date

Ҳантавирус нега ваҳима уйғотмоқда: У “иккинчи COVID”ми?

Ҳантавирус нега ваҳима уйғотмоқда: У “иккинчи COVID”ми?

2026 йил май ойи бошларида MV Hondius круиз лайнерида ҳантавирус тарқалгани ҳақидаги хабарлар жаҳон жамоатчилиги эътиборини тортди. Аргентинадан Кабо Верде томон йўл олган кемада вирус сабаб бир нечта инсон ҳалок бўлгани ижтимоий тармоқларда катта муҳокамаларга сабаб бўлди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, лайнердаги 147 нафар йўловчидан уч киши — 69 ёшли голландиялик эркак, унинг 70 ёшли турмуш ўртоғи ҳамда 69 ёшли британиялик фуқаро вафот этган. Жами саккиз кишида касаллик аниқланган. Кема экипажи ва йўловчилари карантинга олинган.

Айни вақтда кема Tenerife ороли порти томон ҳаракатланмоқда. Маълум қилинишича, соғлом йўловчилар ўз мамлакатларига қайтарилади. Шу билан бирга, вирус ҳақидаги хабарлар тарқалишидан аввал 40 нафарга яқин йўловчи кемани тарк этгани хавотирларни янада кучайтирган. Ҳозирда камида ўнта давлат соғлиқни сақлаш идоралари уларнинг аҳволини назорат қилмоқда.

8 май куни Исроилда ҳам ҳантавирус билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилди. Орадан бир кун ўтиб, яна бир круиз кемасида 110 нафардан ортиқ инсон касаллангани ҳақида хабарлар тарқалди.

Хўш, ҳантавирус ўзи қандай вирус?

Мутахассислар таъкидлашича, ҳантавирусларнинг 20 дан ортиқ тури мавжуд бўлиб, улар асосан оғир респиратор касалликларни келтириб чиқаради. Вируснинг асосий ташувчилари — кемирувчилар. Инсонларга эса касаллик асосан вирусланган ҳайвон ажралмалари орқали юқади.

Ҳантавирус ўпка ва буйрак фаолиятига жиддий зарар етказиши мумкин. Касаллик одатда иситма, бош оғриғи, мушакларда оғриқ, кўнгил айниши ва кучли чарчоқ билан кечади. Мутахассислар вирусга гумон қилинганда дастлабки симптомлардан 72 соат ўтгач қайта таҳлил топширишни тавсия қилмоқда. Айни пайтда вирусга қарши махсус дори мавжуд эмас, беморларга эса қўллаб-қувватловчи муолажалар қўлланади.

MV Hondius лайнерида вафот этган биринчи йўловчи ҳам вирусни кемирувчилар орқали юқтиргани айтилмоқда. Эркак Жанубий Америкада ҳантавирус ташувчи кемирувчилар яшайдиган ҳудудларда саёҳат қилган.

Мутахассислар Лотин Америкасида учрайдиган Андес штамми инсондан инсонга юқиши мумкин бўлган ягона ҳантавирус тури эканини таъкидламоқда. Бироқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бу ҳолат жуда кам учраши ва узоқ мулоқот талаб қилишини билдирган.

ЖССТ ҳантавирус билан боғлиқ вазиятни “иккинчи COVID” сифатида баҳолаш нотўғри эканини ҳам маълум қилди.

“Ҳантавируслар бизга анчадан буён маълум. Биз унинг хусусиятларини яхши тушунамиз. У коронавирус каби тез тарқалмайди”, деди ЖССТнинг эпидемиялар ва пандемияларнинг олдини олиш бўйича директори вазифасини бажарувчи Maria Van Kerkhove.

Шунга қарамай, ижтимоий тармоқларда ваҳима кучаймоқда. Айрим фойдаланувчилар 2012 ва 2022 йилларда Twitter’да ҳантавирус ҳақида қилинган “башоратлар”ни яна тарқатмоқда. Хусусан, 2012 йилда микробиолог Jason Tetro пандемия яратиш учун ҳантавирусни одамдан одамга юқадиган қилиш ҳақидаги гапни эшитганини ёзган пост яна оммалашди.

Бундан ташқари, 2022 йилда @iamasoothsayer номи билан танилган аккаунт ҳам 2026 йилда ҳантавирус пандемияси бошланишини “башорат” қилгани учун муҳокамалар марказига айланди.

Айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эса 2020 йил пандемияси давридаги машҳур трендлар — Dalgona қаҳваси ва TikTok рақсларини эслаб, “янги пандемия” ҳақида ҳазиломуз видеолар жойлаштиришни бошлади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Ҳантавирус нега ваҳима уйғотмоқда: У “иккинчи COVID”ми?