10:25 / 04.12.2022
2 716

«Махфий ҳужжатлар» туркумидан: «Қор одам»га узилган ўқ

«Махфий ҳужжатлар» туркумидан: «Қор одам»га узилган ўқ

Кеча ва бугун
«Қор одам» ўзи борми-йўқми? У билан боғлиқ гап-сўзлар, тахминлар-у, далилларга боғлиқ мавзу неча йилларки, тинмайди. Айниқса, 1968 йилги воқеа эътиборга молик. АҚШ бўйлаб кўчма кўргазма гастролга чиққан, одамларни қизиқтирган экспонатлар орасида муз тўлдирилган совуткич-қути ҳам бор эди. Бу катта идишда улкан тукли танани илғаш мумкин бўлиб, уни гоҳ одамга ўхшаш мавжудот, гоҳ неандерталь, гоҳ йети деб аташарди. Мазкур экспонат пул эвазига намойиш этиларди.

Бу ҳақдаги гаплар оғиздан-оғизга ўтди, ён-атрофга тарқалди. Ишонмаганлар келиб, қайта-қайта кўришди. Ғаройиб экспонат билан олимлар, сўнг ФҚБдагилар қизиқиб қолишди. Эҳтимол, «қор-одам» мурдасини махсус текширишдан ўтказишарди ҳам, аммо у тўсатдан ғойиб бўлди. Ваҳоланки, жасад кичик доирада бўлса-да, кузатувдан ўтган эди. Шу тарзда, бир неча ўн йиллар мобайнида экспонат тақдири ҳақида ҳеч нима маълум бўлмай қолди. Камдан-кам киши ишониб, тилга оладиган афсона-чўпчаклар юрарди, холос.

Ниҳоят, Техас штати Остин шаҳридаги ажойиботлар музейи хўжайини Стив Басти музлатилган йетини топганини эълон қилди. Бастининг айтишича, ушбу жасадни экспонат эгаси – Миннесота штатида яшаб келган истеъфодаги ҳарбий учувчи Фрэнк Хансен яшириб қўйган экан. Хансен узоқ йиллар мобайнида бу ҳақда билдирмай келган. У яқинда вафот этган. Шундан сўнг Хансенлар оиласи «қор-одам»нинг жасадини сотишга қарор қилган.

Стив Басти йетини ўзининг музейида намойиш этмоқчи эди. Аммо ботина олмади, ҳали-ҳануз бу ишга киришгани йўқ.

Юқорида тилга олганимиздек, Хансен 1969 йили музлатилган Йетини олимларга кўрсатган. Танани бельгиялик зоология мутахассиси Бернар Эйвельманс ва америкалик мутахассис Айвен Сандерсон синчковлик билан кўздан кечиришди.

Ана шундан сўнг ҳаяжонга тушган Эйвельманс тарихда илк бор неандерталга ўхшаш одамнинг айнимаган жасади топилганини таъкидлади. Олим уни «гомо понгоидес» деб номлашни таклиф қилди. Эйвельманс «Бельгия табиий фанлар қироллик институти ахборотномаси»да «қор одам» тадқиқотчиси, рус олими Борис Поршневни тилга олади. Поршнев «йети – бугунги кунгача яшаб келган неандерталь одам» деган тахминни илгари сурган эди. Олим ўшанда, 1969 йили «Муз бўлагидаги топилма» номли мақола ёзган. Унда шундай дейилади:

«Жаноб Хансен ярим йил мобайнида АҚШ ярмаркалари бўйлаб махсус фургонда шиша қопқоғи бўлган махсус чироқлар ва совитиш қурилмасига эга металл тобутни олиб юрган. Унда «тарихдан илгариги одам»нинг жасади бор эди. Мазкур экспонатга на илмий муассасалар, на маъмурий идоралар эътибор қаратарди. Фақат яқиндагина америкалик олим Айвен Сандерсон ва унинг бельгиялик меҳмони Бернар Эйвельманс бу ҳақда эшитиб қолишди. Экспонат эгаси билан гаплашишди. Хансен ўзининг ғаройиб топилмасини икки кун давомида кўриш ва суратга олишларига рози бўлди. Бироқ жасадни ўрганиш, махсус тадқиқот учун бериб юбориш ҳамда уни қаердан олганини аниқ айтишдан бош тортди.

Сандерсон ва Эйвельманс нимани кўришган? Эйвельманс ўз хулосасини шошилинч равишда ахборотномада эълон қилди. Менинг қўлимда машинкада терилган муфассал ҳисобот ва унга илова қилинган бир нечта фотосурат мавжуд. Уларда бўй-басти 180 см бўлган, чалқанча ётган, юзи, кафти ва оёғининг тагидан бошқа ҳамма жойи тук билан қопланган эркак акс этганди. Мавжудотнинг боши орқага, музга ташлаб қўйилгани боис, пешанаси кўринмасди...

«Муз даври одами» борасидаги тахмин шу заҳотиёқ ғойиб бўлди: бу тукдор мавжудотнинг ўнг кўзига ўқ узиб ўлдирилган эди. Иккинчи ўқ эса унинг кўтарилган қўлига теккан. Боши атрофлари қон.

Мутахассислар гуруҳи айтишича, мазкур организм музда сақланаётганига бир неча йил бўлган. Анатомик таҳлил ғаройиб мавжудотнинг тана қисмлари қазиб олинган неандерталга нисбатан оддий замонавий одамларникига яқинлигини кўрсатди. Бироқ баъзи жиҳатлар неандерталларга яққол равишда жуда мос келади. Орқага ташланган бош калта бўйиндан далолат бермоқда, демак, мавжудотнинг боши елкасига ёпишиб турган. У думалоқ иякка, калта ва катта тешиклардан иборат қанқайган бурунга эга бўлиб, оғзининг тўғри ва узун кесими деярли лабсиз эди. Танаси ва қўл-оёқлари ўзига хос равишда ажралиб турарди.

Кўкрак қафаси одамникига нисбатан анча қавариқ ва улкан бўлиб, тўғридан-тўғри пастга энган, овалсимон тарзда қорин орқали белга уланиб кетган. Қўллар одамникига нисбатан тиззадан тушиб турадиган даражада узун. Оёқлар, аксинча, бирмунча калта. Панжалар улкан, энли ва оддий одамникига қараганда калта, бош бармоқ эса узунроқ. Оёқ сатҳи анча тарвақайлаган. Бармоқлар ҳозирги одамларникидан фарқ қилиб, оёқ сатҳи ўқига нисбатан қийшиқ бўлмай, қазиб олинган неандерталларники каби текис жойлашган... Сочнинг умумий ҳолати одамларда учрайдиган юқори даражадаги сертуклик касаллигига умуман ўхшамайди...
»

Тоғдаги учрашув
«Қор-одам»ни муз-идишда намойиш этган Хансен ҳали ўзини нималар кутаётганини билмасди. Аввалига у чурқ этмади. Фақат ўлими олдидан ёзган эсдаликларида барчасига иқрор бўлди.

Хансен Рожер Паттерсон ва Боб Гимлин 1967 йил 20 октябрь куни Калифорниянинг ёввойи тоғларида «қор одам»га дуч келиб, машҳур фильмни суратга олишларидан етти йил аввал бу мавжудотни учратган эди (дарвоқе, икковлоннинг милтиғи бўлса-да, ўқ узишмаган).

Хансен билан боғлиқ воқеа 1960 йили Висконсин штати тоғларида рўй берган. У дастлаб буғуни отган. Бироқ ўқ тегмай, жонивор қочиб қолган. Овчи ортидан излаб кетган ва тўсатдан учта йетига дуч келган. Улар аллақачон буғуни ушлаб, қорнини ёришган ва ички аъзоларини ейиш билан овора эдилар.

Эсдаликда ёзилишича, Хансен қўрққанидан нима қилишни билмай, қотиб қолган. Йетилардан бири унга кўзи тушиб, асовларча бақиради ва қўлларини силкитганча ҳужумга ташланади. Хансен қўрқиб кетган бўлса-да, ҳушёрлик қилади: милтиғидан ўқ узиб, мавжудотнинг боши ва қўлига теккизади.

Эсдаликдан қайдлар
«Улкан мавжудот ўзининг юзидан отилаётган қон туфайли кутилмаган ҳодисадан ваҳимага тушганди. Мен милтиғимдан иккинчи бор ўқ узганимни эслай олмайман. Ғарқ терган ботгандим, идрок этганим ерда ётган буғу эди. Мен ўқ узган йети ерга қулади. Қолган икки мавжудот қаерда эканлиги номаълум, уларни бошқа кўрмадим. Гўё «ҳаво»га учиб кетгандек эдилар.

Мен қўрқувдан дағ-дағ титрардим. Бир амаллаб ҳушимни йиғдиму қочиб кетдим. Ботқоқликка ўзимни уриб, қай томонга кетаётганимни билмай югурверардим. Миямда бу қўрқинчли масканни тезроқ тарк этиш фикри айланарди. Тўқнашиб кетиб йиқилдим, ўрнимдан турдим ва яна йиқилдим. Улар шундоққина орқамда деб ўйлардим.

Музлаган ботқоқлик устида ётарканман, бу мавжудотлар мени ушлаб олса нима бўлишини кўз олдимга келтирдим. Қочишим керак, бироқ заррача мадорим қолмаганди. Менга ҳужум қилишларини анча вақтгача кутиб ётдим. Овчилар қоидасига кўра, милтиқдан уч марта ўқ ўзишим, бошқа овчилар шу тарзда жавоб беришлари керак эди. Шундай қилдим. Жавоб тариқасида учта ўқ товуши эшитилди. Анча ўзимга келиб, ўрнимдан турдим. Сўнг ўқ овози келган томонга йўналдим...
»

Хансен ўлган йетини қолдириб, жўнаб кетган эди. У орадан бир неча кундан сўнг бу жойга қайтди. Ўшанда ўрмон совуқ, қалин қор ёққани боис, жасад яхши сақланган эди. Хансен нима қилишни билмас, уни яна қўрқув қамраб олганди. Ниҳоят мавжудотни шу ерда кўмишга қарор қилди. Бироқ қўлидан келмади – музлаган ерни кавлаб бўлмасди. Шундан сўнг йети Хансеннинг Миннесотадаги уйига, сўнг совуткичга, кейин эса кўргазма ва яширин жойга ўтказилди.


Ўқ узган балогардон
Ҳа, қизиқ. Аввалига «қор-одам»нинг жасади кўрсатилган, кейин эса изсиз йўқотилган. Аслида Хансенни тушунса бўлади. У қўлга киритган «қор-одам»нинг жасади юқорида номлари қайд этилган икки нафар олим томонидан ўрганилгач, росмана шов-шув кўтарилди. Зоолог Эйвельманс «Бу қандайдир хитойча трюк ёки моҳирона тарзда амалга оширилган сохта иш маҳсули эмас», дея шарҳ берган эди. Бироқ газеталар «қор-одам» билан боғлиқ ҳақиқатга ишонч билдиришдан кўра, бошқа масалага эътиборни қаратди: «Агар бу маждуот ҳақиқатан мавжуд бўлса, савол туғилади: нима учун ўлдирилган?»

АҚШ ва Англия газеталарида худди шундай деб ёзилганди. ФҚБ ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари Хансеннинг шахсига ваҳимали тарзда қизиқиб қолишди. Гап-сўз бошқача тус олди. Хансен хавотирга тушиб, ўзининг адвокатига мурожаат қилди. Адвокат ростини айтди: «Сизни қотилликда айблашлари мумкин».

Хансеннинг жамоатчилик эътирофига сазовор бўлиши ҳақидаги орзулари саробга айланди. Бир куни эрталаб эса адвокат қатъий тарзда огоҳлантирди: «Фрэнк, агар эҳтиёт бўлмасангиз, тез орада қамоқхонага тушишингиз мумкин».

«Ҳа, менинг муаммоларим газеталардаги мақолалардан бошланди, – деб ёзганди Хансен. – Бутун дунёдаги газеталар, радиостанциялар, журналлар ва телевизион станциялар мавжудотнинг ўлими билан жиддий равишда қизиқиб қолди. Лондон, Токио, Берлин, Рим ва Американинг талай шаҳарларидан ҳар куни қўнғироқ қилишарди. Смитсоновский институти мавжудотнинг бошини ўрганиб чиқиш учун рухсат сўради. Бу илтимос шу ондаёқ рад этилди. Ўнлаб олимлар эса мавжудотнинг танлаб олинган қисмларини ўрганмоқчи эканлигини айтиб, мурожаат қилишди. Биологлар соч ва қон билан қизиқдилар».

Газеталар мавжудотни қандай қилиб қўлга киритганим ҳақида сўрар, бу иш билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар шуғулланиши кераклигини айтиб бонг урарди. «...Агар одам шаклидаги мавжудот ўлдирилган бўлса, савол туғилади: унга ким ўқ узган, қандай жиноят содир этилган?» – дейилганди the Detroit News мақоласида.

Менинг ҳаётим алғов-далғов бўлиб кетиши тайин эди. Адвокатимнинг гапига кирдим. Мавжудотнинг ҳақиқий танасини фургонга жойладим-у, қутида сохтасини қолдирдим. Кейин ўзим ҳам, йети ҳам гумдон бўлдик...»

Бора-бора шов-шувлар тинди. Аммо вақти-вақти билан у яна ғимирлаб қолади. Қай тарзда бўй кўрсатали, буниси ҳозирча номаълум.

Акбар Фатҳуллаев

Манба: Xabar.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Махфий ҳужжатлар» туркумидан: «Қор одам»га узилган ўқ