14:06 / 05.09.2022
1 654

Улкан салтанат орзусида

Улкан салтанат орзусида
Ўша пайтларда аббосийлар халифалиги бир неча майда давлатларга парчаланиб кетган, Мисрни бошқараётган фотимийлар Бағдоддаги халифага бўйсунмасди. Салибчилар Ўрта ер денгизининг Кичик Осиёдан Синай ярим оролигача бўлган соҳилларини эгаллаб олишганди. Нуриддин Занжий эса Шом ва Бобилни назорат қиларди.

Имодиддин Занжийнинг вафотидан сўнг, 1146 йили Айюб Дамашққа кўчиб ўтди. Бу ерда унинг таъ- сири кучайиб кетди ва шунинг натижасида 1154 йили ўғли Нуриддин ҳокимият тепасига келди. У Айюбни мусулмон маданияти ва исломий илмларнинг машҳур маркази бўлган Дамашқ волийи этиб тайинлади. Салоҳиддин бу ерда чуқур таълим олди, унинг катта олим бўлиб етишиши кутилаётган эди. Аммо улғайгач, Аллоҳнинг иродасига кўра ҳарбий соҳага кўнгил қўйди. У Нуриддин ўрдусидаги энг яхши аскарлардан эди.

1164 йили амакиси Ширкуҳ Мисрга юборилганида ёш зобит Салоҳиддин унга ҳамроҳлик қилди. Шир- куҳ ва Салоҳиддиннинг ҳарбий ва сиёсий ҳаракатлари натижасида салибчиларнинг қўшинлари ва уларнинг иттифоқчилари Миср кетишга мажбур бўлишди. Ширкуҳ фотимий халифа саройида вазирликка тайинланди, айни пайтда у Нуриддинга ҳам содиқлигича қолди: қўлга киритилган ерларда унинг номидан ҳукмдорлик қилар эди.

Ҳижрий 564 (милодий 1169) йили Айюбнинг акаси Асадиддин Ширкуҳ фотимийлар сулоласининг охирги халифасини тахтдан тушириб, Мисрдаги ҳокимиятни тўла қўлга киритди. Ширкуҳ орадан кўп ўтмай вафот этгач, қўшинлар унинг жияни Салоҳиддинни ворис сифатида тан олишди. Дамашқнинг ўша вақтдаги амири Нуриддин Мисрда ҳокимиятни шиа эътиқодидаги Адидга топширди. Бироқ кутилмаганда, Адид бу рутбадан Салоҳиддин фойдасига воз кечди.

Шиа мазҳабидаги халифа Адиднинг нега сунний Салоҳиддинни ҳукмдорликка танлагани ҳанузгача мавҳум қолиб келяпти. Ибн Асирнинг таъкидлашича, ўз маслаҳатчиларининг “Салоҳиддиндан бошқа бўшроқ ва ёшроқ киши йўқлиги” ва “амирлардан бирортаси унга хизмат қилмаслиги” ҳақидаги ҳикояларидан сўнг халифа айнан уни танлаган бўлиши мумкин. Шу боис бир неча музокаралардан сўнг амирларнинг кўпчлиги Салоҳиддинга овоз берди. Адиднинг маслаҳатчилари шу йўл билан занжийлар сафини пароканда қилиб юборишни режалаштирган эди.

Аммо Ваҳронийнинг ёзишича, Салоҳиддин номзоди оиласининг обрў-эътибори, уларнинг олижаноблиги ва ҳарбий шавкати сабабли танланган эди. Имодиддин таъкидлайдики, Ширкуҳнинг таъзиясидан кейин “фикрлар иккига бўлиниб қолди: занжий халифалар тахтга Салоҳиддинни ўтқазиш, халифа Адидни “вазирликка тушириш” таклифини қўллашди”. Вазият икки мусулмон раҳнамонинг рақобати туфайли хийла мушкуллашган эса-да, Шом ҳукмдорларининг асосий қисми Салоҳиддиннинг Миср юришларидаги зафарларини, бунда унинг катта ҳарбий тажриба орттирганини қўллаб-қувватлашарди.

