11:11 / 26.08.2022
1 874

Ежов ўрнига Берия: ёмғирдан қочиб қорга тутилган халқ

Ежов ўрнига Берия: ёмғирдан қочиб қорга тутилган халқ
Ежов халқ орасида оммавий равишда «душман синфлар қолдиқларини бартараф этиш» вазифасини уддалади, аммо Московдаги сиёсий жараёнлар оғир кечди. Йирик давлат арбобларини синдириш, улардан «халқ душмани» ясаш қийин бўлди. Сталин Ежовга яна икки вазифани юклади: биринчидан, «ёндош бухаринчилар маркази»ни ташкил этиб, Сиёсий бюрода Сталиннинг ёнида ўтирувчи Косиор, Чубар, Эйхе, Рудзутак, Постишев, Петровскийларни қамаш ва суд қилиш; иккинчидан, «ёндош ҳарбий марказ» тузиб, маршаллар Егоров, Блюхер ва бошқаларни қамаш, суд қилиш ва йўқотиш (уруш олдидан!). Ежов бу одамларни суд қилишда қийналди.

Хрушчевнинг айтишича, партия Марказқўмнинг XVII cъездида сайланган 139 аъзоси ва номзодидан 98 киши, яъни 70 фоизи кейинги съездгача қамоққа олинган ва отиб ташланган. Уларнинг кўпчилиги 1937-38 йилларда ўлдирилган. Ҳарбий кишилар ёпиқ ҳарбий трибуналларда суд қилиниб, отиб ташланарди (улар немис фашистлари билан урушдан олдин отилганлар, суд ёпиқ бўлгани сабабли, адолат «талаблари»га риоя қилинмаган). Одамлар рўйхатларга кўра отилаверган. «Рўйхатлар олдиндан тайёрлаб қўйиларди. Ежов бу рўйхатларни одатда шахсан Сталинга жўнатар, Сталин таклиф қилинаётган жазони шахсан тасдиқланарди.

1937-1938 йилларда Сталинга 383 та рўйхат берилган, уларда минг-минглаб партия, совет, комсомол, ҳарбий ва хўжалик ходимларининг исми келтирилган. Сталин бу ўлим рўйхатларини шахсан тасдиқларди». Халқнинг жисмонан кучли, ақлан комил қисмининг ўлдирилиши айнан уруш олдидан ўтказилганини назарга олсак, урушнинг бу қадар оғир бўлгани, ғалаба бизга ададсиз қурбонлар эвазига келгани сабабини тушунамиз. Қатағонларнинг даҳшатли оқибатлари, айниқса, Иккинчи Жаҳон урушининг дастлабки давридаги қурбонлар, мағлубиятлар уруш олдидан Сталин минглаб ҳарбийларни қатағон қилганлиги сабабли юз берган эди.

Қатағон йилларида, айниқса, 1934-1939 йилларда нафақат урушда аскар бўладиган халқ, балким ҳарбий кадрлар, рота ва батальонларнинг қўмондонлари, қўшин раҳбарлари қамаб, отиб ташланди. Рокоссовский, Мерецкий, Подлас каби буюк саркардалар уруш бошланганда «халқ душмани», «совет тузумининг душмани» сифатида қамоқларда ўтирган эдилар. Улар турмадан чиқиб урушга кирдилар. Афсуски, юзлаб қўмондонлар ҳарбий саркардалар урушгача қамоқхоналарда ўлдириб юборилди. Армия урушгача бошсизлантирилди. Ҳолбуки, донолар фикрича, «жангда сон билан эмас, сифат билан» енгмоқ мумкин.

Қотил Ежов ҳам отилади, унинг ўрнига НКВД раҳбари бўлиб, Лаврентий Берия келади. Энди у оммавийликка мўлжалланган ошкора, шов-шувли суд жараёнари ўтказмайди, ёпиқ, яккама-якка қийноқларга солади, қоғозбозлик, расмиятчилик ҳам қилиб ўтирмайди, сўров-истовсиз отаверади. Аввал отиб, кейин «ҳукм» чиқарган пайти ҳам бўлган. Сталин ва Берия энди халққа тушунтириб ҳам ўтирмайдилар, номига бўлса-да, ҳуқуқий нормаларга ҳеч ҳам риоя қилиб ўтирмайдилар.

