Ғазо билан чегарадаги қишлоқдан ўнлаб жасадлар топилди
Фото: Ilia Yefimovich / dpa / Scanpix / LETA
Кфар-Аза — Сдерот шаҳри яқинида, Ғазо секторидан икки километр масофада жойлашган кибуц (коммуна). 2023 йил 7 октябр куни кибуцга ҲАМАС аъзолари ҳужум қилган, маҳаллий аҳоли вакилларининг бир қисми ўлдирилган, яна бир қисми гаровга олиниб, Ғазо секторига олиб кетилган. Исроиллик ҳарбийлар бу ҳудудни қайтариб олиши учун икки кунга яқин вақт кетган.
10 октябр куни Исроил мудофаа армияси қарийб икки кунлик жанглардан кейин мамлакат жанубида, Ғазо секторидан бир неча километр масофада жойлашган Кфар-Аза кибуцини озод этди. Бу ҳудуд 7 октябр куни Исроилга ҳужум қилган ҲАМАС аъзолари йўлидаги илк нишонлардан бири бўлганди.
Ҳудуд қайтариб олингач, бу ерга журналистлар киришига рухсат берилди. Улар бу ерда ҳалок бўлган тинч аҳоли вакиллари, жумладан, аёллар ва болаларнинг жасадлари устидан чиқишган. ОАВ ва ЦАҲАЛ вакиллари бу ерда бўлган воқеаларни қирғин деб атамоқда.
The New York Times нашри ёзишича, ўз клуби ва синагогига эга Кфар-Аза кибуцида урушга қадар 750 киши яшаган. Ғазо секторига яқин жойлашгани ва доимий ракета зарбаларига қарамай, маҳаллий аҳоли одатий турмуш тарзини кечирган. Ҳаммаёқда бетон бошпаналар бор, уйлар эса хавфсизлик хоналари билан жиҳозланган. Исроилликлардан ҳеч бири ҲАМАС аъзолари чегарадан ўтиб, одамларни ўлдира бошлашини тасаввур қила олмасди, деб қайд этади BBC.
Фаластинликлар чегарани мотоциклларда кесиб ўтишган, шунингдек, кибуц ҳудудига делтапланларда учиб келишган. Ғазога энг яқин бўлган ҳудудда мудофаа линияси жойлашган бўлиб, бу ерда маҳаллий аҳоли вакилларидан иборат отряд навбатчилик қилган. Улар фаластинликларнинг илк қурбонларига айланган. Ғафлатда қолган Исроил армияси қисмлари Кфар-Азага етиб бориши учун 12 соат вақт кетди, деб ҳикоя қилади десантчиларнинг штурм гуруҳи командири ўринбосари Давиди Бен Цион. Жанглар икки кунга яқин вақт давом этган.
Sky News мухбири Стюарт Рэмзининг сўзларига кўра, штурм вақтида ўз уйларида ухлаб ётган одамлар фаластинликларнинг овозларидан уйғонган ва ўз болаларини шкафларга, вино омборларига ва ертўлаларга яширишган. Кўпчилик ўзини ҳимоя қила олмаган. Улар ҳарбийлар ёрдамини 17 соатдан ортиқ вақт давомида кутишган.
«Ҳаммаёқда жасадлар. Кибуц аҳолиси орасида ўлдирилганлар жуда кўп – эркаклар, аёллар, болалар. Уларнинг қўллари боғланган, улар отиб ташланган», – дея ҳикоя қилади ўз репортажида CNN корреспонденти Ник Робертсон.
Кибуцда ҳалок бўлганлар орасида эр-хотин Итай ва Адар Бердичевски ҳам бор, уларнинг ҳикояси Исроил нашрларида кенг тарқалди. Оила Кфар-Азада ўн ойлик эгизаклари билан яшашган. Профессионал ҳарбий бўлган Бердичевскилар ҳужум вақтида чақалоқларни хавфсизлик хонасига яширишга улгурган, лекин улар уйга бостириб кирган жангарилар билан отишмада ҳалок бўлган. 13 соат ўтиб, эгизаклар қариндошлари томонидан топилган.
«Бу уруш эмас ва жанг майдони ҳам эмас. Бу қирғин, – деган NYT мухбирига Исроил армияси генерал-майори Итай Верув. – Мен ҳаётимда бунақасини кўрмаганман, бу бизнинг боболаримиз ва бувиларимиз қирғинига ҳам ўхшаб кетади».
Исроил мудофаа армияси Кфар-Аза кибуцида ҳалок бўлганлар сонини аниқ келтирмаган. Кибуцдан илк репортаж 10 октябр куни Исроилнинг i24News телеканали томонидан намойиш этилди. Унинг мухбири Zaka қидирув-қутқарув ташкилоти кўнгиллилари маълумотига асосланиб, Кфар-Азада тинч аҳоли вакиллари бўлган 200 га яқин кишининг жасади топилгани ҳақида маълумот берди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Исроилда ҳалок бўлганлар сони 1300 га етган, яна бир неча минг киши яраланган. ҲАМАС аъзолари гаровга олган тахминан 150 кишининг тақдири номаълумлигича қолмоқда.