
АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Хитой Раиси Си Цзиньпин Жанубий Кореяда бўлиб ўтган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммити доирасида учрашув ўтказди. 1 соат 40 дақиқа давом этган музокаралар натижаси АҚШ-Хитой муносабатлари ва глобал савдога сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бир қатор баёнотлар билан якунланди. 
Музокаралар конструктив ва ишчан руҳда ўтиб, иккила томон вакиллари иштирокида бўлиб ўтди. Хитой делегациясини Си Цзиньпиндан ташқари Ташқи ишлар вазири Ван И, Президент маъмурияти раҳбари Цай Си, Давлат режалаштириш қўмитаси раиси Чжэн Шаньцзец ва Савдо вазири Ван Вентао бошқарди. 
АҚШ томонидан эса Давлат котиби Марко Рубио, Молия вазири Скотт Бессент, Оқ уй бошқаруви раҳбари Сьюзан Уайлс ва АҚШнинг Хитойдаги элчиси Дэвид Пердью қатнашди. Дональд Трамп Жанубий Кореяни тарк этар экан, Air Force One самолётида журналистлар билан суҳбатлашди. 
У учрашувни "ажойиб" деб атади ва уни "10 баллик тизимда 12 балл" деб баҳолади. Музокараларнинг асосий натижаси савдо тўсиқларининг ўзаро пасайтирилиши бўлди.
Трампнинг сўзларига кўра, ўртача тарифлар 57 фоиздан 47 фоизга туширилади. Амалий қадам сифатида Хитой АҚШдан соя ловияси сотиб олишни зудлик билан тиклаши маълум қилинди, бу АҚШ фермерлари учун муҳим аҳамиятга эга. 
Бундан ташқари, фентанил ишлаб чиқариш ва тарқатишни назорат қилиш билан боғлиқ божхона тўловлари икки баробарга камайиб, 10 фоизга туширилиши белгиланди. Ушбу қадам ноқонуний опиоид савдосига қарши курашда ҳамкорликни рағбатлантиришга қаратилган. 
Яна бир муҳим келишув ноёб ер элементларини экспорт қилиш масаласини ҳал қилиш бўлди. АҚШ Президенти бу масаланинг "тўлиқ ҳал этилганини" тасдиқлади ва Хитой ушбу стратегик материалларни етказиб беришни давом эттиради. 
Учрашувда халқаро хавфсизлик масалалари ҳам муҳокама қилинди. Трамп АҚШ ва Хитойнинг Украинадаги вазиятни ҳал қилиш бўйича ҳамкорликни бошлашини эълон қилди, бу эса можарони бартараф этишга қаратилган дипломатик саъй-ҳаракатлар учун янги йўналиш бўлиши мумкин. 
Қизиқарли жиҳати шундаки, музокаралар давомида Тайван масаласи тилга олинмаган. Музокаралар олий даражадаги дипломатик мулоқотларни фаоллаштириш режаси билан якунланди. 
Дональд Трамп келаси йилнинг апрель ойида Хитойга ташриф буюришини, Си Цзиньпин эса яқин орада АҚШга жавоб ташрифи билан келишини маълум қилди.
Трамп ва Си Цзиньпин савдо тарифларини пасайтиришга келишди
Ctrl
 Enter
 Хато топдингизми? 
 Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
 