Баъзи тахминларга кўра, Адиднинг бу қарорга кели- шига унинг Салоҳиддинни заиф ва ўзига ишончи бўлмаган саркарда сифатида билгани сабаб бўлган. Адид бу орқали кейинчалик ёш ва тажрибасиз Салоҳиддин устидан ҳукмронлик қилишни, аста-секин унинг қўл остидаги жангчиларни ўзига бўйсундириб олишни кўзлаган бўлиши мумкин. Дарвоқе, Салоҳиддин охирги фотимий халифа Адидга олижаноблик билан муносабатда бўлиб, вафотигача – икки йил мобайнида унга кўп марҳаматлар кўрсатиб турди.

Милодий 1171 йили Адид вафот этгач, Салоҳиддин Мисрда тўлиқ ҳокимиятни қўлга киритиб, юртда аҳли сунна эътиқодини бирламчи ўринга кўтарди. Гарчи ҳокимият тўлиғича султоннинг қўлида бўлса-да, у расман Нуриддиннинг минтақадаги волийси бўлиб қолмоқда эди. Шундай бўлишига қарамай, Салоҳиддин Қуддус шаҳар қўрғонига ҳужум қилишга қарор қилди. Бундан хабар топган Нуриддин ўз норозилигини билдиради. Салоҳиддин эса ўз қўшинини ортга қайтаришга мажбур бўлади. Шом амири кейинчалик ўтган иш учун узр сўраган бўлса-да, икки саркарда ўртасидаги муносабатга путур етиб бўлганди.

1173 йили Салоҳиддиннинг отаси вафот этгач, Нуриддин Миср томон ҳарбий юришни бошлайди. Миср қўмондони эса зудлик билан Қоҳирада аскар тўплайди. Бироқ, Мисрга яқинлашиб қолган амир Нуриддиннинг йўлда вафот этиши Салоҳиддинга тўлиқ мустақилликни олиб келади. Энди унинг олдида икки йўл: Шомга юриш қилиб, Сурия ва унинг атрофидаги ерларни бўйсундириш ёки салибчилар қўл остида қолган Қуддусга отланиб, уни душмандан халос қилиш вазифаси турарди.

Нуриддин Занжий вафоти олдидан Дамашқни ўғли Солиҳ Исмоилга топширди. Ҳалаб қалъаси Шамсуддин Али ибн Дайа ва Шодбахт Али ибн Дайа томонидан босиб олинди. Солиҳ Дамашқдан чиқиб, Ҳалабга қараб юрди ва муҳаррам ойининг 2-куни (1174 йил 3 августда) шаҳар деворлари остига етиб келди. Уни амир Саъдуддин Гумуштекин кузатиб келганди. Ҳалаб амири Бадриддин Солиҳни қаршилаш учун ташқарига чиқди ва Саъдуддинни қўлга туширди. Солиҳ эса қалъага бости- риб кириб, Шамсуддин ибн Дайа ва унинг акаси Ҳасанни ҳибсга олиб, Шодбахт билан учовини қамоққа ташлади. Ўша куни Ибн Хашаб Абул Фазл Ҳалабни қамраган тартибсизликлар чоғида ҳалок бўлди. Айтишларича, Дайанинг икки ўғлининг қамоққа олиниши олдидан ўлдирилган экан. Тахминларга кўра, ана шу икки ўғил Ибн Хашабнинг қотили.

Султон Нуриддиннинг ўлимига ишонч ҳосил қилганидан кейин ҳамда ёш амир Солиҳнинг давлат ишлари ва муаммолари билан шуғулланишга ярамаслиги, мамлакатдан Аллоҳнинг душманларини қувиб чиқаришга умуман яроқсизлигини тушуниб етганидан сўнг, Салоҳиддин бутун мусулмонларнинг юраги бўлган Шом сари юришга тайёргарлик кўра бошлади. У катта бир қўшин билан Шомга отланди. Аммо мамлакатини ҳимоя қилиш, унда тартиб ва ҳокимият обрўсини сақлаш мақсадида Мисрда ҳам етарли лашкар қолдирган эди. Султон билан бирга жуда кўп қариндошлари ва хизматкорлари ҳам йўлга чиққанди.

Салоҳиддин ёш амир Солиҳга тарафдор бўлган, тарқоқ ҳолдаликлари учун аниқ режа туза олмаган Шом амирлари ва аҳолисига номалар юборди. Дамашқда адолат издан чиққан, одамлар ҳатто қўшнисига ҳам ишонмас, айримлар ўртоқлари томонидан ҳибсга олинган эди. Бу ҳолат бошқаларнинг кўнглига қўрқув-хавотир солган, одамлар қалбини ёш амирдан совутиб юборган эди. Ҳолатнинг бундай тус олиши Солиҳнинг валийси бўлган Шамсуддин ибн Муқаддамни шиддат билан келаётган Султонга мактуб йўллаб, Солиҳни ўзига беришларини талаб қилди. Бу орқали у амир тарбияси билан шуғулланиш, мамлакатни бошқариш, тартиб ўрнатиш билан шахсан ўзи шуғулланишини маълум қилганди.

