Қоҳира шаҳрида Ғазодаги вазият юзасидан АҚШ ва Исроил иштирокисиз бўлиб ўтган учрашувлар самарасиз якунланди. БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзоларининг фикрлари ҳам доимгидек якдил эмас. Kun.uz сўнгги воқеаларни таҳлил қилиш учун “Геосиёсат” дастурига сиёсатшунослар Лутфиддин Хўжаев ва Камолиддин Раббимовни таклиф этди.
— Исроил фақат ҲАМАС билан уришмоқдами ёки мақсад бутун Фаластинни эгаллашми?
Лутфиддин Хўжаев: — Сўнгги воқеалар ва иккала томон баёнотларини таҳлил қиладиган бўлсак, ҳозирги пайтда Исроилнинг асосий мақсади – Ғазо секторидаги ҲАМАС фаолиятига чек қўйиш. Чунки сўнгги 5-7 йил ичидаги Фаластин-Исроил можаролари асосан ҲАМАС билан бўляпти. Шу пайтгача бўлган тўқнашувларнинг энг узуни 17 кун бўлган эди. Ҳозирги уруш бошланганига эса 18 кун бўлди. Исроил томони ҳарбий ҳаракатларни 3 ой давом эттиришни режа қилшган, деган хабар ҳам чиқди, аммо ҳали бу аниқ эмас. Қуруқликдаги қўшинлар фаол ҳаракатга келгани ҳам йўқ. Чунки жаҳон ҳамжамияти икки томондан ҳам ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни сўраяпти.
Жуда катта фожиа бу, 2,5 млн аҳолиси бор ҳудуд гуманитар ҳалокат ёқасида турибди. Ғазодаги иншоотларнинг учдан бири бомбардимон натижасида бутунлай яроқсиз ҳолга келган. Шунинг учун ҳам ҳозирги асосий мақсад – уруш ҳаракатларини тўхтатиш.
Исроил бу урушда фақат ҲАМАС билан чекланади, менимча. Чунки Фаластин ҳукумати вазиятга босиқлик билан ёндашиб, тинч йўл билан ҳал қилиш позициясида.
Камолиддин Раббимов: — Менингча эса Исроил ҲАМАС орқали Фаластин давлатчилиги билан курашяпти. Воқеалар ривожига қарасак, ҲАМАС 1987 йилда тузилган. Жангари гуруҳларнинг Исроил атрофида пайдо бўлиши асосан 70-йиллардан бошланади. Яъни 1947 йилдан 70-йилларгача араб давлатлари Исроилни тийиб туришга ва Фаластин давлатини ташкил қилишга ҳаракат қилди.
Бу ерда савол пайдо бўлади. Агар фақат ҲАМАС билан курашяпти экан, нега Нетаняҳу ҳокимиятга келгач, Ғарбий соҳилдаги босқинлар, яҳудийлар жойлашуви тобора кучайиб боряпти? Маҳмуд Аббос маъмурияти билан мулоқотни тўхтатиб, эътиборни ҲАМАС билан курашга қаратди. Ўйлашимча, бу – Исроилнинг тактикаси. Асосий мақсад – босиб олинган ерларни Фаластин давлатчилигига қайтармаслик ва Фаластин давлати ташкил топишига йўл қўймаслик. Исроил 1967 йилги чегараларга қайтмоқчи эмас.
— Исроил қуруқлик операцияларининг ҳалигача бошламагани сабаби Байден ва Блинкеннинг Яқин Шарққа ташрифими?
Лутфиддин Хўжаев: — Менимча, ҲАМАС ўтган вақт давомида ўзининг ҳарбий салоҳиятини анча ошириб олган. Хусусан, ерости туннеллари қурилган. Исроил Ғазога киргач, қандай вазият бўлишини ҳеч ким айтолмайди.
ҲАМАС ҳеч қачон Исроилни давлат сифатида тан олмаган. Бу эса муаммони янада чигаллаштиради. Муаммо яқин кунларда ҳал қилинмаса, Исроил ҳеч қандай музокаралар олиб бормайди. ҲАМАС ва Исроилни қўлловчи кучлар омили ҳам бор бу ерда. ҲАМАСни Эрон, Қатар, маълум маънода Туркия қўллайди. 70-80-йиллардан кейин янги ўйинчилар кириб келди, вазият мураккаблашди.
Дипломатик каналлар ҳам олиб бориляпти. Хусусан, Миср ҳукумати жанг ҳаракатларини тўхтатиш учун тинимсиз мулоқотга киришяпти. Миср – Ғазо билан чегарада жойлашган. Чегарани ёпиб ташлади. Чунки қочоқлар масаласи ўртага чиқади. Шунинг учун иложи борича тезроқ тўхтатишга ҳаракат қиляпти. АҚШ, Қатар, Туркия, БАА, ЕИ вакиллари ҳам дипломатик мулоқотлар олиб боряпти ҳозир. 75 йилдан бери давом этаётган муаммони ечиш осон иш эмас, албатта. Механизмлар ишлаб чиқиш, турли музокаралар олиб бориш керак.
Камолиддин Раббимов: — Минтақадаги қайси давлат деструктив экани ҳаммага маълум. Исроил ҳарбий жиҳатдан ниҳоятда қудратли. Халқаро майдонда коллектив ғарб тимсолидаги ҳимоячиси ҳам мавжуд. ҲАМАС билан курашиш баҳонасида Ғазодаги бутун бир инфратузилма йўқотилди. Касалхоналар, мактаблар, маъмурий бинолар, йўллар йўқ қилинди. Исроил Ғазони блокада қилиши ва тинч аҳолини нишонга олаётганини бутун дунё кўриб турибди. Исроил ҳар доим шундай қилган. “Менда қудрат бор, халқаро қонунчилик доирасида ҳам шундай қилоламан” деган тафаккурини Исроил доим амалда кўрсатиб келган.
Исроил билан дипломатик келишув ишлаганда шу пайтгача ишларди. Фаластин ҳудуди борган сари камайиб боряпти ва яҳудийлар жойлашуви кучаймоқда. Халқаро майдонда ҲАМАСни кеча пайдо бўлган жангари гуруҳ деб иддао қилинади. Хўп, шундай экан, бошқаларга-чи, уларга ҳам Фаластиннинг бир қарич ерини бермаяпти-ку.
Исроил ҳозирча Ғазога кириб бормаётганига иккита сабаб бор. Биринчи сабаб: Ғазога кириб борса, уруш чўзилиб кетади ва партизанлар уруши бошланади, бунинг оқибатлари Исроилнинг ўзи учун ёмон бўлиши мумкин. Иккинчи сабаб: халқаро босим кучли, лекин шунда ҳам бомбардимон қилишдан тўхтамаяпти. Исроил – БМТ ассамблеясида энг кўп салбий резолюция олган давлат. Исроилда олдин қолган араб давлатлари билан келишиб олайлик, деган фикр бўлиши мумкин.
Блинкен Қоҳирага келганда, Миср президенти Ас-Сиси айтдики: “Қоҳирада, умуман, Мисрда минг йиллар давомида яҳудийлар яшаган, лекин ҳеч қандай конфликт бўлмаган”, деди. Бизнинг Бухорода ҳам шундай, яҳудийлар бир неча асрлардан бери доим яшаган. Яъни Исроилнинг ҳозирги тафаккури жароҳатланиш оқибати, иккинчи жаҳон уруши ва ундан олдинги воқеалар туфайли шундай бўлган. Шу қаҳр-ғазаб билан Фаластинга нисбатан шундай сиёсат олиб боряпти.
Лутфиддин Хўжаев: — Жаҳондаги ҳозирги халқаро муносабатлар тизими асосан 1945 йилдан кейин шаклланди. Хавфсизлик кенгашининг 5 та аъзоси ҳам. 1991 йилга келиб эса бу мувозанат бузилди. Халқаро доирада Яқин Шарқ масалаларида асосий ҳомий АҚШ бўлиб қолди. Халқаро хавфсизликни таъминловчи институтда ихтилофлар пайдо бўлди. Энг катта сабаблардан бири шу. Шунинг учун халқаро ҳуқуқ доирасидан чиқишлар бўляпти.
Халқаро муносабатлар тизимида фундаментал ўзгаришлар кетяпти. Глобал хавфсизлик институтда муаммолар ва халқаро ҳуқуқдан четлашиш кескинлик ортишига сабаб бўляпти.
Нормуҳаммадали Абдураҳмонов суҳбатлашди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг