15:42 / 22.10.2023
214

Кичик Кеннеди. Конспиролог, антиваксер, Байден ва Трампнинг рақиби. У сайловда кимга муаммо туғдиради?

Кичик Кеннеди. Конспиролог, антиваксер, Байден ва Трампнинг рақиби. У сайловда кимга муаммо туғдиради?

Фото: Ronen Tivony / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA

АҚШ 35-президенти Жон Кеннедининг жияни кичик Роберт Кеннеди 9 октябр куни келаси йилги президентлик сайловларида мустақил номзод сифатида қатнашинини эълон қилди. Аввалига у демократлар праймеризида қатнашиб, Жо Байденга рақобатчи бўлмоқчи эди, лекин қарашлари республикачилар орасида машҳурликка эришгач, мустақил номзод бўлишга қарор қилди.

Россиянинг «Медуза» мустақил нашри сўрови билан Америка ҳақидаги One Big Union тelegram-канали муаллифи Ян Веселов Кеннеди ҳақида мақола ёзди. Унда мамлакатдаги энг катта таъсир доирасига эга оила вакили уйидан ҳайдалгани, нега қариндошлари томонидан қўлланмаслиги ва сайловдаги имкониятлари ҳақида сўз боради.

Иккита суиқасд, наркотиклар ва экофаоллик

АҚШ тарихидаги энг машҳур президентлардан бири Жон Кеннедини 1963 йил – биринчи муддати якунланиши арафасида отиб ўлдиришади. Бу воқеадан 5 йил ўтиб, Роберт 14 ёшга кирган вақтда яна бир қотил энди унинг отаси Бобби Кеннедини ҳам ўлдиради. Ўша вақтда Бобби Кеннеди президентлик сайловида ўз номзодини қўйган ва Демократик партия праймеризида ғолиб бўлишига яқин қолганди.

Отаси ва амакисининг ўлдирилиши Робертга жиддий таъсир қилади. Сиёсатчи ҳар икки ҳолат бўйича расмий хулосани рад этиб, қотилликларга Марказий разведка бюросининг алоқаси бор деб ҳисоблайди.

Бобби Кеннедининг дафн маросимидан икки ҳафта ўтиб қайғуга тўлган оила кайфиятсиз ҳолатда Робертнинг акасининг туғилган куни муносабати билан дастурхон ёзади. Роберт ҳазиллашиб ичимликларга ҳолсизлантирадиган дори қўшиб қўяди. Ўша вақтда 12-фарзандига ҳомиладор бўлган азадор онаси Этелнинг жаҳли чиқиб «Уйдан чиқиб кет, ҳаётимдан даф бўл», деб ўғлини ҳайдаб солади.

Она ўғлини хусусий мактаб интернатга бериб, ўқиши давомида бирор марта ҳам уни кўргани бормайди. Робертни ёмон хулқи ва наркотик истеъмол қилгани учун икки марта ўқишдан ҳайдашгач, у ўзини оталиққа олган оила билан яшашга мажбур бўлади.

1970 йилда 16 ёшли Роберт Кеннедини мариҳуана чеккани учун қўлга олишади. Фақат сенатор амакиси Эдвард Кеннедининг аралашувидан кейин ўсмирни синов муддати билан қўйиб юборишади. Наркотик истеъмол қилишига қарамай, Роберт Ҳарвард университетига ўқишга кириб, тарих ва адабиёт бўйича бакалавр дипломини олади. Кейин эса ҳуқуқшуносликка ўқийди.

Роберт 1982 йилда Ню-Йорк округ прокуратурасига ишга киради, аммо ҳуқуқшунослик лицензиясига имтиҳондан ўтолмагани учун кўп ўтмай ишдан кетади. Мактаб давриданоқ героин истеъмол қила бошлаган Роберт 1983 йил наркотик таъсирида самолётда мазаси бўлмай қолгач, яна қўлга олинади. Аммо бу гал ҳам қамоқдан қутулиб қолади. Унга ахлоқ тузатиш жазоси қўлланади. Ўзининг айтишича, героин истеъмол қилишдан қутулиш учун унга 14 йил вақт керак бўлган.

Роберт жазони ўташ даврида Natural Resources Defense Council (NRDC) экологик ҳуқуқбонлар ташкилотида волонтёрлик қила бошлайди. Ҳуқуқшунослик лицензиясини олгач, ташкилотда ишда қолади. Фаолияти давомида бир қатор ишлаб чиқариш лойиҳалари табиатга зарар етказишини исботлаб, уларнинг тўхтатилишига эришади. Шунингдек, АҚШ ва Лотин Америкасидаги туб аҳоли ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан ҳам шуғулланади.

Кичик Роберт Кеннеди 1994 йил октябрида
Barbara Alper / Getty Images

2000-йилларга келиб Кеннеди экологик ҳуқуқ бўйича АҚШдаги етакчи мутахассислардан бирига айланади. У асос солган Kennedy&Madonna ширкати ConocoPhilips нефт компанияси, Ford Motor Company автокомпанияси ва DuPont кимёвий ширкатлари билан атроф-муҳитни зарарлаш масалаларида муваффақиятли судлашади.

Ўз оиласи ҳам қоралайдиган антиваксер (эмлашга қарши инсон)

Кичик Кеннедининг нутқида хириллаш шаклидаги муаммо бор. Бу касаллик сиёсатчида 40 ёшларида пайдо бўлиб, охирги йилларда айниқса қаттиқ сезилмоқда. Одамлар орасида нутқий нуқсон ҳисобланмиш дисфония гриппдан эмлаш оқибатида келиб чиқиши ҳақида миш-миш юради ва Роберт бу ҳақида оммавий тарзда гапирган.

1994 йилда кичик Кеннеди ва иккинчи хотини Мэри Ричардсоннинг оиласида ўғил фарзанд Конор дунёга келади. Кейинроқ болада ерёнғоққа аллергия борлиги аниқланади. Шу сабаб унда бир неча марта анафилактик реакция кузатилади. Кеннеди ва хотини бу муаммони ўрганишга киришиб, ҳатто Food Allergy Initiative номли егуликдан келиб чиқадиган аллергияларни ўрганувчи фонд очишади.

Ричардсон «Ерёнғоқдан аллергия эпидемияси» номли китоб ёзиб, бундай турдаги аллергия келиб чиқишининг сабабларидан бири – болалар учун янги вакцина эканини айтади. Роберт хотини ёзган китобга кириш сўзи ёзган.

2005 йилда Кеннеди яна бир тиббий муаммони кўтариб, Rolling Stone журнали сайтида болаларни эмлашда ишлатиладиган вакциналарда консервант сифатида ишлатиладиган тиомерсал аутизмга олиб келиши мумкинлигини ёзади. Кейинроқ таҳририят мақола матнидаги хатоликлар туфайли учун ўчирилганини маълум қилади. Сиёсатчи эса мақола фармацевтика компаниялари босими билан ўчирилган деб ҳисоблайди.

2014 йилда кичик Кеннеди бу мавзуни давом эттириб китоб ёзади ва унда «эмлаш оқибатида келиб чиқадиган аутизм»ни холокостга қиёслайди. Бир йил ўтиб сиёсатчи вакцина, хлорланган сув, парацетамол, Wi-Fi, 5G тизимлари аутизм, саратон, аутоиммун касалликлари, аллергия келтириб чиқариши ҳақида мақолалар эълон қилувчи World Mercury Project лойиҳасига қўшилади.

2016 йилда Роберт фармацевтика компаниялари эмлаш хавфини яширишда айбланган «Вакцияга балоси» китобининг ҳаммуаллифига айланади. У эмлашга қарши эмаслиги, шунчаки вакциналар чуқурроқ ўрганилиб, синовдан ўтказилиши кераклигини айтган бўлса-да, бу борада кўп марта илмий тадқиқотларга зид маълумотлар тарқатган.

Бундан ташқари, Роберт Кеннеди одамларнинг антидепрессантлар қабул қилишини мактаблардаги оммавий отишмалар ортгани билан боғлаган. 5G алоқаси эса, унинг фикрича, инсон ДНКсига салбий таъсир қилиб, онкологик касалликлар келтириб чиқаради. Яна бир интервюсида Кеннеди Wi-Fi тармоғининг нурланиши инсон танасидаги гематоэнцефалик тўсиқларни очиб, танадаги токсинлар мияга ҳам тушиши мумкинлигини айтади.

Коронавирус пандемияси бошлангач, Кеннеди фаол тарзда оммавий эмлашга қарши чиқади. Унинг фикрича, мажбурий эмлаш «инсонни қулга айлантиради». Кеннеди ҳатто нацистлар Германиясидаги Анна Франкнинг (уруш вақтида концлагерга ташланган германиялик яҳудий қиз) эмлашга қарши бўлган америкаликлардан кўпроқ ҳуқуқи бўлганини айтиб, ноодатий метафора қилади.

Пандемия вақтида кичик Кеннеди яна бир ғалати гап айтади. Унинг тахминича, коронавирус гўёки инсонларни «этник гуруҳларга ажратиш»га йўналтирилган. Сиёсатчи вирусдан кўпроқ европоидлар ва қора танлилар зарарланаётгани, ҳаммадан кам эса хитойликлар ва ашкеназ яҳудийлари (Шарқий Европа яҳудийлари) жабрланганига эътибор қаратган. У кейинроқ Жо Байденга хат ёзиб коронавирусга мажбурий эмлаш 1,5 мингдан ортиқ ўлим ҳолатига олиб келганини айтган.

Кичик Кеннеди пандемия вақтида АҚШда энг машҳур одамлардан бирига айланган мамлакат бош инфекционисти Энтони Фаучига ҳам «ҳужум қилган». У ёзган китобларидан бирида Фаучини гўёки инсониятни бошқаришни истаётган Билл Гейтс ва йирик фармацевтика компаниялари билан яқин муносабатда эканини айтиб, «Ғарб демократиясига қарши давлат тўнтариши»да айблаган. Кеннеди ўша китобида ОИВ ва ОИТС ўртасида алоқадорлик борлигини ҳам рад этган.

Кеннеди йирик медиа компаниялар билан шахсан судлашган ҳам. 2021 йил Instagram аккаунти вақтинча блоклаб қўйилгач, Кеннеди ижтимоий тармоқни цензурада айблайди. Унинг фикрича, саҳифаси Америка ҳукумати талаби билан блокланган. Facebook, Google, The Washington Post каби медиа гигантларни ҳам судга берган.

Хусусан, WP газетасини ғалати айблов билан судга беради. Унинг даъвосига кўра, нашр гўёки пандемиядан катта фойда кўраётган Amazon фойдасига бу ҳақда индамган. Кеннедининг кўплаб қариндошлари унинг бу фикрига қўшилмайди. Ҳали коронавирус ҳақида гап бўлмаган 2019 йилдаёқ Робертнинг синглиси Кэтлин Таунсенд, укаси Жозеф Кеннеди II ва жияни Мейв Маккин унинг эмлаш борасидаги позициясини қўлламаслигини айтиб баёнот берганди.

2020 йил сиёсатчининг яна бир жияни, шикофор Керри Мелцер NYT газетасида уни коронавирусга қарши эмлашга нисбатан позицияси учун танқид қилади. Коронавирус этник ажратишга хизмат қилаётгани ҳақида ғалати баёнотини эса синглиси Керри ва жияни Жозеф Кеннеди III танқид қилади.

Президентликка номзод тўртинчи Кеннеди

Роберт Кеннеди АҚШ президентлигига номзодини қўйиши ва демократлар праймеризида қатнашиши ҳақида 2023 йил апрел ойида маълум қилиб, шу тариқа Кеннедилар оиласидан президентликка номзод бўлган тўртинчи аъзога айланганди. Праймеризда демократлар етакчиси Жо Байденни енгиши керак бўлган 69 ёшли Роберт Кеннеди ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида ҳамон яхши жисмоний ҳолатда экани акс этган сурат жойлайди. У шу тариқа гўёки қариб қолган Байденни енгишига ишора қилади.

Бу баёнотидан кейин ўтказилган илк ижтимоий сўровларда Роберт Кеннедининг рейтинги 20 фоиздан ошади. Аммо унга асосий машҳурликни фамилияси келтираётганди. Масалан, сўровлардан бирида 40 фоиз одам уни дадаси билан адаштириб юборган. Сайлов кампанияси давомида демократ сайловчилар унинг қарашлари ҳақида маълумотга эга бўлгач, рейтинги икки баравар тушиб кетади.

Унинг баъзи қарашлари демократларникига бутунлай зид ҳам. Масалан, Байденни миграцион сиёсат ва жанубдаги чегарани бўш қўйганликда айблайди. Унинг фикрича, Мексика билан чегарада девор қуриш керак. Кеннеди сайланган тақдирда миграция масаласида кескин сиёсат олиб боришини айтган.

У ҳомила 15 ҳафталик бўлгандан кейин абортни қатъий тақиқлашни қўллайди. Бундан ташқари, кўпотар милтиқ савдоси тақиқланишига ҳам қарши бўлган. Халқаро масалаларда эса унчалик фаол фикр билдирмайди, аммо Исроилни очиқ қўллайди. Худди Трамп каби АҚШ Россияни провокация қилган, Украинага ҳарбий ёрдамни бас қилиш керак деб ҳисоблайди.

Кеннедининг бу позициясини унинг қариндошлари ҳам қоралаган. Рейтинг юқори бўлишига қарамай Демократик партия марказий аппарати праймеризда Байден ва рақобатчилар ўртасида дебат ўтказмасликка қарор қилди. Кеннеди бунга жавобан партия ўз тарафдорларини танлов ҳуқуқидан маҳрум қилаётганини айтди.

Кичик Кеннедининг қарашлари борган сари консерваторларга яқинлаша борди. Унинг штаби Республикачилар партияси ҳомийси Тимоти Меллондан 5 миллион доллар олди. Бошқа ўнгчи донорлар ҳам катта пуллар ўтказиб берган. У тез-тез республикачиларни қўлловчи Fox News эфирларида кўриниш берди, Танкер Карлсон каби консерватор журналистларнинг шоуларида қатнашди. Ҳатто республикачилар илтимосига кўра Вакиллар палатасининг давлат цензурасига бағишланган йиғилишида гувоҳ сифатида чақирилди.

Кимга ёрдам беради: Трампгами ёки Байденга?

9 октябр куни кичик Кеннеди АҚШ президентлиги сайловида мустақил номзод сифатида иштирок этишини айтди. Унинг анонси ҳам ғалати чиқди. Аввалига нутқининг матнини ёдидан чиқариб қўйди. Кейин матнни суфлёрга ўтказишларини сўради, лекин ўзи суфлёр экранига тескари туриб олди.

АҚШда президентлик сайлови марказлашган тартибда эмас, барча ҳудудда алоҳида ўтказилади. Мустақил номзодлар учун бутун мамлакатдаги бюллетенларда ўз номини киритиш шартларини бажариш қийин бўлади. Шу сабаб Кеннеди катта эҳтимол бирор кичик партия вакили сифатида ўз номзодини кўрсатади.

Экологик қарашлари инобатга олинса, Кеннеди яшиллар сўлчи партиясидан номзод сифатида кўрсатилиши мумкин. Корнел Уэст мустақил номзод бўлишини айтгач, бу партия яқинда номзодсиз қолганди. Барча факторларни инобатга олиб, холис фикр билдирилса, Роберт Кеннеди президент бўла олмаслиги ҳақиқатга яқин. Чунки мамлакат тарихида мустақил номзод ҳеч қачон сайловда ютмаган. Унинг ҳозирги рейтинги 15 фоиздан ошмайди. Сайловчилар эса овоз бериш кунида алтернатив таклифлар ҳақида бош қотирмайди.

Аммо бу номзод билан боғлиқ жиддий интрига бор: у сайловда Жо Байден ёки Доналд Трампга халақит бериши мумкин. Байден жамоаси президентнинг рейтинги юқори бўлмаган бир вақтда ҳар қандай учинчи номзод антитрампча «коалиция»ни яксон қилиши мумкинлигидан хавотирланмоқда. Бу ишни айниқса Кеннеди фамилияли номзоддан кутиш мумкин.

Учинчи машҳур номзод пайдо бўлгани Трамп жамоасини ҳам хавотирга солаётгани турган гап. Ахир у айниқса республикачилар орасида машҳур. Сўровларга кўра Роберт Кеннедига нисбатан консерваторларнинг 60 фоизи, либералларнинг 30 фоизи ижобий фикрда.

Кичик Кеннедининг уч синглиси ва укаси унинг номзодлигига билдирган муносабатида «Робертнинг фамилияси худди отамизники каби, лекин қарашлари бошқача», деб айтишган. Улар кичик Кеннеди Байден қайта сайланишига таҳдид ўлароқ номзод бўлаётганини қоралаган.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг