00:40 / 18.05.2023
356

Эрдоған даври жуда яхши бўлса, нега иқтисоднинг суръати паст?

Эрдоған даври жуда яхши бўлса, нега иқтисоднинг суръати паст?

Уруш иқтисодиётни бутунлай вайрон қилади. Ҳар қандай кучли давлат ҳам  узоқ вақт урушса, иқтисодиёти хонавайрон бўлиши мумкин. Айниқса, бу давлат кичик ва тарқоқ бўлса. Туркия кичик давлат. Унга урушнинг залвори оғир келади. Туркия Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги урушга аралашгач, лира анчагина қадрини йўқотди. Бошқа давлатлар томонидан санкция эълон қилингани ҳам салмоқли зарар етказди.

Иккинчидан, Сурияда Америка, Россия ва Туркия давлатларининг ҳарбий кучи мавжуд эди. Ҳозиргача улар ўзаро кураш гирдобида ва ҳар бири ўз ҳудудини ҳимоя қилмоқда. Бу ерда ҳам лира ўз кучини етарлича йўқотди. Қўшин чиқиб кетмаса, санкциялар эълон қилинишига сабаб бўлаверади.

Учинчидан, Туркия Ироқ ҳудудидаги туркманлар яшайдиган Туркия тарафлардаги жангларда ҳам қатнашмоқда, бу ҳам лиранинг қадрини туширади.

Ливиядаги уруш. Туркия Ливияда ўз кучини кўрсатди. Бу ўринда ҳам санкциялар туфайли лиранинг қадрсизланиши кузатилди. Эфиопиядаги можарода ҳам кучли давлатлар томонидан санкциялар бўлишига қарамай Туркия тўлиқ иштирок этди. Европанинг қудратли иқтисодиётга эга бўлган бир нечта давлатлар бир давлатга бойкот эълон қилмоқда.

Америка ҳам, Россия ҳам Туркияга қарши жуда кўп санкциялар эълон қилишган. Бироқ АҚШдан фарқли равишда Россия бир қанча сиёсий-иқтисодий сабаблар туфайли чекловларини бекор қилган эди. Умуман олганда, Туркия иштирок этган ҳар бир уруш ёки можаро унга санкциялар киритилишига сабаб бўлган, лираси қадрсизланган, аммо бу йўқотишлар шунга арзийди. Давлат ва унинг чегараларини ҳимоя қилиш ҳақида гап кетганда, ноннинг нархи иккинчи ўринга ўтиб қолади.

Тўртинчи муҳим нарса, Туркия унчалик бирлашган давлат эмас. Йирик хорижий компаниялар, айниқса, Европа ва Америка компаниялари пинҳона зарбалар беришади.

Бешинчидан, Туркиянинг 2013 йилдан бери давлат умуман банк кредитини олмагани ҳам ўз сўзини айтди.

Бундан ташқари, ҳар бир сайлов олдидан нарх васвасаси бошланиб, маҳсулотлар учун нархлар ноодатий кўтарилади. Бу жуда оддий. Маҳсулотлар кўп миқдорда сотиб олинади, бироқ бозорга чиқарилмайди. Бу Истанбул ҳокими сайланганда маълум бўлди. Кўплаб маҳсулотлар сотиб олиниб, атайлаб йўқ қилинади. Буни одамлар орасида ҳукуматга нисбатан нафратни уйғотиш учун қилинади, ва бу, афсуски, асоссиз эмас.

Ҳарбий ривожланиш учун ҳам улкан маблағ сарфланади. Агар давлат максимал даражада қарз олганда ва Озарбайжон, Ироқ, Сурияда ёки Ливиядаги урушларда қатнашмаганида, бугунги кунда бир доллар тўрт лирага тенг бўларди.

Бу урушлар ва санкцияларга қарамай, Туркия жуда кўп ютуқларга эришди ва дунёнинг кучли йигирматалигига кирди. Ва унинг режаларида кейинги тўрт йил ичида кучли ўнталикка кириш ҳам бор. Туркия экспорти космик суръатлар билан ўсяпти. Биргина жорий йилнинг январь ойида экспорт 14,5 миллиард долларни ташкил этган бўлса, ўтган ой эса 19 миллиард долларни ташкил этди. Бу жуда катта муваффақият.

Туркия табиий ресурсларга  бой эмас. Бироқ Туркиянинг барча ривожланиш ва тараққиёти шу ресурсларсиз бўлди. Буни ҳам билиб қўйиш лозим.

Муҳаммад Акбаров, 
Ислом иқтисодиёти ва ҳуқуқи йўналиши бўйича доктор.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг