
Ўзбекистон футбол ассоциацияси миллий терма жамоанинг 2026 йилги Жаҳон чемпионатига тайёргарлигини янада мукаммал даражага чиқариш мақсадида янги ташаббусни амалга оширди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати маълум қилди.
Маълумотларга кўра, жамоа штабига Испаниядан келган тажрибали бош ошпаз ва спорт нутрициологи жалб этилди. Улар футболчиларнинг соғлом овқатланишини назорат қилиш, тикланиш жараёнларини тезлаштириш ҳамда умумий жисмоний ҳолатни барқарор сақлашда муҳим роль ўйнайди.
ЎФАнинг таъкидлашича, мазкур ташаббус миллий жамоа аъзолари учун индивидуал овқатланиш дастурини жорий этиш, энергия балансини сақлаш ва ҳар бир футболчининг организм эҳтиёжларига мос рацион тузишга қаратилган. Бу ўз навбатида ўйинчиларнинг ўйин давомидаги чидамлилигини ва тезкор тикланиш қобилиятини оширишга хизмат қилади.
Маълумот учун, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ноябрь ойида бўлиб ўтадиган FIFA кунлари доирасида Дубайда ташкил этиладиган халқаро ўртоқлик мусобақасида иштирок этади. Мазкур турнирдa Жаҳон чемпионати иштирокчилари — Ўзбекистон, Эрон, Миср ва Кабо-Верде термалари майдонда куч синашади. Барча учрашувлар “Ҳазза бин Зайд” стадионида бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Ўзбекистон миллий терма жамоаси собиқ бош мураббийи, ҳозиргача ёрдамчи мураббий сифатида ишлаб келган Тимур Кападзе ўз лавозимини тарк этгани ҳақида хабар берилган эди.
Янги мутахассислар жалб этилиши жамоанинг спорт формаси ва умумий тайёргарлигини янада кучайтириши кутилмоқда — бу эса 2026 йилги мундиалга йўл олиш мақсадидаги муҳим қадамлардан бири сифатида баҳоланмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!