эълон қилар экан, Никол Пашинянни калака қилган ва «Статус нима бўлди, Пашинян? Гўрга кетди, статус» деганди.
Қуролли одамни қандай аташ керак?
Ҳозир томонлар тилга олаётган асосий икки масала Лочин коридори ва Қорабоғдаги арман аскарлари масаласи бўлиб турибди.
Яқинда Арманистон Хавфсизлик кенгаши мамлакат ҳарбийлари Қорбоғни сентябр ойида тарк этишини маълум қилди. Аммо 4 август куни Озарбойжон Ташқи ишлар вазирлиги арман аскарларини олиб чиқиш бўйича келишув бажарилмаётгани, бу эса учтомонлама тинчлик келишувига зид эканини айтиб, Ереванни айблаб чиқди.
Шунингдек, Озарбойжон ТИВ Қорабоғда бўлиб турган рус аскарларини ҳудуддаги Арманистон аскарлари улар учун хавф туғдиришидан ҳам огоҳлантирган.
Озарбойжон Қорабоғдаги инфратузилмаларни тиклаш билан шуғулланмоқда ва экспертлар фикрича, хавфсизлик муаммоси бўлмаслигини исташади. Фотода: Фузулийдан Шушага йўл қурилиши.
Фото: VALERY SHARIFULIN/TASS
Худди шу куни Арманистон бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғда мамлакат ҳарбийлари қолмаганини айтди.
«У (Алиев) нафақат бизга бўйсунадиган ҳарбийларни, балки Тоғли Қорабоғ армиясини ҳам қуролсизлантирмоқчи. Агар буни эпласа, Қорабоғ тўлиқ озарларга ўтади. Арманистон эса буни хоҳламайди, чунки армия қуросизланса, Қорабоғдаги арманлар Озарбойжон ҳукуматига ишонмагани учун ҳудудни ташлаб қочиши мумкин», дейди Марк Григорян.
«Нега Озарбойжон ҳудудида қуролли одам бўлиши керак? Ахир бу расмий тузилма эмаску. Агар расман ҳарбийлар олиб чиқилса, қўлида қурол билан қолганлар террорчилардир», дейди озарбойжонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Орзу Абдуллаева. Унинг фикрича, икки томон ҳам куч ишлатишдан тийилиши мумкин, қачонки ҳудудни БМТ ёки Европа Кенгаши каби халқаро ташкилотлар назорат қилса.
Бунга Украинадаги урушнинг нима алоқаси бор?
«Россия ҳозир Украина билан овора бўлиб қолган, шу сабаб озарбойжонликлар рус ҳарбийлари кўз ўнгида ҳам кескинроқ ҳаракат қилиши мумкин», дейди Eurasianet нашрининг Кавказ бўлими муҳаррири Жошуа Кучер.
Олеся Вартанян ҳам шунга яқин фикрда. Унинг айтишича, охирги вақтларда Бокунинг ўзига ишончи кескин ошган.
«Дунё ҳамжамияти Россияни қўллайдиган аҳволда эмас. Шундай экан рус тинчликпарвар кучлари ҳақ дейдиган одамни топиш ҳам амримаҳол. Озарбойжоннинг энг яқин иттифоқчиси Туркия рус – украин музокараларида ҳам жуда муҳим фигурага айланиб бораётгани эса Бокунинг ишончини оширмоқда», дейди эксперт.
Озарбойжон Европа Иттифоқи учун рус газига алтернатив етказиб берувчига айланиб бормоқда. Боку ҳам ўз навбатида бу бозорда русларнинг ҳолати ёмонлигини кўриб ҳаракат қилади. Эксперт Вартанян мана шу жиҳатни ҳам унутмаслик керак деган фикрда.
Экспертлар ҳисоблашича, бугунги кунда Озарбойжоннинг ўзига ишончи ортган. Озарбойжон президенти Илҳом Алиев (ўнгда), Европа кенгаши раиси Шарл Мишел (марказда) ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян (чапда) 2022 йил апрелида Брюсселдаги учрашувдан кейин.
Фото: FRANCOIS WALSCHAERTS/GETTY IMAGES
Яна битта уруш бўладими?
Орзу Абдуллаеванинг фикрича, икки йил аввалги каби кенг кўламли уруш бўлмайди. Чунки бунинг учун Арманистонда пул ҳам, етарли ҳарбий куч ҳам йўқ.
