
Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳрида жойлашган Lonvi Biosciences стартапи умрни кескин узайтириш, яъни инсонни 120 йилгача яшаш имконига эга қилишни мақсад қилган янги биотехнологик дори устида иш олиб бормоқда, деб ёзди The New York Times.
Компания мутахассисларининг маълум қилишича, препаратнинг асосий моддаси узум уруғидан олинган табиий экстракт ҳисобланади. Бу бирикмалар қариш жараёнида организмда пайдо бўладиган “ескирган” ҳужайраларни йўқ қилиб, соғлом ҳужайраларнинг фаолиятини тиклайди. Ушбу усул нафақат ҳаёт давомийлигини, балки унинг сифати ва фаоллигини ҳам оширишни кўзлайди.
Таъкидланишича, узум уруғи анъанавий хитой тиббиётида ва Ғарб парҳез илмида асрлар давомида ёшликни сақлаш ва қон айланишини яхшилаш хусусияти билан машҳур бўлган. Lonvi Biosciences илмий гуруҳи бу табиий моддани юқори концентрацияли молекулаларга айлантириш усулини топган.
Компания аллақачон клиник синовларнинг дастлабки босқичини ўтказмоқда. Уларнинг айтишича, янги капсулалар соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш ва мунтазам тиббий назорат билан бирлаштирилса, инсон умрини 100–120 йилгача узайтириш эҳтимоли юқори.
Мутахассислар бундай инновация қаришни табиий жараён сифатида қабул қилган дунёқарашни ўзгартириши, биотехнология соҳасида янги даврни бошлаб бериши мумкинлигини таъкидламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!