
Охирги 40 йилликда Ер сайёрасида олти марта “Эл-Нинё” ҳодисаси кузатилган. Бу ҳодиса Тинч океани катта сув массаси ҳароратининг меъёрдан ортишига ва глобал ҳароратнинг кескин кўтарилишига олиб келади.
Июль ойи бошида сўнги етти йил ичида биринчи марта “Эл-Нинё” шароити юзага кела бошлади. Ўтмишда содир бўлган “Эл-Нинё”лар бутун дунё қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётига муаммолар туғдирган. Шунинг учун экспертлар барча мамлакатлар унинг салбий оқибатларини камайтириш учун чоралар ишлаб чиқиши зарурлигини такрорламоқда.
Хусусан, сўнгги 40 йилликдаги барча “Эл-Нинё” ҳодисалари дунёда ҳаво ҳароратининг меъёрга нисбатан сезиларли даражада юқори бўлишини таъминлаб келган. Бу ҳақда иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов Telegram’даги каналида маълумот берди.
Охирги 40 йил ичида “Эл-Нинё” ҳодисалари қуйидаги йилларда кузатилган:
- 1982 йилда;
- 1987 йилда;
- 1991 йилда;
- 1997—1998 йилда;
- 2009—2010 йил;
- 2015—2016 йил.
Иқлимшунослар келаётган қиш ойлари “Эл-Нинё” таъсирида илиқ бўлиши мумкинлигини прогноз қилмоқда.
Прогнозларга кўра, 2024 йил дунёда охирги 8-9 йиллик ва кузатувлар тарихидаги энг иссиқ йил бўлиши мумкин.