
Интернет оламида MrBeast номи билан машҳур бўлган Жимми Дональдсон ўз салоҳияти, меҳнати ва инновацион ғоялари билан миллиард доллар бойликка эга бўлиб, дунёдаги энг ёш “селф-мейд” миллиардер сифатида тарихга кирди. У ҳаммасига ўзи, ҳеч қандай мерос ёки катта сармояларсиз эришган. Жиммининг бойлиги ҳозирда 1 миллиард долларга баҳоланмоқда, ойлик даромади эса тахминан 50 миллион долларга етган.
YouTube’дан бошланган имконлар олами
Жимми Дональдсон ўз фаолиятини оддий, кичкина камера ва катта орзулар билан YouTube платформасида бошлаган. У 2017 йилда 100 000 гача санаган видеоси билан кенг жамоатчилик эътиборини қозонган. Бу видеоролик 44 соат давомида суратга олинган бўлиб, 31 миллион марта кўрилган. Ушбу видео MrBeast’нинг муваффақият сари йўлини очди ва уни интернетнинг энг машҳур шахсларидан бирига айлантирди.
Вақт ўтиши билан Жимми контентини фақат кўнгилочар эмас, балки хайр-саховатга асосланган йўналишда ҳам ривожлантирди. У одамларга катта миқдорда пул, уй, машиналар совға қилиш орқали нафақат кўришлар сонини оширди, балки томошабинлар қалбини ҳам забт этди.
Ютубдан ташқари империя қурган йигит
MrBeast бугун фақат видеоблогер эмас, балки турли соҳаларда фаолият олиб бораётган тадбиркор. У ўзининг Feastables шоколад брендини яратди ва унга катта сармоя киритди. Шунингдек, Beast Games реалити-шоуси ва шахсий мерч (сувенир маҳсулотлар) линияси орқали ҳам даромад топмоқда.
2024 йилда у Amazon билан ҳамкорликда стриминг контенти яратишни режалаштирганини маълум қилди. Forbes журнали 2024 йилда унинг даромадини 85 миллион доллар деб баҳолади. Аммо MrBeast Burgers лойиҳаси бўйича чиқарилган суд ҳужжатларига кўра, у 2023 йилда 223 миллион доллар ишлаб топган, 2024 йилга келиб эса бу кўрсаткич 700 миллион долларга етган.
Нолдан миллиардгача — юракдан чиққан сафар
Жимми Дональдсон — Шимолий Каролинада туғилиб ўсган оддий бола. Ўсмирлик чоғида у компьютер ўйинлари ҳақидаги видеоларни суратга олиб, YouTube’га жойлашни бошлаган. У катта аудитория жалб қилиш, контент орқали дунёга таъсир кўрсатиш ва энг муҳими, одамларга яхшилик қилишни мақсад қилган.
Хайрия ишлари MrBeast’нинг фаолиятида алоҳида ўрин тутади. У минглаб одамларга озиқ-овқат, турар жой ва тиббий ёрдам таклиф қилган. Бундай хайрли ишлар уни нафақат машҳур, балки таъсирли шахсга айлантирди.
Интернетда миллиард доллар ишлаб топиш орзудек туюлади. Аммо Жимми Дональдсон бу орзуни реалликка айлантира олди. У меҳнат, қатъият ва одамларга яхшилик қилиш орқали муваффақиятга эришди. 27 ёшида эришилган миллиард — бу фақат пул эмас, балки илҳом, ютуқ ва бутун бошли бир авлод учун намуна. MrBeast’нинг тарихи бизга шунчаки “ютубер” эмас, балки ҳақиқий илҳом манбаи борлигини исботлайди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар