
24 майга ўтар кечаси Россия томонидан Украина ҳудуди бўйлаб кенг кўламли ва юқори даражада мувофиқлаштирилган ҳаво ҳужуми амалга оширилди. Украина Қуролли Кучларининг расмий хабарига кўра, мамлакат турли минтақаларига 14 та «Искандер-М/KN-23» туркумидаги баллистик ракеталар ҳамда тахминан 250 та зарбали ва имитацион «Shaheed» дронлари йўлланган.
Мудофаа тизими томонидан 6 ракета ва 128 та дрон йўқ қилинган, 117 та дрон эса радиокураш воситалари таъсирида йўлдан адашган ёки ўз-ўзидан қулаган. Бу ҳужум Киев, Днипро, Одесса, Харков, Донецк ва Запорижжя каби стратегик аҳамиятга эга вилоятларга йўналтирилган.
Киевда фожиали оқибатлар қайд этилди
Украина пойтахти ҳокимлиги буни уруш бошланганидан бери Киевга қарши амалга оширилган «энг йирик ва мураккаб» ҳаво ҳужумларидан бири сифатида баҳолади. Зарбалар оқибатида пойтахтда камида 4 киши ҳалок бўлиб, 16 нафар фуқаро жароҳат олди. Ракета ва дрон парчалари шаҳарнинг бир неча туманида турар-жой бинолари, хусусан, ётоқхоналар, савдо марказлари ва автомашиналарга шикаст етказган.
Ҳодисалар оқибатида юзлаб аҳоли метро бекатларида паноҳ топди. Айниқса, бу воқеанинг Киев шаҳри куни муносабати билан белгиланган якшанба куни содир бўлгани умумхалқ кайфиятини шикастлади.
Украина бўйлаб қурбонлар сони ортиб бормоқда
Хмельницкий вилоятида 4 киши ҳалок бўлиб, 5 киши жароҳат олган. 6 та хусусий уй тўлиқ вайрон бўлгани, яна 20 таси турли даражада шикастлангани маълум қилинди. Житомир вилоятида эса 8, 12 ва 17 ёшдаги уч нафар бола ҳалок бўлган, 10 киши тан жароҳати олган.
Миколаев шаҳрида дрон зарбаси натижасида беш қаватли уй вайрон бўлиб, ёши катта бир киши ҳалок бўлган. Харьков ва Донецк вилоятларида ҳам қурбонлар ва яраланганлар қайд этилган.
Россиянинг ҳужумлари ниманинг жавоби?
Аналитиклар таъкидлашича, мазкур ҳужумлар Украина томонидан Россия ҳудудларига уюштирилган дрон ҳужумлари ва Россия Ташқи ишлар вазирлигининг «оммавий террорчилик ҳаракатларига муносиб жавоб» бериш ҳақидаги таҳдидларидан сўнг юз берди. Россия ТИВ маълумотига кўра, 20–23 май кунлари давомида Украина томонидан Россияга нисбатан 788 та дрон ҳужуми қайд этилган.
Шунингдек, «Агентство» нашрига кўра, АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти таклиф қилган тезкор сулҳ музокараларининг муваффақиятсизликка учрагани ортидан Россия томони 18 майда уруш бошланганидан буёнги энг катта ҳаво зарбасини берган эди. Ўшанда 273 та дрон йўлланган эди.
Россия ҳудудларига қарши дрон ҳужумлари
Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, 24 майга ўтар кечаси Украина томонидан Россияга юзлаб дронлар учирилган ва улардан 110 таси Москва вақти билан соат 00:00 дан 07:00 гача тутиб олинган. Уларнинг 13 таси Москва вилоятида уриб туширилган.
ОАВ ва телеграм-каналларга кўра, дрон ҳужумлари Липецкдаги «Энергия» химия заводи ва Туладаги «Азот» ўғит комбинатига қаратилган. Тула вилояти губернатори Новомосковск шаҳридаги объектга дрон зарбаси бўлганини тасдиқлаган — у ерда кислота идиши ва газ қувури шикастланган. 3 киши жабрлангани маълум қилинган.
Хулоса қилиб айтганда, Украина ва Россия ўртасидаги ҳарбий тўқнашув янада юқори босқичга кўтарилмоқда. Ҳужумлардан кўриниб турибдики, ҳар икки томон ҳам нафақат фронт чизиғида, балки чуқур ҳудудларда ҳам бир-бирига жиддий таъсир ўтказиш ҳаракатида. Бу эса тинч аҳоли ҳаётини жиддий хавф остига қўяётгани билан хавотирли. Тез орада халқаро ҳамжамият бу мураккаб вазиятга муносабат билдиради, деб умид қилиш мумкин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар