Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: “Эй имон келтирганлар! Сизлардан олдингиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз”, дея марҳамат қилган. Ушбу ояти карима рўза тутишнинг фарзлигини эълон қилган илоҳий буйруқдир.
Юқоридаги ояти каримадан англаш мумкинки, рўза ибодати Муҳаммад алайҳиссалом олиб келган рисолатдан олдин ҳам бўлган. Чунки оятда “Сизлардан олдингиларга фарз қилинганидек”, дейилмоқда. Демак аҳли китобларда ҳам рўза ибодати бўлган. Фақатгина жумҳур уламоларнинг фикрига кўра, бу рамазон ойининг рўзаси эмас, рамазонга хос бўлмаган бошқа рўза ҳисобланади.
Яҳудийларда рўза
Жумладан яҳудийларга “Ғуфрон куни” рўза тутиш фарз қилинган эди. Бу кунда Мусо алайҳиссалом иккинчи марта Тур тоғидан тушган ва яҳудийларнинг мағфират этилгани ҳақидаги Аллоҳнинг эълонини ҳамда ўша давр шариатини лавҳларда олиб тушган эдилар. Ана шу кун “Ғуфрон куни” деб аталиб, унда рўза 26 соат, яъни қуёш ботгандан эртаси куни тунгача давом этган. Бу яҳудийларнинг энг муқаддас ибодатларидан ҳисобланган.
Яҳудийлар рўза пайтида еб-ичиш, жинсий яқинлик ва ўз эътиқодларига кўра ёмон деб ҳисобланган бошқа барча амалларни қилишдан, ювиниш ҳамда чарм поябзал кийишдан сақланишлари лозим эди.
Баъзи яҳудийлар бу кунда рўза ибодатига киришишдан олдин Масжидул Ақсонинг жанубида жойлашган “Йиғи девори” (Буроқ девори)га ибодат учун борадилар.
Яҳудийларнинг рўзалари икки турга бўлинади: шахсий ва жамовий. Шахсий рўза ўз хатолари ҳақида тафаккур қилиш ва нафсни тарбиялашдан иборат бўлган.
Жамовий рўзалар эса юқорида айтиб ўтганимиздек, баъзи хос кунларда тутилади. Ана шу хос кунларга Мусо алайҳиссаломнинг вафот этган кунлари, “Ғуфрон куни”, никой тўйи куни келин ва куёвнинг рўзаси ва баъзи яҳудийларнинг урушдан бир кун аввал тутадиган рўзалари ва ҳоказолар киради.
Аммо ҳозирги кун яҳудийлари масалага “замонавий талқин”да ёндошиб, ўқитувчи, хавфсизлик ходими ва амалдорлар ўз вазифасини мукаммал бажаришида халал бермаслиги учун рўза тутмасликка ўзларига ўзлари рухсат берганлар.
Насронийларда рўза ибодати
Насронийларнинг рўзасига келсак, бу рўза ҳам бошқа самовий динлар сингари ягона Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш мақсадида тутилади. Аммо аниқ вақти белгиланмаган. Шунинг учун ҳар бир черков ёки йўналиш ўз эргашувчилари учун муайян вақтни белгилайдилар. Католик черкови энг кўп рўза тутадиган черков ҳисобланади. Евангелистларнинг рўзаси биз мусулмонларнинг рўзасига ўхшаб кетади. Протестант черкови эса рўза тутиш масаласига жуда енгил қарайдиган черков ҳисобланади. Ҳар бир черков ўз анъаналарига кўра пасха байрамидан қирқ кун олдин рўза кунларини белгилайди. Насронийларнинг рўзаси камида ўн икки соат давомида еб-ичишдан сақланиш шаклида тутилади. Одатда куннинг бошидан ана шу ўн икки соат якунигача давом этади. Аммо бу мутлақ қатъий қоида эмас. Чунки бунданда узоқроқ муддат рўза тутадиганлар ҳам бор.
Демак, хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, бошқа динларда ҳам ўзига хос шаклда рўза ибодати мавжуд. Буларнинг баъзилари ҳақиқатда илоҳий буйруқ асосида бўлса, баъзилари кейинчалик пайдо бўлган, ёки турли ўзгартиришларга учраган.
Ислом олами эса ўн тўрт асрдан буён қатъий белгиланган тартибда, Қуръони Карим ва Суннати набавийдаги кўрсатмаларга биноан, бу ҳукмларнинг бирортасини ўзгартирмаган ҳолда бу ибодатни амалга ошириб келмоқда.
Рўзанинг тиббий ва руҳий фойдалари ниҳоятда кўплигидан уларни ҳисоблаб адоғига етиш мушкул. Масалан, рўза қалбни поклаш, гуноҳлардан, ёмон хулқлардан сақлаш, шаҳвоний нафсни жиловлаб, шайтон йўлларини торайтириш каби фойдаларни ўз ичига олади. Рўза шундай низомки, у кишини имон нуқтаи назаридан қайта тиклайди. Умуман ҳар бир ибодат одамни дунё ташвишларидан бир зум бўлсада озод қилиб, руҳий ҳотиржамликка эришишига ёрдам беради.
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши айтдиларки: “Мен Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан эшитдим: “Ким Аллоҳ учун (йўлида) рўза тутса, Аллоҳ унинг юзини жаҳаннамдан етмиш йиллик масофага узоқлаштиради”. (муттафақун алайҳ)
Аллоҳ таоло фақатгина Ўзининг розилиги учун тутаётган рўзаларимизни қабул қилиб, юқоридаги ҳадиси шарифда айтилганидек, бизларни жаҳаннам азобидан узоқлаштирсин.
Манбалар асосида Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Исмоил тайёрлади
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг