18:34 / 23.06.2023
271

Чонгардаги кўприкка зарба: бу Россиянинг Украина жанубидаги гуруҳига қандай хавф солади?

Фото: KHERSON REGION GOVERNOR/TASS

22 июнга ўтар кечаси Украина қуролли кучлари Азов денгизидаги Чонгар бўғози бўйлаб ўтган ва Қрим яриморолини Мелитопол шаҳри билан боғловчи кўприкка зарба йўллади. Бу кўприк Россия қўшинлари таъминотида қандай ўринга эга ва бу ҳодиса қандай оқибатларга эга бўлиши мумкин?

Чонгар орқали ўтадиган йўл — аннексия қилинган Қримдан Херсон областининг босиб олинган қисмидаги Мелитопол шаҳри ва Украина қарши ҳужум олиб бораётган жанубий фронтдаги ҳудудларга олиб борувчи энг қисқа йўлдир. Қримнинг Россия томонидан тайинланган раҳбари Сергей Аксенов автомобил кўприги бўйлаб зарба тунда берилгани, «жабрланганлар йўқлиги»ни маълум қилди.

Херсон областининг оккупация остидаги қисми раҳбари Владимир Салдо эълон қилган фотосуратларда кўприк жиддий даражада шикастланганини кўриш мумкин — йўл қопламасида улкан ўйиқ ҳосил бўлган.

Салдо кўприк Британия май ойи бошида Украинага етказиб берилган Storm Shadow ракеталари билан ўққа тутилганини тахмин қилган.

Чонгар бўғози ўтган автомобил кўпригида ҳаракат тўхтатилган, яриморолга фақат ғарброқда жойлашган ва Херсон областининг оккупация қилинган қисмига ҳам элтувчи Перекоп орқали ўтган йўл билан бориш мумкин.

Чонгар орқали темирйўл маршрути ҳам ўтади. Темирйўл кўприги автомобил йўлидан жануби-ғарброқда жойлашган, унинг шикастланганига оид далиллар йўқ.

Украина мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси вакили Андрей Юсов Украина қуролли кучларининг зарбага алоқадорлигини рад этмади, шу билан бирга бу зарба учун жавобгарлик тўғридан тўғри Киев зиммасида эканини тан олмади. «Ҳозир иш давом этмоқда — ва у давом эттирилади. Бу хавфсизлик кучлари, мудофаа, қаршилик ҳаракати, Украинанинг қонуний ҳукумати бу ҳудудларига қайтишини кутаётган маҳалллий аҳолининг тизимли ишидир», — деган у.

Кремл расмийси Дмитрий Песков Чонгар кўпригига йўлланган зарба юзасидан изоҳ беришни истамади, ҳолбуки у одатда Россия объектларига қилинган ҳужумлар юзасидан (жумладан 2022 йил октябрида Керч бўғози орқали ўтган Қрим кўпригида рўй берган портлаш) сиёсий баҳо бериб келарди.

Россия нашрлари берган хабарларга кўра, РФ президенти Владимир Путин ва мудофаа вазири Сергей Шойгу ҳам Россия хавфсизлик кенгашининг 22 июн куни ўтказилган йиғилишида Чонгар кўпригига йўлланган зарбани тилга олмаган, йиғилишда улар яна Украинанинг қарши ҳужуми қандай қайтарилаётгани ҳақида маълумот берган.

Чонгар кўпригига ракета зарбаси оқибатлари
Фото: KHERSON REGION GOVERNOR/TASS

BBC мухбири Иля Абишев Чонгар кўпригининг Украина жанубидаги босқинчи қўшинлар учун аҳамияти ҳақида

«Қрим ва Херсон областининг Россия томонидан эгаллаб олинган ҳудудини ўзаро боғловчи Чонгар кўпригига қилинган ҳужум Украина қуролли кучларининг ўтган йил Днипро орқали ўтган кўприкларга берган зарбаларини эслатиб юборади. Бундай ҳужумлар йўл қопламалари техникалар ўтиши учун бутунлай яроқсиз ҳолга келмагунича бир неча ой давом этганди.

Антонов кўприги ва Каховка ГЭС тўғонидаги кўприкка зарбалар бериш орқали Украина армияси Россия қўшинларининг Херсон гуруҳи таъминотини издан чиқарган ва уларни асосий гуруҳдан ажралиб қолиш хавфи остида қолдирган, натижада Россия қисмлари дарёнинг чап соҳилига қайтарилганди.

Стратегик кўприкларга зарбалар ҳозирдаги каби қуруқлик қўшинлари фаоллашуви билан параллел кечганди. Аммо айрим фарқли жиҳатлар ҳам бор.

Херсон областидаги, шунингдек Запорижжя областида Украина қарши ҳужумини қайтариш билан банд бўлган Россия қўшинлари таъминот йўлларидан фақат биттаси Чонгар кўприги орқали ўтади.

Бир қарашда бу маршрут ҳисобдан чиқиши Россия гуруҳи учун у қадар катта муаммо туғдирмайдигандек кўринади — Қримдан келувчи юкларни Перекоп бўйни ёки Чонгардаги темирйўл кўприги орқали ҳам ташиш мумкин. Қолаверса, Ростов областидан Донбасс жануби орқали қуруқлик йўлаги, шунингдек Бердянск порти орқали денгиз йўли мавжуд.

Аммо қуруқликдаги ҳарбий ҳаракатлар фаоллашиб, олдинги чизиққа қуроллар ва ўқ-дорилар етказиб бериш зарурати кескин ошган маҳалда ҳар қандай логистик бузилиш жиддий асоратлар келтириб чиқариши мумкин.

Хусусан, Жанкойдан Мелитополгача бўлган йўл, агар Армянск орқали айланма йўл билан борилса, 150 километрга, яъни тахминан уч баробарга узаяди. Темирйўл орқали етказиб бериш эса — ҳамиша ҳам оптимал ечим эмас, чунки ўқ-дориларни барибир яна бошқа транспортга қайтадан юклаш керак бўлади. Таганрог томондан келувчи қуруқлик йўлаги эса Украина жанубидаги 150 минг кишилик Россия армияси учун етарли бўлмаслиги мумкин.

Яна икки омилни ҳисобга олмоқ даркор.

Биринчидан, бошқа таъминот маршрутларининг бошқа заиф томонлари ҳам бор. Масалан, Қримдан Мелитополга темирйўл тармоғи Сиваш кўрфазидаги тўғон устидан ўтади, Армянск орқали йўлининг ҳам айрим нуқталарида кўприклар мавжуд - бу тўғон ва кўприкларни ишдан чиқариш орқали йўл бутунлай узиб қўйилиши хавфи сақланиб туради.

Иккинчидан, ҳарбий экспертлар ҳамон Херсон областидаги украин қўшини Каховка сув омбори саёзлашгани туфайли Днипрони кечиб ўтиб, Запорижжя областига келиши эҳтимолини истисно қилмаяпти. Бундай вазиятда дарёнинг чап соҳилидаги рус қўшинлари кўпроқ ҳарбий юкларга эҳтиёж сезади, етказиб беришдаги ҳар қандай кечикиш эса катта муаммоларга олиб келади».

Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Чонгардаги кўприкка зарба: бу Россиянинг Украина жанубидаги гуруҳига қандай хавф солади?
ePN