Арманистонлик таҳлилчи Марк Григорян ҳам шундай фикрда. Аммо унинг фикрича, халқаро ҳамжамият Озарбойжонни тийиб туриши мумкин. Худди ўша газ шартномалари сабаб. Экспертнинг тахминича, ҳудудда бўлиб турган 2 минг нафар рус аскарининг биргинаси озарлар томонидан ўлдирилиши ҳам Илҳом Алиевнинг Путин билан муносабатларини ёмонлаштиради.
«Рус ҳарбийларида фақат ўзини ҳимоя қилиш учунгина қуроллар бор. Агар ҳудудда нимадир бўлса, улар шунчаки уруш олмайди. Маҳаллий одамлар уларга ҳимоячилари сифатида қарамоқда. Озарбойжон томони эса рус ҳарбийларидан маҳаллий гуруҳларни қуролсизлантириш, Лочин коридори орқали қуролли гуруҳлар кириб келишини тўхтатишини кутмоқда», дейди Олеся Вартанян.
Озарбойжонлик ёзувчи Ориф Юнус эса келажакда уруш бўлиши мумкин деб ўйламоқда. Унинг фикрича, Озарбойжон Қорабоғдаги арманларни ўз томонига оғдириб олишга уриниб кўриши мумкин. Ўз навбатида, Боку Қорабоғ арманлари билан бевосита алоқага киришмоқчи ҳам эмас.
«Шундай экан бизни узоқ ва самарасиз давом этадиган музокаралар кутмоқда. Пашинян музокараларда ҳар қанча ортга чекинавермасин, Қорабоғ арманлари Қорабоғ ҳеч қачон Озарбойжонга ўтишини истамайдиган руслар ҳимоясида турар экан, бу йил эмас, келаси йил эмас, узоқ келажакда янги уруш албатта бўлади», дейди тарихчи.
Унинг фикрича, бу ҳолатда ягона ечим Россиянинг Украина билан уруш оқибатида чиндан кучсизланиши бўлади. Тарихчи руслар урушда енгилиб кучсизланса, Жанубий Кавказдан чиқиб кетишига умид қилмоқда.
Томонлар нима хоҳламоқда?
Орзу Абдуллаева ҳар икки томоннинг мақсади фарқли эканини афсус билан тилга олди. «Боку ўз ерини қайтиб олишни, рус ҳарбийлари Озарбойжонни тарк этишини истайди. Арманистон ҳам Россияга боғланиб қолишни истамайди, аммо Тоғли Қорабоғни ҳам бериб қўймоқчи эмас. Айниқса қорабоғлик арманлар буни истамайди», дейди Абдуллаева.
Арманистонликлар ҳамон урушдаги мағлубиятдан ўзига кела олмайди ва кўплар бунда мамлакат раҳбариятини айблайди
Фото: ALEXANDER PATRIN/TASS
Ҳуқуқ ҳимоячисининг фикрича, Озарбойжон Ғарб билан ўз кўпригини ўрнатмоқчи. Мамлакат иқтисодий ва ҳуқуқий масалада Европа билан яқинлашишни истайди.
Тарихчи Ориф Юнуснинг фикрича, томонлар муаммони замонавий одамлардай ҳал қилиш устида кўпроқ бош қотириши керак. Унинг айтишича, икки миллат ўртасида бир бирига бўлган ишонч бўлмас экан, бунга умид қилмаса ҳам бўлади.
«Озарбойжон Қорабоғ ўз таркибида бўлишини, энг яхши ҳолатда арманлардан холи ҳудудга айланишини истайди. Балки арманлар ҳам Озарбойжон фуқаролигини қабул қилишга рози бўлиши керакдир. Лекин бундай бўлмаса ҳам, таҳдид ва репрессияга йўл бермаслик керак», дейди тарихчи.
Унинг фикрича, Озарбойжон томонда бундай ижобий ҳаракатлар кўзга ташланмаяпти. Тарихчининг айтишича, Пашиняннинг ортга чекинишлари Арманистон тезроқ уруш асоратидан қутулишни истаётганидан далолат.
Олес Вартаняннинг фикрича, Озарбойжон ҳам тезроқ Қорабоғ масаласини ёпишни истайди. Унинг айтишича, Қорабоғдаги арманлар ҳамон уруш таъсирида ва улар озарлар билан елкама-елка яшаш нима эканини ҳали-бери қабул қила олишмайди.
«Афсуски мана шу муҳим масалалар ўрнини сиёсий популизм эгаллаб олган. Шунинг учун урушдан қўрқиш нималигини танасида ҳис қилган одамар шунчаки уларни тинч қўйишларини истайди», дейди Вартанян. “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)