АҚШда минглаб болалар ота-онасидан айрилмоқда

АҚШда муҳожирларга қарши қатъий чоралар доирасида минглаб оилалар ажралиб қолмоқда. The Guardian хабарига кўра, Доналд Трамп маъмурияти даврида 2025 йилнинг дастлабки етти ойида камида 27 минг нафар боланинг ота-онаси ҳибсга олинган.
Таҳлилларга қараганда, АҚШ Ички хавфсизлик департаменти ҳар ой ўртача 1400 нафар ота-онани депортация қилган. Бу кўрсаткич аввалги йилга нисбатан деярли икки баравар ошган.
Маълум қилинишича, қўлга олинганлар орасида АҚШ фуқароси бўлган болаларнинг ота-оналари ҳам бор. Баъзи ҳолатларда ота-оналар ва фарзандлар турли давлат фуқароси бўлгани сабабли оилаларни бирга сақлаш янада мураккаблашган.
Ҳуқуқ ҳимоячилари бу вазиятни янги “оила ажратиш инқирози” деб баҳоламоқда. Уларнинг фикрича, ҳозирги ҳолат аввалги қатъий миграция сиёсатидан ҳам кенгроқ кўлам касб этган.
Расмийлар эса оилалар атайлаб ажратилмаётганини таъкидлаб, ота-оналарга фарзандлари билан бирга депортация қилиниш имконияти таклиф этилаётганини билдирган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!