Фашизм билан уруш совет халқи ғалабаси билан тугаган бўлса-да, бу урушда халқимиз берган қурбонлар сони немисларнинг қурбонларидан беш баробар кўп бўлди. Нега?
Ғалаба армия ва халқнинг мислсиз қони эвазига келган бўлса-да, уни Сталин ва совет тузумининг хизмати сифатида кўрсатадилар. Ҳолбуки, шоир: «Нима қилса, бошим қилди – Жабрини тортар оёғим», - деганидай, айнан Сталин ва совет тузумининг машъум хатолари туфайли қурбонларнинг сони кўп бўлди, ҳукуматнинг нўноқлиги, урушолди беғамлиги, ҳарбий тайёргарликнинг йўқлиги, стратегик режаларнинг хомлиги сингари «бош»нинг – Сталиннинг хатолари «оёқ»қа - халққа қимматга тушди.
Сталинизмнинг яна бир жиноятини айтмоғимиз керак. Унинг оқибати, даҳшати халқнинг бутун ҳаётида, шу жумладан, эл бошига тушган урушда ҳам акс этди. Гап Сталин тузумининг қатағонлари ҳақида бормоқда. Бу ҳақда «қайта қуриш», «ошкоралик» баҳонасида айрим маълумотлар ошкор этилди. Аммо изчил, кенг қамровли тадқиқотлар бўлганича йўқ, бундай ҳаракатлар ҳали олдинда. Уруш тўғрисидаги бу мулоҳазаларимизда ушбу масалага ҳам тўхталишимизнинг боиси шундаки, қатағонлар натижасида, бир томондан, халқнинг куч-қуввати адо бўлган бўлса, иккинчи томондан, бевосита ҳарбий ходимларнинг қатағон қилиниши оқибатида уруш олдидан армия «бошсиз»лантирилди.
Мана, бугун биз Файзулла Хўжаев, Акмал Икромов каби раҳбарлар, Чўлпон, Усмон Носир каби шоирлар, Фитрат, Абдулла Қодирий каби ёзувчилар, Беҳбудий сингари зиёлиларнинг пок номини тикладик ва бу ишимиздан мақтаниб ҳам улгурдик. Ҳамма республикаларда ҳам қатағон қурбонларига нисбатан адолатни тиклаш борасида ҳаракатлар бормоқда. Аммо биз қатағонларнинг бутун кўламини, сабаб ва оқибатларини, ички ва ташқи тизимини ўрганганимизча йўқ.
Номи тилга тушган, саноқли, ардоқли, атоқли, буюк зотлар қаторида минглаб, миллионлаб довруғ солмаган, оддий меҳнаткаш, заҳматкаш одамлар – «халқ душманлари», бутун-бутун сургун қилинган «душман халқ»лар ҳам бор эди. Кўпларнинг эслайдиганлари, оқлайдиганлари, эҳтимол, қолмаган. Қатағонлар тарихини жиддий ўрганиш юзлаб тарихчи олимларга етарли юмушдир. Биз эса ахборот воситалари маълумотлари, хорижий муаллифларнинг тадқиқотлари, шу жумладан, А.Авторхоновнинг «Технология власти», С.Коэн, Боймирза Ҳайит, Д.Волкогонов асарларига таяниб, мавзуимиз тақозо этганича қатағон масаласига тўхталамиз.
Большевизм – «монолог», у «диалог»ни билмайди, дейдилар. Унда бировни тинглаш, эшитиш, тушуниш йўқ, сўзлаш, уқтириш, «йўлга солиш» бор. Унда муроса, музокара йўқ, кураш бор. «Билмасанг – ўргатамиз, хоҳламасанг – мажбурлаймиз», - деган гап ҳам шуларнинг шиори. «Сен менинг фикримга қўшилмайсанми, демак сен ҳали мени эшитганинг йўқ», - дейишарди, «Сенинг ҳам фикринг бордир, бир эшитайлик», - дейишмасди. Шўро даврида: «Говорит и показывает Москва!» – деганини таржима қилиб беринг», - дейишса: «Москвадан гапирамиз ва кўрсатиб қўямиз!» - деб таржима қилардим. Дўстларим кулишарди. Аммо бу «таржима» коммунистик тузумнинг фаолиятини яхши тасвир этади.
Қатағон совет тузумининг доимий усули эди. У Лениндан бошлаб Горбачевгача давом этди. Сталин жисмоний қатағон қилса, Брежнев руҳий қатағон қиларди, маънавиятни йўқ қиларди.Абу Али ибн Синонинг «Тиб қонунлари»да қон босими ошганда қон чиқариш, томирлардан қон оқизиш тавсия этилади. Бу усул тиббиётда ХХ асргача қўллаб келинган. Ҳозир ҳам кучли «гипертоник криз» ҳолатларида қўлланилади: бадандан маълум миқдордаги қон оқизиб юборилгач, юрак фаолияти мўътадиллашиб, босим тушади, қоннинг жунбуши пасаяди. Мен сиёсий қассоб Иосиф Сталиннинг китобида «қон чиқариш усули» ҳақидаги жумлани ўқиб жуда даҳшатга тушдим.
1924 йилда Зиновьев ва Каменев Троцкийни партиядан ўчиришни талаб қилганда, Сталин ўз коммунистик партиясининг XIV съездида шундай дейди: «Биз Зиновьев ва Каменев билан муроса қилмадик, чунки билардикки, кесиб ташлаш сиёсати партия учун катта хавф туғдиради, кесиб ташлаш усули, қон чиқариш усули – улар қон талаб қилардилар – хавфли, юқумли: бугун бировни кесамиз, эртага бошқасини, индинга учинчисини (таъкидлар бизники – К.Б.) – партиядан нима қолади?». Нақадар ошкора эътироф!
Сталин Троцкийни ҳимоя қилаётгандай кўринса-да, аслида бу ерда икки мақсадни кўзда тутади: биринчидан, Троцкийни гиж-гижлайди, сени ўлдиришни талаб қилди булар, демоқчи бўлади, иккинчидан, ўзининг қон чиқариш йўлини синаб кўради, одамларнинг бу «усуллар» ҳақидаги фикрини «разведка» қилади. Кейин бу усулларни айнан қўллайди: яккаҳокимликка эришиш учун «бугун бировни (Троцкийни), эртага бошқасини (Зиновьевни), индинга учинчисини» (Бухаринни) кесиб ташлайди.
Совет тузумининг «босими»ни тушириб туриш учун, халқ жунбушга келмаслиги учун Сталин «қон чиқариб», яъни вақти-вақти билан одамларни ўлдириб туради. Шу режа билан у XIII съездда Троцкийни (1924 йил), XIV съездда Зиновьев ва Каменевни (1925 йил), XVI съез олдидан Бухарин, Рыков ва Томскийни сиёсий жиҳатдан йўқ қилади. Сталиннинғ мақсади сиёсий ўлдиришгина эмасди, у ғанимларини жисмоний йўқ қилишга киришади, ўйлайдиган коммунистларни итоаткорларга алмаштириб, фикрловчи Ленин партияси ўрнига ижрочи Сталин партиясини келтиради. У ўз қотиллик усулини «тозалаш» деб ҳам атарди. Юқорини тозалаш билан қаноатланмас, омма орасидаги ақлли одамларни ҳам йўқ қиларди. Сталин ўзининг мавжуд душманларидангина эмас, «потенциал» – келгусида бўлиши мумкин бўлган «душманлар»идан ҳам қўрқарди. Унга ўйловчи халқ керак эмасди.
Биринчи қатағонни Ленин меньшевикларга қарши 1921 йилда ўтказганди. Аммо 1925 йилдан бошлаб Сталин то вафотигача мунтазам «тозалаш»лар ўтказиб турди.
Иккинчи Жаҳон урушига қадар СССРда олти марта расмий «тозалаш» ўтказилган:
1) партиянинг олий ўқув юртлари ва муассасаларидаги ташкилотларини тозалаш – 1925 йил;
2) қишлоқдаги партия ташкилотларини тозалаш – 1926 йил;
3) 1929-1930 йиллардаги катта тозалаш;
4) 1933 йилги катта тозалаш;
5) «партия ҳужжатларини алмаштириш» мавсумидаги катта тозалаш – 1935-1936 йиллар;
6) партия, армия, зиёлилар ва халқни «буюк тозалаш» – 1936-1939 йиллар.
Ҳар бир янги тозалаш комфирқадан кўплаб коммунистларни «ўчириш» билан қўшиб олиб бориларди. «Партиядан ўчиш» айни пайтда қатағон, қамалиш, отилиш демакдир. Кейин фирқага оммавий янги аъзолар қабул қилиш бошланарди. Партия Марказий Қўмитасининг 1928 йил ноябр Пленумида ҳам икки масала кетма-кет қўйилганди: 1) партияга янги аъзолар қабул қилиш; 2) эски аъзоларни тозалаш. Бу Пленум қарорида, жумладан, шундай дейилади:
«1) 1930 йил охиридан кечиктирмай партия таркибининг ярмидан кўпи ишлаб чиқаришдаги ишчилардан иборат бўлишига эришилсин…
5. Ташкилотларни текшириш ва ёт унсурлардан тозалаш янада кескинроқ ва изчилроқ олиб борилиши керак».
Cталин учун сиёсий партияда “сиёсатчилар” эмас, “ишчилар” керак, фикрловчилар эмас, сайловчилар лозим. Шундай қилиб, «тозалаш» янгича – қуллар партиясини тузишнинг доимий усулига айланди. Миллий республикаларда қатағон марказга нисбатан нафратни кучайтирди. Оқибатда Сталин бу нафратни бостириш учун қатағонни зўрайтираверди. Ўлим тегирмони тинимсиз айланаверди. 1929-1930 йиллардаги «тозалаш» Сталин истаган натижага олиб келмади, партия «монолит» ҳам, «интизомли» ҳам бўлмади. Сталиннинг миршаблари бир «оппозиция»ни тугатиб улгурмай, иккинчиси юзага келаверди. Сталин билардики, партияни енгмай туриб, халқни енгиб ва давлатда яккаҳокимликни ўрнатиб бўлмайди. Бошқача айтганда, Сталин давлатидаги ягона сиёсий партияни ҳам советлар, касаба уюшмалари каби сохта, рамзий ташкилотга айлантиришга киришди. «Доҳий» янги кенг кўламли, кескин «тозалаш»га қарор қилади.
Янги «тозалаш» Сиёсий бюронинг қарори билан 1932 йил 10 декабрда белгиланади. Энди «ёт унсурлар» «собиқ оппозиционерлар»гина эмас, қатағон қилиш учун кенг қамровли, исталган кишини айбласа бўладиган мавҳум иборалар топилади: «иродасизлар», «ишониб бўлмайдиганлар»… Фикрловчи, ўйловчи одамларни итоатсизлар сифатида йўқ қилишади. Итоаткорликни сталинчилар «темир пролетариат интизоми» деб аташади. Марказий қўмита Сиёсий бюроси ва МК Раёсатининг 1933 йил 28 апрелдаги қарори билан коммунистларнинг «тозалаш»га маҳкум тоифалари белгилаб чиқилади. «Тозалаш»га пролетарча кўриниш бериш учун «синфий ёт унсурлар» ҳақида ҳам айтиб ўтилади, албатта. Аммо масаланинг асоси янги «кашф этилган» тоифалардадир. Қарорда «тозаланадиганлар», яъни йўқотиладиганлар шундай саналади:
«2) иккиюзламачилар, партияни алдаб кун кўрадиганлар, ҳақиқий ниятларини беркитиб, партияга «садоқат ҳақида сохта қасам ичиш ниқоби билан партия сиёсатини барбод қилувчилар»;
3) партия ва давлат темир интизомининг очиқ ва яширин бузғунчилари, партия ва ҳукумат қарорларини бажармайдиганлар, партия белгилаган қарорларни ва режаларни шубҳа остига олиб, уларнинг «ҳаётий эмаслиги» ва «амалга ошмаслиги» ҳақидаги сўзамоллик билан камситувчилар;
4) буржуа унсурлари билан бириккан юзсизлар, синфий душманлар билан курашишни истамайдиганлар, қулоқ унсурлар, очкўзлар, дангасалар ва жамоат мулкини талон-тарож қилувчилар билан курашмаётганлар».
Бу тоифалардан бирига ёки уларнинг барчасига исталган совет кишисини киритиш қийин эмасди. Бунинг устига, айбсиз эканингни исбот қилишнинг деярли мумкин эмаслиги, ҳаққоний ва эркин судловнинг йўқлигини қўшсак, халқ бошига тушаётган фожеани тўла ҳис қиламиз. Қарор ўта итоаткорликни талаб қилади, «партия ва ҳукумат қарорларини бажармайдиганларни» ушбу кўрсатмага кўра «бузғунчилар» деб атайдилар, ҳукумат ҳаракатларини ҳатто «шубҳа остига олиш» ҳам мумкин эмас. Ахир, шу коммунистларнинг устози К.Маркс: «Ҳамма нарсани шубҳа остига ол», - дея айтган эди. Яъни «устоз» кўр-кўрона иш қилма, билиб қил, текшириб, тарозига солиб кўр, деганди. Коммунистлар устозларини ҳам тан олмайдилар.
Сталин ҳатто Ленинни ҳам Г.Уэлсс ибораси билан «кремллик хаёлпараст» деб устидан кулганди. «Халқ ишончига таяниб бўлмайди, ишонч – омонат нарса, халқ хоҳласа – ишонади, хоҳламаса – йўқ. Қўрқувга таяниш керак, қўрқув халққа эмас, сенга боғлиқ, зулмни камайтирсанг, қўрқув йўқолади…» Макиавеллининг ўқувчиси Сталин шундай фикрларди. 1933 йил қатағонларини бошлаб берган бу қарор халқдан нафақат ўзи «темир интизомли» бўлишни, балким айни пайтда «синфий душманлар» билан ҳам курашишни талаб қилади, лўндароқ айтганда, жосусликка, сотқинликка ундайди.
Энди сиёсий иборалар ёнига «дангасалар», «очкўзлар» каби ижтимоий иборалар ҳам қўшилади, қамалиши ва отилиши керак бўлганлар сафи кенгайтирилади. Энди «болтунлар», яъни сўзамоллар ҳам керак бўлмай қолди. Шу пайтгача жуда кўп амалдорлар Сталинни мақтаб, кўкка кўтариб, мансабга чиққандилар, Сталин ҳам бу «мақтов»ларга халқни ишотиргунча «мақтовчи»ларни кўтариб, индамай келди. Ҳокимиятини мустаҳкамлаб олгач, бу «сўзамоллар»нинг кераги бўлмай қолди. Энди мақтовни тўхтатиб, ишга ўтиш талаб қилинди. Иш эса, шу – қатағон, қирғин, зулм демакдир.
(давоми бор)
Карим Баҳриев
Манба: Azon.uz “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)