Айниқса, уруш пайтида ва ундан сўнг Берия Сталин раҳбарлигида «юксак малакали» қотилликка қўл уради – энди бутун-бутун халқлар Сибирга ва Туркистонга сургун қилинаверади: чеченлар, ингушлар, қалмиқлар, қорачойлар, болқорлар, қрим татарлари, волгабўйи немислари, месхети турклари, болтиқбўйи халқларининг анчагина қисми ватанларидан қувғин қилиниб, азоб-уқубатларда йўқ қилинади. Энди бу халқлардан «халқ душмани» ясаб ўтирилмайди, тўлалигича «душман халқ» ясалади.

Хрушчев кейинчалик «ҳайрон» бўлган эди: «Во ажаб, азиз ерларидан бутун-бутун халқлар кўчирилди, ҳеч кимга шафқат қилинмади, ҳатто бу халқлар ичидаги коммунист ва комсомолларга ҳам…» Кўряпсизми, Никита Сергеевичнинг шафқати ҳам синфий! Гўё бу халқлар душман бўлиши мумкин, аммо уларнинг ичидаги «комсомол ва коммунистлар» душман эмас… Хрушчев ўз нутқини киноя билан хулосалайди: «Украинлар бундай қисматдан қутулиб қолганларига сабаб шуки, уларнинг сони кўп эди ва бу халқни кўчирса, сиғдирадиган жой йўқ эди». Уруш олдидан Қизил Армиянинг энг етук саркорлари, саркардалари чекистлар томонидан қамоққа олиниб, отиб ташланди.

Чунки Сталин Армиянинг кучайишидан, унинг тепасида кучли одамлар бўлишидан қўрқарди, ўзининг яккаҳокимлигини мустаҳкам сақлаш учун армиянинг энг зўр саркардаларини уруш олдидан отиб ташлаттирди. Бу қўмондонларсиз уруш халққа оғир бўлди. Сиёсий бюро аъзолари ва номзодлари Рудзутак, Оржоникидзе, Косиор, Чубар, Постишев Сталинга армия ва хўжалик ходимларини қамаб, отишни бас қилишни қатъий таклиф этишганда, Сталин Молотов, Каганович, Микоян, Ворошиловга таяниб, қирғинни бадтар авжига чиқаради, қирғинга қарши чиққан раҳбарларни «бухаринчи муросасозлар» сифатида йўқ қилади.

Оржоникидзенинг уйига у қўшимча тўппонча билан чекистларни жўнатади: «Агар Оржоникидзе НКВД маҳбусхонасида «халқ душмани» сифатида ўлишни хоҳламаса, ўз уйида ўлсин». Оржоникидзе чекистлар олдида хотини Зинаида билан видолашади ва ўзини отади. Ташқарида тайёр бўлиб кутиб турган доктор Плетнев Оржоникиззе «юрак хасталигидан вафот этгани» ҳақида ҳужжат тузади. Уч кун ўтгач, Қизил майдонда кўмиш маросими бўлади. Мавзолейда «қайғули» бош эгиб уни ўлдирган сафдошлари Сталин, Молотов, Каганович, Ворошилов, Хрушчев, Микоян, Ежов турадилар, Берия ясама йиғлаб «буюк инқилобчи», «Сталиннинг дўсти ва маслакдоши» Серго Оржоникидзенинг «бевақт ўлими» ҳақида нутқ сўзлайди.

Аниқ маълумотларга кўра, 1936-1939 йиллар давомида учта Совет Иттифоқи Маршали, ўн учта армия қўмондонлари, эллик еттита корпус қўмондони, бир юз ўнта дивизия қўмондони, икки юзу йигирма комбриг отиб ташланган. 1938 йилда қатағон қилинган ва кейинчалик тўла оқланган генерал-лейтенант А.И.Тодорский тўплаган маълумотлар ҳам шунга яқин. Унинг ҳисобига кўра, 1937-1938 йилларда – айни уруш арафасида – мавжуд 5 Совет Итифоқи Маршалидан – 3 таси, 2 та 1-тоифа армия комиссаридан – иккаласи ҳам, 4 та 1-тоифа армия қўмондонидан – 2 таси, 12 та 2-тоифа армия қўмондонидан 12 таси ҳам, 2 та 1 тоифа флот флагманидан – 2 таси ҳам, 15 та 2-тоифа армия комиссаридан – 15 таси ҳам, 67 та корпус командиридан – 60 таси, 28 та корпус комиссаридан – 25 таси, 199 та дивизия қўмондонидан – 136 таси, 397 та комбригдан – 221 таси, 36 та бригада комиссаридан 34 таси қатағон қилинган ва отиб ташланган.

Буларнинг бари олий қўмондонлик таркибидан эди. Хрушчевнинг аниқлашича, Сталин отиб ташлаттирган юқори ҳарбий кадрларнинг сони беш мингга яқин эди.

Ушбу тадқиқотимизни якунлаб, таҳрир қилаётганимизда матбуотда маршал Тухачевский тақдирига доир яна бир қизиқ маълумотга дуч келдик. Биринчидан, маълум бўлишича, маршалл Тухачевский 20-йилларда Олмонияда бўлиб, рейхсвернинг ҳарбий машқларида қатнашган экан. Бу шуни тасдиқлайдики, советлар ва Олмония ўртасида ростдан ҳам ҳарбий ҳамкорлик азалдан бўлган. Иккинчидан, машҳур шўро саркардасининг ўлимида ҳам гестапонинг қўли бор экан.

Гестапо советларнинг ҳарбий кучини қирқишдан манфаатдор эди, шунинг учун Сталиннинг кучли шахсларни қираётганидан, шу жумладан армияни ҳам бошсизлантираётганидан хабардор бўлган немислар ўзларига мақбул бу «иш»да унга ёрдам беришга киришадилар ва маршал Тухачевский устидан маълумот тўплаб, унинг «немис айғоқчиси» экани борасидаги «ҳужжат»ларни 1937 йилнинг февралида Прагага – президент Бенешга узатадилар. Совет ҳарбийларини йўқотиш учун Бенешга Виттиг каби иккиёқлама айғоқчилар, эмигрантлар, Траутсмандорф каби дипломатлар ва шунингдек гестапо қўрбошиси Мюллер орқали бундай «факт»лар етказиларди. Бенеш 1937 йилнинг апрел-май ойларида совет элчиси билан учрашиб, «досье»ларни топширади.

1937 йил 11 майда Қизил Армиянинг улкан раҳбарларидан бўлган, тажрибали Тухачевский четлаштирилади, 22 майда қамоққа олинади. 11 июнда соат 23дан 45 дақиқа ўтганда унинг устидан «немис жосуси» бўлгани учун ўлим ҳукми чиқарилади, бир неча соат ўтар-ўтмас у отиб ташланади. Албатта, немисларнинг ҳужжатларисиз ҳам Сталин бунгача минг-минглаб шахсларни қириб келган ва бунинг учун унга «объектив далиллар» шарт ҳам эмасди. Аммо бу қирғинларда ҳам фашистлар билан ҳамкорлик қилингани Сталиннинг ҳам фашист бўлганига шубҳа қолдирмайди.

Сталин қатағонлари натижасида халқнинг фашистларга қарши туриши мумкин бўлган жисмонан кучли, ақлан комил қисми миллионлаб қамалди, отилди, ўлдирилди. Шунинг оқибатида урушга асосан ўсмирлар ва кексалар чақирилди. Армия қўмондонлари ҳам уруш арафасида асосан отиб ташланди. Натижада урушнинг бошидаёқ кўплаб қурбонлар, асирлар берилди.

Ғалаба эса, урушнинг стратегик жиҳатдан уқувсиз олиб борилгани, Сталин қатағони натижасида халқ заифлашгани, тоталитар давлат шахсни йиллар давомида эзиб келгани туфайли элга ва жаҳонга қимматга тушди.

(давоми бор)
Карим Баҳриев

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ежов ўрнига Берия: ёмғирдан қочиб қорга тутилган халқ