22:03 / 07.06.2023
500

Ҳарбий эксперт Каховка ГЭСдаги ҳодиса сабаблари ва оқибатлари ҳақида гапирди

Вайрон бўлган тўғон. Фото: IMAGO / R4924_italyphotopress / Global Look Press

6 июн куни Украинанинг оккупация остидаги ҳудудида Каховка ГЭСи тўғони бузилиб кетди — сув назоратдан чиқиб, Днипро дарёсининг қуйи оқимига қуйила бошлади ва ўнлаб аҳоли пунктларида тошқин келтириб чиқарди. Энди буёғига нима бўлади? Ҳарбий эксперт ўз фикрларини билдирди.

Украина томони тўғонни рус ҳарбийлари, айнан РФ ҚКнинг 205-мотоўқчи бригадаси портлатган, деган даъвони илгари сурмоқда. Киевдагилар тўғонни миналаштириш бўйича асосий ишларни россияликлар ўтган йилнинг баҳорида — станция эгалланган чоғдаёқ амалга оширишгани, аммо портлатишни Украина қарши ҳужумга киришаётган ҳозирги кунларда атайлаб амалга оширишганини таъкидлашмоқда. Россия версиясига кўра, тўғон «Украина жанговар бўлинмалари томонидан амалга оширилган жинояткорона ҳаракатлар натижасида» йўқ қилинган.

Турли таҳлилчилар эса Каховка сув омборида сув сатҳи ниҳоятда кўпайиб кетгани туфайли зарарланган тўғон ўзи дош беролмасдан, бузилиб кетган бўлиши мумкин, деган тахминни ҳам илгари суришмоқда.

Журналист Фарида Курбангалеева ҳарбий эксперт Ян Матвеев билан тўғоннинг ўпирилиши кимнинг фойдасига ишлаши ва унинг йўқ қилиниши оқибатлари қандай бўлиши ҳақида суҳбатлашди.

— Каховка ГЭСи тўғонини портлатиш кимнинг фойдасига ишлайди?

— Бундай олиб қараганда, бу ҳеч кимнинг фойдасига ишламайдигандек кўринади. Чунки ҳар икки томон назорати остидаги ҳудудларни сув босмоқда. Тинч ва ҳарбий фуқароларни эвакуация қилиш муаммоси пайдо бўлади. Бу ҳолда Россия оккупацияси остидаги сўл қирғоқни кўпроқ сув босади, демак уларнинг позицияларини ҳам. Юмшоқроқ қилиб айтганда, бу ҳол ҳаммага ноқулайлик олиб келади.

Бироқ, Украина нуқтайи назарига кўра, гарчи тўғон зарарланган бўлса ҳам, уни ҳудуд озод қилинганидан сўнг тиклаш мумкин эди. Вайрон қилинган қисмларни таъмирлаб, яна электр энергияси ишлаб чиқариш эҳтимоли бор эди. Бу — биринчидан. Иккинчидан, уруш шароитларида у ердан кўприк сифатида фойдаланиш мумкин эди. Ҳа, унгаям анча зиён етган, Россия қўшинлари ноябр ойида чекинаётиб, уни портлатишганди. Лекин буткул зарар етказилмаган, уни таъмирлаш мумкин эди.

Антонов кўпригини тезда таъмирлаб бўлмайди, шу сабабли украиналиклар Днипрони кечиб ўтишда беқарор, ноқулай, осонгина ўққа тутиш мумкин бўлган баржалардан ёки понтон кўприклардан фойдаланишга маҳкум эди. Яъни, уларга ҳар қандай ҳолатда тўғон бутун бўлиб тургани манфаатли эди ва уни бузишга зарурият бўлмаган. Айниқса, улар қарши ҳужум билан ҳудудларни озод қилишни режалаштираётгани ҳисобга олинса.

Биз Россия томонидан Днипро дарёсининг ғарбий қирғоғига яна бостириб ўтиш бўйича ҳеч қандай режаларни кўрмаётгандик. Бундай режага эҳтиёж ҳам йўқ эди — бунинг учун уларнинг ортиқча кучи ҳам йўқ.

Сув босишига келсак, ҳа, ҳудудлар яроқсиз аҳволга келиши туфайли Россия қўшинлари ўз назоратидаги ҳудудларнинг бир қисмидан айрилади. Улар ўзлари хандақ қазиб жойлашган позицияларидан чекинишади. Бироқ, украиналиклар ҳам чап соҳилга десант ташлаш имкониятидан тўлиқ маҳрум бўлади.

Днипро орқали десант ташлаш шундоқ ҳам мураккаб иш эди, оммавий десант ташлашни-ку умуман амалга ошириб бўлмасди. Энди бу мутлақо амалга ошириб бўлмас ишга айланди. Агар Запорижжя фронти бўйлаб катта қарши ҳужумга ўтилганида, Днипро орқали калта чиқишлар рус қўшинларини чалғитувчи, уларнинг қирғоқдан кетмаслигини таъминловчи ёрдамчи ҳужумлар бўлар эди. Нова Каховкадан бошлаб Кинбурн бурнигача Запорижжя фронтидагидан ҳам кўпроқ рус қўшинлари жамланган. У ерда яхшигина гуруҳ бор. Улар ҳамон ўша ерда турган бўлиши мумкин, чунки ҳудудни бунчалик тез тарк этиши мумкин эмас. Яъни, улар Украина десант ташлашидан хавфсираганча, қирғоқ бўйлаб зич ўрнашиб олишган эди.

Энди ҳаммаси сув остида, Днипро делтаси кенгайди, сув оқими ҳам тезлашган бўлиши эҳтимоли бор. Ҳаммаси чалкашиб кетди, қайсидир оролчаларни сув босди, қай бирларини йўқ. Мўлжаллар, фарватерлар йўқ бўлиб кетди, кичик қайиқлар учун бу жуда муҳим. Чунки сиз аскарлар минган 10-20 та қайиқ жўнатсангиз, албатта буни тунда амалга оширасиз. Албатта, қайиқлар қанақадир тўсиққа, дарахтларга бориб урилишини истамайсиз. Буларнинг барчаси вазифани мураккаблаштиради. Энди ҳарбийларни осонгина излаб топиш ва ҳужум қилиш мумкин.

Ҳарбий эксперт Ян Матвеев. YouTube’дан скриншот.

Ҳозир кимлардир ҳаммаси аксинча — сув оқиб ўтиб кетса дарё янада саёзлашиши ва украиналикларга осонроқ бўлишини ёзмоқда. Йўқ, бу тез орада содир бўлмайди. Каховка сув омбори жуда улкан, бу харитадан ҳам кўриниб турибди, у ерда сув жуда кўп ва узоқ вақт оқиб туради. Мен Днипронинг асл ўзанигача қайтиш учун икки ой вақт керак бўлади, деган баҳолашларни кўрдим. Бу ёзнинг охиригача дегани. Бу эса украиналиклар қарши ҳужумга ўтиш учун сарфланадиган вақт.

Ҳа, Россия қўшинлари сув остида қолган позицияларини йўқотишмоқда. Лекин бу уларга керак эмас. Қирғоққа десант тушмас экан, уларга позиция нимага керак? Боз устига, бу позициялар шунчаки окоплардан иборат, катта зарурият туғилса аскарлар икки ҳафтада янгисини қазиб ташлашади. Моҳиятан россияликларда ҳимоя чизиғи сифатида табиий тўсиқ — дарё бор эди. Ҳозир бу тўсиқ янада кенгайди.

— Яъни, чиндан ҳам ҳаммаси россияликлар Украина қуролли кучларининг қарши ҳужумини тўхтатишни истаганга ўхшаб кўринадими?

— Ҳа. Аммо тўғонда портлаш рўй бергани ва буни айнан Россия армияси амалга оширгани ҳақида аниқ далиллар йўқ. Тўғоннинг ўзи эскириб, чарчаб, бузилиб кетгани эҳтимоли жуда катта. Биз уни Россия армияси портлатиб юборди, деб аниқ айта олмаймиз, бунга кўпроқ далил-исбот керак. Лекин бундан кимга фойда, деган нуқтайи назардан қаралса, тўғоннинг йўқ қилиниши Россия армиясига қўл келди, чиндан ҳам бу ҳол уларнинг мудофаасига ёрдам беради.

Боз устига, Россия армияси ва оккупация ҳукумати турли аҳоли пунктларидан одамларни эвакуация қилишга тўғри келади — бу ҳам Россия учун плюс. Чунки бу зоналар қўшин жойлаштирилиши лозим бўлган зоналар ҳисобланиб, тинч аҳоли доимо бунда халақит қилади. Уларни куч билан эвакуация қилиш қийин, чунки Россия оккупация ҳукумати бу ерлар Россия ҳудуди экани, фуқаролар ҳам Россияда яшашаётганидек муомала қилиб келишмоқда.

Улар автомат билан келиб, «қани, ҳамманг сур бу ердан», дейиши қийин. Бу жуда хунук кўринади. Энди эса уларни кўчириш учун идеал баҳона бор.

Ўпирилиш ҳақида гапирсам, яна бир муҳим моментни тилга олишим керак. Тўғон рекорд даражада кўтарилган сув сатҳи босимига дош бермай ёрилиб кетган, ёки Россия томони кичикроқ портлаш уюштириб ёрилишга «ёрдам» бериб юборган, шундан сўнг ўз ўзидан қолган қисмлари бузилиб кетган, чунки бунгача тўғонга кўп бора зарба берилгани ва Россия армияси чекинаётиб унинг бир жойини портлатгани ҳақида соатлаб баҳслашиш мумкин. Ё у вариант ёки буниси — муҳим эмас. Муҳими — тўғоннинг асосий қисмини Россия оккупация ҳокимияти назорат қилиб турган.

Айнан улар сув сатҳи учун жавобгар бўлишган, чунки барча созловчи заслонкалар уларнинг назорати остида бўлган. Улар сув сатҳини кузатиши, уни пасайтириши мумкин эди. Улар бу кўргиликларга йўл қўймаслик учун шундай қилиши шарт ҳам эди. Шунинг учун тўғон бузилишининг бошланғич сабаби нима бўлишидан қатъи назар, барча жавобгарлик Каховка ГЭСни назорат қилган Россия армияси ва оккупация ҳокимияти зиммасида.

Херсон областидаги сув босган кўчалар. Фото: Cover Images / Keystone Press Agency / Global Look Press

— Тўғонни ташқи томондан ўққа тутиб бузиб бўлмасдими? Бунинг учун Украина томони таъкидлаётганидек, ички томонидан портлатиш керакмиди?

— Барчаси мураккаб, албатта. Агар юк кўтарувчи устунларга зарба берилса, яна сув босими катта бўлса, кучсизроқ отишмалар билан ҳам қулатиш мумкин. Лекин, одатда, ташқи томонидан ҳужум қилиб бундай кўприк ва тўғонни вайрон қилиш осон эмас.

Россия томони украиналикларни тўғонга ўқ ёғдирганликда айбламоқда. Лекин юқорида айтилди, тўғоннинг бузилишидан украиналиклар манфаатдор эмас. Албатта, ўтириб олиб кимдир буни ўзбошимчалик билан амалга оширган, деб фантазия қилиш мумкин. Албатта, фронтда кимдир ўзбошимчалик билан ўт очадиган ҳолатлар ҳам бўлади. Лекин мен Залужний, Сирский, Зеленский ва Буданов йиғилиб, «эртага Каховка ГЭСини ўққа тутамиз, ҳамма сув оқиб кетсин», дея бир қарорга келишганини тасаввур қилишим қийин. Буни амалга ошириш учун қандай важ келтиришганини тасаввур қила олмайман. Россия қўшинларини жиноятларда айблаш учунми? Бунинг учун ортиқча бирор нарса ўйлаб топишга ҳам ҳожат йўқ, Россия армияси шундоқ ҳам мунтазам равишда ҳарбий жиноятларга қўл уриб келмоқда, шу пайтгача ҳам улкан миқдордагисини амалга ошириб бўлган, уларни кўрсатиш учун провокация ҳам, фейк ҳам шарт эмас.

— Дарвоқе, Украина пабликларида тўғоннинг портлатилишини чиндан ҳам ҳарбий жиноят, деб тилга олишмоқда. Бу қадамни шундай таснифлаш мумкинми?

— Битта нозик жиҳат бор: Женева Конвенцияларидан бирида уруш чоғида «табиий кучларни озод қилувчи» турли объектларга ҳужум қилиш ва вайрон қилиш мумкин эмас, деб ёзиб қўйилган. Жумладан дамбалар, тўғонлар, атом электр станциялари ва фалокат келтириши мумкин бўлган бошқа иншоотлар.

Лекин Россия армияси жиноятга қўл уриб бўлган, шу сабабли бу қасддан уюштирилган портлаш бўлмаса ҳам, жинояткорона масъулиятсизлик. Чунки гидроэлектрстанцияда россиялик операторлар бор, улар хатога йўл қўйишган, сувни ўз вақтида ташлашмаган, шу сабабли тўғон ёрилиб кетган ва ҳамма жойни сув босган. Яъни жиноят содир этишган. Уруш кетаётгани сабабли бу ҳарбий жиноят ҳам саналади.

Каховка ГЭСи тўғони урушгача. Фото: Dmitriy Lyapunov / wikipedia.org

— Запорижжя АЭСи ҳам Каховка сув омбори ёқасида жойлашган. АЭСда авария содир бўлиши эҳтимоли ошди, дейиш мумкинми?

— Халқаро атом энергетикаси агентлиги мутахассислари ҳозирча сув етарли, дейишмоқда. У ерда барча реакторларнинг пассив совитилиши кетмоқда. Лекин сув қанчага етади, муаммо шунда. Вайрон қилинган тўғон — кимдир очиб ёпган эшик эмас-ку? Уни яқин бир неча йил ичида тиклаб бўлмайди. Ҳарбий ҳаракатлар борар экан, бу аниқ нарса, ҳаммаси тинчиганидан кейин ҳам янгидан қуриш учун йиллар керак бўлади.

Афтидан, АЭС учун қандайдир бошқа сув манбаси топишга тўғри келади, балки пасайиб кетган сув омбордан қувурлар ёрдамида сув тортилар. Гросси сув «бир неча ойга етади», деган бўлса ҳам, бу бир неча ой кўз очиб юмгунча ўтиб кетади. Кейин-чи? Тўғон ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди-ку?

Эртагаёқ сулҳ имзоланса, Путин ютқазганини тан олиб, Россия қўшинлари Украина ҳудудини тарк этган тақдирда ҳам тўғон пайдо бўлиб қолмайди. Буларнинг барчаси жиддий муаммо бўлиб кўринмоқда. Россия ҳукумати турли объектларга нисбатан ўта эътиборсиз муносабатда бўлиши ҳисобга олинса, очиғи, бу жиддий ташвиш уйғотади. Бирдан бир умид украинлар ўз ҳудудини озод қилишида. Улар албатта бу ишга масъулият билан ёндашишади, чунки бу уларнинг мулки ва ери.

— Украинанинг ўз ҳудудларини қайтариб олиш бўйича вазифаси нечоғлик мураккаблашди?

— Албатта, ҳозирги вазиятда Россия армиясига осонроқ бўлади. Биринчидан, улар қўшинларининг бир қисмини у ердан олади. Чунки украиналиклар дарёдан кечиб ўтиши қанчалик қийин бўлса, уларнинг десантини тўхтатиб туриш учун керак бўладиган қўшин миқдори ҳам шунчалик камаяди. Ўз-ўзидан, бу кучлар озод бўлади ва уларни у ердан олиб, Запорижжя фронтига ташлаб, ўша фронт мустаҳкамланади.

Иккинчидан, иккинчи мини-фронт яратилиши хавфи камаяди. Масалан, Украина қўшинлари Токмак орқали Мелитопол томон ҳужум қилганда, рус қўшинлари мудофаага ўтганда, украин десантлари Херсон орқали қайиқларда ўтиб, Нова Каховкани озод қилиши мумкин эди. Кейин кўприкни тузатиб, плацдарм яратарди, шу ердан ҳужум уюштириши ҳам мумкин эди. Энди бу имконият йўқ қилинди. Шунчаки, Украина армиясининг оператив имкониятлари пасаймоқда.

Лекин украиналиклар диверсия фаолиятини барибир йўлга қўйишади. Чунки кичикроқ гуруҳлар шу пайтгача ҳам Днипро делтасида ҳаракат қилишган, ниманидир портлатишган, қўққисдан ҳужум қилишган, хуллас улар тажрибага эга, кенгайган дарёда ҳам йўл топа олишади.

Менинг шахсий фикримга кўра, Украина қўшинларининг энг катта йўқотиши – Нова Каховкага ўтадиган кўприк бўлди. У ниҳоятда жозибали мақсад эди, боз устига Запорижжя фронтига ҳам яқин жойлашган. Жуда яхши таъминот йўли яратиш мумкин эди, энди бу реалликдан йироқ. Агар иш шунга бориб етадиган бўлса, энди унинг эвазига понтон кўприклар қуришга тўғри келади.

— Қримнинг сув таъминоти нима бўлади? Россия пропагандаси Қрим зарар кўрсмаслигини таъкидламоқда.

— Кенг кўламли босқиндан аввал улар шу каналсиз ҳам нимадир қилишаётган эди-ку? Буёғига ҳам шундай бўлади. Қримдан жуда кўпчилик кўчиб кетган, у ерда аҳоли ҳам, дам олувчилар ҳам камроқ. Умуман олганда, Россия ҳукумати одамларга тупуриб қўйган. Уларнинг қай бирини ва қачон Қримда сув бор-йўқлиги ташвишлантирган? Жуда зарур бўлса темирйўл орқали вагонларда сув ташишади, бўлди. Балким каналга сув ҳайдовчи қандайдир насос станцияси ўрнатишар.

Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ҳарбий эксперт Каховка ГЭСдаги ҳодиса сабаблари ва оқибатлари ҳақида гапирди
ePN