7 июль куни Ердаги ўртача ҳарорат бутун кузатувлар даври бўйича максимал даражада янгиланди. Буни сайёра ҳолатини ўлчаш учун сунъий йўлдош маълумотлари ва компьютер симуляцияларидан фойдаланадиган Мэн университети (АҚШ) маълумотлари тасдиқлади.
Бу жорий ҳафтадаги учинчи рекорддир. 3 июль куни сайёрамиздаги ўртача ҳаво ҳарорати илк бор Цельсий бўйича +17 даражадан ошди. 4 июль куни +17,18 даража, 7 июль куни эса +17,23 даражага етди.
Дунёнинг кўплаб ҳудудларида ҳаво ҳароратининг рекорд кўрсаткичлари қайд этилди. Масалан, Хитойнинг Цзинсин вилоятида термометр кўрсаткичи Цельсий бўйича 43,3 даражага кўтарилди.
Пенсилвания университети иқлимшуноси Майкл Манн 2021 йилги тадқиқотга таяниб, бу музлик давридан кейинги 120 минг йил ичидаги энг иссиқ кунлар эканини таъкидлади.
Шу билан бирга, олимлар рақамларнинг бунчалик тез ўзгариши анча жиддий муаммонинг белгиси эканини айтмоқда. Жумладан, улар Тинч океанининг экваториал қисмидаги «Эл-Нинё» ҳодисаси бу ўзгаришлар сабабчиси эканини таъкидламоқда.
Иқлимшуносларнинг қайд этишича, ер шарининг 70 фоизини эгаллаган океанларда бир неча ой давомида рекорд даражадаги иссиқлик кузатилмоқда. Бу дунёнинг турли бурчакларида табиий офатларга олиб келиши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!