Салоҳиддин Дамашққа юриш қилиб, собиқ амирнинг ворислари ўртасида кечаётган низога чек қўйиши ва осонлик билан ҳокимиятни ўз қўлига олиши мумкин эди. Бироқ унинг тақвоси, Ислом тарихидан ўқиб билганлари сабаб мусулмонлар устига юриш қилишга ҳаё қилди. Саркарда шуни ҳам билардики, агар у Дамашққа юриш қилса, ҳақиқий душманлари бўлган салибчилар нигоҳида шарафсизга айланарди. Шунда у Нуриддиннинг меросхўри бўлган ўн бир ёшли Солиҳ ибн Нуриддинга мактуб йўллайди. Номада Салоҳиддин ёш амирнинг “қиличи” бўлишга ваъда бериб, унга ўз ҳимоясини таклиф этади.

Айни вақтда Ҳалаб шаҳрига душманларнинг ҳужуми юз беради. Бу вақтда Солиҳ ибн Нуриддин Ҳалабда бўлиб турганди. Салоҳиддин зудлик билан ўзининг энг ишонган, хос 700 нафар отлиқ жангчисини Ҳалабнинг асосий қисмига бошлаб борди ва ғалабага эришди. У шаҳарни душманлардан озод қилгач, аввал Нуриддиннинг қўл остида бўлган Ҳомс аҳли ҳам Салоҳиддинга содиқлик изҳор қилади. Унинг бу муваффақиятларига қўшинидаги мамлуклардан ташкил топган отлиқ-камончи қисмнинг ҳиссаси катта эди. Шомда аста-секинлик билан Салоҳиддиннинг нуфузи орта бошлади. 1176 йил Дамашқдан Қоҳирага қайтар экан, буюк саркарда ўз қўл остида минтақадаги мусулмон султон, амир ва бошқа катта-кичик қўмондонларни жамлаб бўлганди. Эндиликда у мавқеи ва нуфузи борасида Қуддус қироллиги билан тенг ҳолатга етиб келганди.

Шу тариқа Салоҳиддин мусулмонларни салибчиларга қарши бирлаштира олди. Шом узра ҳокимиятини ўрнатгач, у фақатгина Қуддусни ислом душманларидан озод қилиш ҳақида фикр юрита бошлади. Бу борадаги ҳаракатларнинг тезлашиб кетишига қачонлардир Салоҳиддиннинг ўзи асирликдан озод этиб, қўйиб юборган Арнаут шаҳзодаси Рено де Шатилийоннинг қилмиши сабаб бўлди.

Салоҳиддин ҳокимиятни ўз қўлига олгач, ўзини қатъиятли саркарда сифатида кўрсата олди. Илк кунларданоқ салибчиларга қарши юриш бошлади ва мусулмон кемалари учун хавф бўлиб турган Эйлат қалъасини қўлга киритди. Катта ҳокимиятни эгаллаб олган Салоҳиддин Нуриддин Занжий ҳокимиятидан тамоман мустақил бўлишга ҳаракат қилди. Танобини тортиб қўйиш учун Нуриддин унга қарши юришга тайёргарлик кўра бошлади, аммо 1174 йили туйқусдан вафот этди.

Шундан кейин Шом фатҳлари бошланиб кетди. Салоҳиддин раҳбарлигидаги яхши таълим олган мунтазам ўрду Сурияга кириб борди. Нуриддин ворисликка тайинлаган ёш ва иқтидорсиз волий вазифасидан четлатилиб, Салоҳиддин султонлик рутбасини олди.

1174 йили бўлган тўнтаришдан сўнг Салоҳиддин айюбийлар сулоласини тузди. Энг муҳим мансабларга у қариндошлари ёки яқин дўстларини тайинлади. У ўрдусини кучайтириб, кемалар флотини ҳам анча яхшилади. Мунтазам ўрду таркибига отлиқ камончилар ва найзакашлар киртилдики, бу кейинчалик катта зафарларни қўлга киритишда муҳим омил бўлди.

Сўнгги ўн йилликлар султон салтанатига ён-атрофдаги ҳудудларни қўшиб олиш учун кураш билан ўтди. 1174 йили Ҳимс, Ҳом ва Дамашқ қўлга киритилди, орадан бир йил ўтиб Баалбек ва Ҳалаб султонликка қўшиб олинди. Яна бир йилдан сўнг Мусуллик Сайфиддин мусуллик қўшинлари Холма ёнида тор-мор қилиниб, суриялик ассасинлар билан сулҳ шартномаси тузилди. 1182 йилдан бошлаб уч сана мобайнида Мусул қамали бўлди. Бунинг натижасида Мусул отабеки Изиддин Салоҳиддиннинг ҳукмдорлигини тан олиб, унга содиқлик қасамёдини қилди.

Салоҳиддин ўн икки йил ичида Миср, Шом ва унча катта бўлмаган бир қатор Бобил давлатларини бирлаштирган бутун бир салтанатни тузди. Энди Салоҳиддин олдида яна бир муҳим вазифа: салибчиларни Фаластиндан ҳайдаб чиқариш қолган эди.

Ҳижрий 583 (милодий 1187) йили Салоҳиддин йигирма минглик қўшин билан Фаластинга қараб юриш бошлади. Шу йили ёзда бўлган Хиттин яқинидаги жангда Салоҳиддин қуддуслик ва триполилик насронийлар устидан ғалаба қозониб, Ислом шавкатини дунёга намойиш этди. Бунинг натижасида у Фаластиннинг каттагина қисмини, Акра ва Асқалон шаҳарларини эгаллаб олди ва 1187 йилнинг 2 октябрида Қуддусни қўлга киритди. У Қуддусда салкам тўқсон йилдан буён яшаб келаётган насронийларни шаҳардан қувиб чиқарди ва мусулмонлар ҳукмронлигини ўрнатди. Бироқ саркарданинг Тир шаҳрини қўлга кирита олмагани унинг энг катта стратегик хатоси эди. Тир насро- нийларнинг қудратли таянчи эди ва улар бу ерда Оврупадан янги кучларнинг ёрдамга келишини кутишарди.

1189 йилнинг июнида салибчилар Акра шаҳрини қамал қилишни бошлади. Кейинчалик Ричард Шер-юрак деб атала бошлаган Англия қироли Ричард Биринчининг қўшинлари келиши билан учинчи салиб юриши бошланиб кетди. Бир ҳафтадан сўнг етиб келган инглиз қўшинлари Акра яқинига етиб келишди ва улар қамалдаги шаҳарга ёрдамга келган Салоҳиддин қўшинларини ҳайдаб юборишди.

Ёзнинг жазирама кунларида шаҳар насронийларга таслим бўлди. Ричарднинг қўшинлари Асқалонга ҳужумни давом эттирди ва Арсуфда катта ғалабани қўлга киритди. Жанг шиддатли, мусулмонларга ўта ноқулай ҳолатда кечди. Унда Ричард қўшинларидан бор-йўғи етти юз кишига талафот берилгани ҳолда Салоҳиддин лашкарлари ўн баравар кўп, етти минг аскаридан ажради.

Кейинги 1191 ва 1192 йилларда Ричард Биринчи Салоҳиддинни таъқиб қилишни давом эттирди, бироқ у очиқ тўқнашувлардан ўзини олиб қочар, ортга чекинаётганида эса усталик билан душманнинг озиқ-овқат захираларини, отларнинг емини йўқ қилар, қудуқлар сувини заҳарлаб кетар эди. Шунда Ричард Қуддусни қамал қилиш ниятидан воз кечди, бу нарса бутун лашкарнинг қирилиб кетишига сабаб бўлиши мумкин эди. Шуни ҳисобга олиб, Ричард 1192 йилнинг 2 сентябрида Салоҳиддин билан уч йил муддатга сулҳ тузишга қарор қилди. Шартномага кўра, Қуддус Салоҳиддиннинг қўл остида қоладиган бўлди. Бу эса саркарданинг ҳеч шубҳасиз улуғ зафари эди. Шундан кейин Ричард Оврупага Салоҳиддин эса Дамашққа қайтишга қарор қилди.

(давоми бор)
Аҳмад Муҳаммад Турсуннинг "Дунёни тебратган етти буюк" китобидан олинди

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг