3 173
Россия армияси Украина ҳужумини тўхтата оладими? Агар йўқ бўлса, Путин ядровий зарба бера оладими?

Харкивда «Град»дан зарба берилиши. Yasuyoshi Chiba / AFP / Scanpix / LETA
Сўнгги ҳафталарда фронтдаги вазият тез ўзгармоқда ва Россия томони учун доимий равишда ёмонлашмоқда. Украина кучлари аллақачон катта ҳудудларни ишғолдан озод қилган ва тўхташни режалаштирмаяпти. Бунга жавобан Владимир Путин ва Россия расмийлари ё ядровий зарба бериш кераклигига шама қилмоқда ёки музокаралар ўтказишни таклиф қилмоқда (лекин фақат «Россия таклиф қиладиган шартлар асосида»). «Медуза» ҳарбий экспертлар билан бу вазият нимага олиб келиши мумкинлиги ҳақида суҳбатлашди.
— Россия қандайдир тарзда Украина ҳужумини тўхтата оладими?
Кирилл Михайлов, Conflict Intelligence Team (CIT) тадқиқот гуруҳи аъзоси: Херсон вилоятида россияликларнинг ҳали жиддий жангларда қатнашмаган захиралари ва десантчилари бор. Назарий жиҳатдан, бу захираларнинг жангга юборилиши қарши ҳужумни тўхтатиши мумкин. Аммо агар улар Лиман яқинидаги каби тарқоқ ҳаракат қилса, бу рус қисмлари учун аянчли якунланиши мумкин.
Шимоли-шарқий йўналишда вазият бундан ҳам ёмонроқ, гарчи жанглар Россия таъминот базаларига яқинроқда кечаётган бўлса ҳам. У ерда рус қўшинлари жанглардан силласи қуриган ва захиралар Херсонга кўчирилгандан кейин заифлашиб қолган. Амалдаги кучлардан у ерда 1-танк армияси ва 20-умумқўшин армияси қолган, аммо улар Изюм йўналишидан чекинган пайтда ташкилотчилик ва техника борасида кўп йўқотишларга учраган, шунингдек, Лиман, Купянск яқинидаги қарши ҳужумлардан сўнг жанговар қобилиятининг бир қисмидан айрилган.
Ҳозирда сафарбар қилинганларнинг аксарияти Луҳанск вилоятига ташланмоқда. Улар аллақачон асирга тушишни бошлаб юборган. Демак, у ерда ҳам Россия армияси жиддий муаммоларга дуч келяпти.
Игорь Куртуков, ҳарбий тарихчи: Салоҳият бор, лекин долзарблик ҳам бор. Салоҳияти жиҳатидан Россия, албатта, Украинадан каттароқ. Яъни агар Россия худди Украина каби тўлиқ имкониятларини ишга солиб, урушда қатнашса, унда, албатта, украиналикларга жуда оғир бўлар эди.
Сафарбар қилинганларнинг сон жиҳатдан устунлиги баъзан қурол-яроғлар сонидаги устунлик билан қопланиши мумкин. Масалан, рақибда одам кучи икки баробар кўп бўлса, бу устунликни қурол-яроғлар миқдори тўрт баробар кўплиги билан қоплаш мумкин: квадратик қарамлик. Агар устунлик уч баравар бўлса, бу худди пулемётга қарши найза билан жанг қилишга ўхшайди. Бу оғир вазият.
Агар Россия ҳақиқатан ҳам уч баравар катта куч тўплаб, уларни қуроллантиришга қодир бўлса, украиналикларнинг имконияти кам. Ягона умид – Россиянинг бунга қодир эмаслигида ва бу асоссиз эмас.
Украинларнинг муваффақияти бежиз эмас, улар уруш бошидаёқ сафарбарлик эълон қилди, узоқ вақт давомида қўшинларини тайёрлади ва етарли даражада машқ қилдириб, кучайтиришга муваффақ бўлди. Шу сабабли, улар бундай ҳужумкор ҳаракатларни амалга оширишга эришди.
— Россиядан сафарбар қилинганлар қачон жангга қўшила олади?
Кирилл Михайлов: Биринчи сафарбар қилинганлар аллақачон фронтга етиб борди, ҳатто асирга ҳам тушди. Аммо бундай тайёргарлик билан улар фақат оломон эффектини беради, холос. Улар ҳали ҳеч нарса билан таъминланмаган, жанговар самарадорлиги, юмшоқ қилиб айтганда жуда шубҳали. Шунинг учун, менимча, ҳозир бу Россия томони учун вазиятни яхшилаши даргумон.
Шу билан бирга, Россия армияси сафарбар қилинганларни зудлик билан жангга ташлашга мажбур, акс ҳолда кейинчалик ҳимоя қиладиган ҳудуди қолмайди. Аммо улар қанча кам тайёргарлик кўрган бўлса, шунча кўп йўқотишларга дучор бўлишади. Оқибатда янада кўпроқ одамларни сафарбар қилишга тўғри келади. Бу Россия иқтисодиёти ва сиёсий барқарорлигига янада кучли зарба беради.
Биз [CIT гуруҳи] ишонамизки, россиялик сафарбар қилинганлар яқин кунларда ҳарбий қисмларга қўшилади, агар улар 21 сентябрдан буён камида икки ҳафталик тайёргарликдан ўтган бўлса. Аммо бу оломонни ҳали овқатлантириш ва ташиш керак. Узлуксиз сафарбарлик XX аср бошида инқилобга олиб келганди. Бу Россиядаги умумий сиёсий барқарорликка салбий таъсир қилади.
Украинада эса Россияда йўқ ресурс бор – жанговар тажрибага эга 400 минг аскар. Бу Россия кучлари учун асосий муаммолардан бири.
Игорь Куртуков: Ҳозирча айтиш қийин, чунки бу сафарбарлик тадбири амалда қандай кетаётганини кўришимиз керак: чақирув, тайёргарлик, шаклланиш. Бу янги армия жанг майдонида ўзини қандай кўрсатишини билиш керак. Бу ҳали содир бўлмади. Сафарбарликни муваффақиятли амалга ошириш мумкинлигига етарли даражада катта шубҳа бор.
— Россия ўзининг жанговар қудратини қандай ошириши мумкин? Агар ядро қуролини истисно қиладиган бўлсак.
Кирилл Михайлов: Ҳеч қандай [қўшимча] қурол йўқ. Россия аллақачон мавжуд бўлган барча воситалардан фойдаланмоқда, фарқи шундаки, авиациядан тактика мақсадида фойдаланиш катта йўқотишларга олиб келади, шунинг учун ундан уруш ҳаракатлари ҳудудида тўлиқ фойдаланиб бўлмайди. Украина қўшинлари зенит-ракета тизимлари билан етарлича таъминланган, шунингдек, ҳаво мудофааси воситаларига эга – булар совет давридаги «Стрела» ва «Оса» комплекслари, Британиянинг Stormer, немисларнинг Gepard комплекси. Шу сабабли, Россия авиацияси ҳавога кўтарилганда катта йўқотишларга дуч келмоқда. Стратегик бомбардимончиларда ҳам худди шундай муаммо бор.
Игорь Куртуков: Масалан, қандайдир ёппасига бомбардимон қилиш ҳақида гапирадиган бўлсак, Россияда бунинг учун имконият йўқ. Стратегик авиация эса аллақачон қўлланмоқда, аммо Россияда унинг сони кўп эмас.
— Яъни жанговар қудратни ошириш фақат сафарбар қилинганлар ва ядровий қуроллар ҳисобига бўлиши мумкинми?
Кирилл Михайлов: Ҳа, айнан шундай.
Игорь Куртуков: Россия зарба бериладиган объектлар доирасини ўзгартириши мумкин. Агар ватанпарварликка оид ҳар хил гуруҳларни ўқисангиз, улар Украинани электр энергиясидан маҳрум қилиш, кўприкларни бузиш мумкинлигини муҳокама қилишни яхши кўришади. Аммо бу борада ҳам Украинага берилаётган ракета зарбалари интенсивлиги пасайганини кўриш мумкин, демак қандайдир қийинчиликлар бор.
— Куз фасли ва йўлларнинг аҳволи ёмонлашишини ҳисобга олсак, Украинанинг қарши ҳужуми қанча давом этиши мумкин?
Кирилл Михайлов: Ҳа, бу жиддий муаммо. Ғарбдан келтирилган ускуналарнинг кўп қисми енгил зирҳли ва ғилдиракли. Ёмғир остида дала йўлларида, дала бўйлаб ҳаракатланаётганда машиналар лойга ботади. Аммо мен об-ҳаво башоратига қарадим: Херсон йўналиши бўйича 20 октябргача ёмғир ёғмайди, Сватовода 19 октябргача жиддий ёмғир кутилмайди, шунинг учун украиналикларда ҳужум қилиш учун вақт бор.
Яқин келажакда мен Сватово, Кахова ГЭС ва бошқа объектлар қайтариб олинишини истисно қилмайман. Агар украиналиклар етарли захирага эга бўлса, бунинг имкони бор. Бир вақтнинг ўзида икки йўналишда ҳужум қилиш – жиддий вазифа. Украина захиралари билан боғлиқ вазият қандайлиги номаълум, аммо россияликларда бу борада муаммолар бор. Шунинг учун мен кейинги бир неча ҳафта ичида қарши ҳужумларни кутган бўлардим.
Игорь Куртуков: Замонавий армия одатда ҳар қандай об-ҳавода жанг қила олади. Иккинчи жаҳон урушини эсланг, қиш пайтида кўплаб ҳужумлар амалга оширилди. Агар биз ҳозир уруш кетаётган жойларни инобатга оладиган бўлсак, 1941 йил октябр ойида немислар тахминан Запорижжядан Таганроггача етиб боришганди. Агар 1944 йил баҳорини оладиган бўлсак, жиддий тўсиқлар бўлишига қарамай, совет қўшинлари Ғарбий Украинанинг анча ичига кириб боришганди.
Энг муҳим омил – бу совуқ эмас, балки ёруғ куннинг узунлиги. Етарли даражада ёруғ бўлиши керак. Қишда эса иш вақти анча қисқаради. Об-ҳаво ва совуқни енгиб ўтиш нисбатан осон.
— Украина қарши ҳужумининг асосий стратегик мақсадлари нимадан иборат?
Кирилл Михайлов: Биз кўраётган операциялардан келиб чиқадиган бўлсак, мақсад – Днепрнинг ўнг қирғоғини, жумладан Херсон шаҳрини ҳам озод қилиш. Шимоли-шарқда – 24 февралдан кейин ишғол қилинган Луҳанск вилоятининг [бир қисмини] озод қилиш: Сватово, Старобелск, Счастье, Луҳанская қишлоғи ва Северодонецк, Лисичанск. 24 февралгача мавжуд бўлган чегараларга чиқиб олиш.
Агар биз тезкор мақсадлар ҳақида гапирадиган бўлсак (яъни стратегик мақсадлардан пастроқ даражада), бу Сватово ва Креминна шаҳрини эгаллаш, оператив кенгликка чиқиш ва Старобелск, Рубижне ва Северодонетск, Лисичанск томон юриш.
Херсон йўналишидаги тезкор мақсадлар – Ингулец дарёсининг чап қирғоғига чиқиб олиш, бу Днепрнинг ўнг ирмоғи. Ёки Кахова ГЭС – Херсон автомагистралини зарба бериш имконияти даражасида назоратга олиш. Бу, ўз навбатида, Херсонга автомобиллар орқали юк етказиш имкониятини хавф остида қолдиради ва логистикани анча ишончсиз бўлган паромларга юклайди. Шунингдек, Украина қуролли кучлари учун шимолдан Херсонга яқинлашиб олиш ва паром орқали кечиб ўтиш жойларини ўққа тутиш имкониятига эга бўлиш ҳам муҳим аҳамият касб этган бўлар эди.
Игорь Куртуков: Менимча, моҳият аҳоли яшаш манзиллари ва шаҳарларни озод қилишда эмас, гарчи Херсон Украина армияси учун муҳим мақсад бўлса-да. Бу жуда муҳим сиёсий объект. Аммо уруш нуқтайи назаридан, унчалик муҳим бўлмаслиги мумкин.
Менимча, Украина ҳужумининг энг фойдали йўналиши – Мелитопол орқали Қрим бўйинига чиқиш. Бу Россия армияси тизимларини тезда йўққа чиқарар эди, лекин, албатта, Россия ҳам у ерда етарли захираларини сақламоқда.
— Украина Қримга қўшин киритиш билан таҳдид қилиши мумкинми?
Кирилл Михайлов: Бу Ғарбнинг қўллаб-қувватлашига боғлиқ. Янги таъминот керак бўлади. Агар Украина армияси озчиликда қолса ҳам, Россия армиясига қаршилик кўрсатиши ва ҳатто олдинга силжишда давом этиши учун кўпроқ зирҳли техника, артиллерия, энг оддий нарсалар керак. НАТО таъминотни ошириши керак.
Игорь Куртуков: Қримга бостириб кириш – алоҳида жараён. У ерга қуруқлик орқали бостириб кириш жуда қийин: тор бўйин бор. Менимча, украиналиклар ҳаводан ҳужум қилишга қодир эмас. Уларнинг тайинли флоти ҳам йўқ. Украинанинг Қримга бостириб киришига шубҳа билан қарайман. Энг ёмон вазиятда ҳам, Россия Қримга кириш йўлини ушлаб туриш учун етарли қўшинга эга.
— Ҳозир Россиянинг тактик ядро қуролидан фойдаланиш эҳтимоли қандай?
Кирилл Михайлов: Бу сценарийнинг эҳтимоли жуда паст. Биринчи ўринда ундан фойдаланиш таҳдиди туради. Путин охирги нутқида ядровий қурол билан таҳдид қилган эди, бу ҳақда деярли аниқ гапирди. Агар шундай баланд овоз билан таҳдид қилсангиз, демак ундан фойдаланишга тайёр эмассиз.
Агар Путин ядро қуролига тўлиқ таянганида, муаммонинг одатдаги ечими сифатида сафарбарликдан фойдаланмаган бўларди. Аммо хавф-хатарларга қарамай, у буни амалга оширди.
Агар биз тактик ядро қуроллари ҳақида гапирадиган бўлсак, улар вазиятни сезиларли даражада ўзгартира олмайди. Уни ўзгартириш ва Россия томонидан расман қўшиб олинган ҳудудларни босиб олиш учун биринчи ҳужум тўлқинида юзлаб ядровий зарядлар талаб қилинади. Ҳатто фронтдаги қисмлар учун ҳам ўнлаб ядровий зарба беришга тўғри келади. Вазиятни бутунлай ўзгартириш учун битта ядровий зарба етарли эмас.
Бундан ташқари, рус қўшинларига ядровий зарбалардан кейин қандай ҳужум қилишни ўргатадиган машқлар ўтказилмаган. Улар ўқ ўтказмайдиган зирҳли жилет танқисилигига дуч келган пайтда, армия радиобиологик ҳимоя кийими билан қандай таъминлаши – катта муаммо.
Игорь Куртуков: Тактик ядро қуролидан фойдаланиш катта аҳмоқлик бўларди. Бу, аслида, урушда ғалаба қозониш учун ҳеч қандай кафолат бермайди, фақат тезкорлик жиҳатидан самарали. Ядро қуроллари ҳозир давом этаётган баъзи жангларда ғалаба қозонишга ёрдам беради. Аммо агар армиянинг ғалаба қозониши ҳақида гапирадиган бўлсак, унда бу таъсир салбий бўлиши мумкин. Чунки уруш ҳозир сиёсат билан жуда боғланган.
Украинанинг қаршилик кўрсатиши халқаро миқёсда асосан биринчи дунё орасида қўллаб-қувватланиши билан белгиланади, лекин учинчи дунё орасида эмас. Иккинчи дунё эса энди йўқ. Ядро зарбалари бу мувозанатни сезиларли даражада ўзгартиради. Ҳозирда Россия билан озми-кўпми ҳамкорлик қилаётган кўплаб давлатлар бор. Аммо бундай воқеа содир бўлса, улар ўзини олиб қочишга ҳаракат қилиши мумкин. Чунки ядро қуролидан фойдаланиш халқаро сиёсатда жуда қаттиқ қораланди.
— Ғарб давлатлари Россиянинг ядровий зарбаларига қандай жавоб бериши мумкин?
Кирилл Михайлов: Кўпчилик НАТО юқори аниқликдаги қуроллар билан жавоб қайтаришини айтмоқда. НАТО бундай қуроллардан ҳалокатли зарба бериши мумкин ва бу Россия ядро қуролидан ҳам кўпроқ зарар етказишга қодир. Бундай зарбалардан кейин Россия учун жанг майдонида ғалаба қозониш имконсиз бўлади.
Бу энг мантиқий сценарий. Ғарбнинг собиқ ва амалдаги расмийлари, экспертлари бунга шама қилмоқда. Зарбалар Россиядаги ядровий қурол ташувчилари жойлаштирилган масканларга ҳам берилиши мумкин, масалан, Белгородга. Бу энг адекват жавоб.
Игорь Куртуков: Америкаликлар ва бир қатор НАТО давлатлари ядро қуролидан фойдаланишга ўтиш НАТО давлатлари томонидан эскалацияга олиб келиши мумкинлигини айтишмоқда. Яъни уларнинг барчаси бунга жавобан ядро қуролидан зарба берилмаслигини таъкидламоқда. Аммо қандайдир муносиб жавоб бўлиши мумкин, бу эса тўғридан тўғри тўқнашувга олиб келади. Масалан, Россия қуролли кучларига қарши ракета ва ҳаво ҳужумларидан зарба берилиши мумкин. Аммо ҳар қандай эскалация бизни кенг кўламли ядро уруши ёқасига яқинлаштиради.
— Россия «махсус ҳарбий операцияси» расмий мақомининг ўзгариши, ҳозир бу ҳақда миш-мишлар пайдо бўлган, ҳарбий ҳаракатлар кўламини ошириши мумкинми?
Кирилл Михайлов: Бу мудофаа корхоналари қувватини ошириши мумкин. Ядро қуролини истисно қилган ҳолда, ҳозир амалга ошириш мумкин бўлган ягона нарса – бу оммавий уруш бошланаётганини эълон қилиш. Бу тўлиқ сафарбарликни, бутун иқтисодиётни ҳарбий асосга ўтказилишини назарда тутади, ҳамма нарса 24/7 режимида ишлайди. Умумий ҳарбий тайёргарлик бошланади.
Бу ҳарбий ҳаракатларни кучайтиришнинг ягона йўли. Аммо бунинг учун ресурслар ва совет давридагидек репрессив аппарат керак. Ҳозир эса Путиннинг репрессив аппарати мақсадли нишонларга қаратилган ва оммавий ватанпарварлик, кўтаринкилик йўқ. Шунга кўра, мен совет иттифоқи томонидан олиб борилган оммавий урушнинг ҳозирги вақтда имкони борлигига шубҳа қиламан.
Игорь Куртуков: Менимча, Россия ҳозир ўзида мавжуд барча имкониятларни ишга солмоқда. Ушбу операция расмий таснифининг ўзгариши бу маънода ҳеч нарсани ўзгартира олмайди.
— Уруш яна қанча вақт давом этиши мумкин?
Кирилл Михайлов: Бу уруш олдиндан умуман айтиб бўлмайдиган йўналишда ривожланиши мумкин. Мен узоқ муддатли башорат қилмайман, лекин уруш узоқ вақт давом этади. Томонлар бир-бирига мутлақо қарама-қарши мақсадларга эга бўлгани сабабли, яқин келажакда бирининг силласи қуриб, ён беришга мажбур бўлмагунча, ҳеч қандай тинчлик ташаббуслари фойда бермайди.
Игорь Куртуков: Иккита позиция бор: Россияники ва Украинаники. Ҳозир бу позициялар бир-биридан анча узоқда. Агар тақдир тақозоси билан Россия «биз Украина шартларига розимиз» деса, Украина музокараларга боради. Агар эртага Путин: «Барча қўшинларимни олиб чиқаман, урушни тўхтатаман, тинчлик ҳақида гаплашамиз», деса, Зеленский: «Яхши, ортиқча қон тўкишни бас қилайлик», деб айтиши мумкин.
Аммо агар Путин: «Хўш, келинг, Украинанинг тўртта вилоятини сақлаб қолиш шартлари билан тинчлик ҳақида гапирайлик, чунки биз уларни аллақачон Россия таркибига киритганмиз», деса, украиналиклар бунга рози бўлмайди. Бошқа томондан, Путин бу аннексияни амалга ошириб, кўприкларни ёқиб юборди. Унда ортга қайтиш учун йўл йўқ, энди ўз ташаббуси билан урушдан чиқа олмайди. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар