11:51 / 19.11.2023
464

Украина армияси Херсоннинг чап соҳилида ўрнашди, буёғига нима бўлади?

Фото: Getty Images
Украина қўшини мудофаада турмасдан, ҳужум ҳаракатларини давом эттираётган йўналишлардан бири — Херсон йўналишидир. Бу ерда Украина қуролли кучлари денгиз пиёдалари Днипро дарёсининг сўл соҳилида кичик плацдармларни эгаллаган ва ўз қўлида сақлаб қолмоқда. Аммо буёғига нима бўлади?

Украинлар Херсон областининг истило остидаги чап соҳилида бир неча тактик плацдармларга эга экани — аллақачон барчага маълум факт. Бу хабар тарқалганига анча вақт бўлса ҳам, Украина қуролли кучлари раҳбарияти бу ҳақда узоқ вақтгача сукут сақлаб келди.

Сиёсий раҳбарият аллақачон «Херсондаги яхши қадамлар» ҳақида эълон қилганди. Бу ҳақда дастлаб 8 ноябр куни президент Володимир Зеленский маълум қилганди, 14 ноябр куни унинг офиси раҳбари Андрий Ермак тўғридан тўғри «украин кучлари Днипронинг чап соҳилида ўрнашгани» ҳақида ёзди.

Фақат 17 ноябр кунига келиб Украина ҚК бош штаби Днипронинг чап соҳилидаги «муваффақиятли ҳаракатлар»дан мақсад — рақибни имкон қадар узоққа суриб ташлаб, ўнг соҳилдаги аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш экани ҳақида баёнот берди. Зеленский телеграм-каналида чап соҳилдаги украин ҳарбийларининг суратларини намойиш этди.

Россия ҳукумати фронтнинг бу участкасига урғу қаратмаяпти. Лекин РФ мудофаа вазирлиги украин ҳарбийларининг Днипрони кечиб ўтишга уринишларининг «олди олинаётгани» тўғрисида тез-тез ҳисобот бермоқда.

Октябр ойи охирида рус нашрлари Россиянинг ушбу йўналишдаги гуруҳи қўмондони алмаштирилгани ҳақида хабар қилганди. «Днепр» гуруҳига энди ҳаво-десант қўшинлар бошлиғи Михаил Теплинский раҳбарлик қилмоқда.

Унинг қаршисидаги биринчи галдаги вазифа — украинларнинг дарёнинг бу томонидаги плацдармларини йўқ қилиш ва Кремл учун бу йўналишни хавфсиз қилиш ҳисобланади.

Бу қандай плацдармлар?

Украинлар Днипрони кичик ўлчамдаги қайиқларда кечиб ўтиш учун уринишларини бошлаганига бир йилча бўлди.

Таҳлилчилар украинларнинг Кринкидаги плацдарми орқали Россия қўшинининг Олешкидан Нова Каховкага борувчи муҳим йўлини кесиб қўйиши мумкин деб ҳисобламоқда

2022 йил ноябр ойи охири — декабр ойи бошларида, РФ армияси ўнг соҳилни ташлаб чиққанидан кейин, украинлар Днипронинг ўртасида жойлашган ботқоқли ороллар устидан назорат ўрнатишни бошлаганди.

Бу йўналишдаги фаол ҳаракатлар шу йил баҳорида ҳам давом этди. 6 июн куни Каховка ГЭС тўғонида рўй берган портлаш ва Днипро суви ҳудудни босиши бунга сезиларли даражада тўсқинлик қилади.

Аммо Украина ҚК дарёни кечиб ўтишга ва Антонов кўпригининг вайрон бўлган таянчлари атрофидаги кичик ҳудудда мустаҳкам ўрнашиб олишга муваффақ бўлади.

Август ойида яна бир плацдарм ҳақида маълумот пайдо бўлади — кўприкдан 20 км шарқда, Казачя Лагер қишлоғи атрофида. Октябр ойида эса россиялик «ҳарбий блогерлар» яна икки плацдарм ҳақида гапира бошлашди — Кринки (Казачя Лагердан 7 км шарқда) ва Песчановка (Олешкидан 3 км шарқда) посёлкалари яқинида.

BBC Украина хизматининг ушбу йўналишда жанг қилаётган украиналик ҳарбийлар орасидаги манбалари ушбу плацдармларнинг айримлари устидан назорат ўрнатилганини тасдиқлашган. Бу нуқталардаги жангчиларга ўқ-дори етказиб бериш ва ҳарбийлар ротацияси Днипрони, шунингдек унинг ирмоқлари — Конки ва Кринкини кечиб ўтувчи кичик қайиқлар орқали амалга оширилади.

Украина ҚК генерали, Миколайив мудофаасини бошқарган, ҳозирда эса дрон операторлари отряди билан жанубий йўналишда жанг қилишда давом этаётган Дмитро Марченко бу ердаги «оғир вазият» ҳақида гапирган.

Украина ҚК 36-денгиз пиёдалари бригадаси жангчилари машғулотидан кадр

«Биз маълум кучларни нариги соҳилга ўтказдик. Ҳозир улар кейинги юриш ҳаракатларини режалаштириш учун мустаҳкам ўрнашишга ҳаракат қилмоқда, — дея қайд этган у интервюда. — Аммо вазият жуда мураккаб, жуда оғир, чунки тўсиқ бор — бу дарё. Ва [куч ҳамда воситаларни] олиб ўтказиш Россия томонининг [оловли] назорати ва зарбалари остида кечмоқда».

Украина қуролли кучлари учун энг асосийси — плацдармларга оғир зирҳли техникалар олиб ўтиш ва уларни кенгайтириш имкониятидир, деган BBC учун берган интервюсида Мудофаа стратегиялари маркази эксперти, УҚК ҳарбий-денгиз кучлари штаби бошлиғининг собиқ ўринбосари Андрий Риженко.

Унинг сўзларига кўра, украин денгиз пиёдалари шундай ҳаракатлар учун ўқитилган ва тайёрланган, аммо десант катерлари етарли миқдорда эмас.

Шунингдек, ҳаводан қўллаб-қувватлов йўқ.

Шунга қарамай, украин қўшини муваффақият қозониш имкониятига эга, дея тахмин қилган таҳлилчи РФ Херсон йўналишида етарли миқдорда захира кучларга эга эмаслиги ва Днипронинг сўл соҳилида кучли мудофаа истеҳкомлари йўқлигини ҳисобга олган ҳолда.

«Асосийси, мен ўйлайманки, Украинада бунинг учун вақт кўп эмас, — деб ҳисоблайди Риженко. — Уларнинг бу йўналишда тайёр эмаслигидан фойдаланиш учун бир неча ҳафта бор — акс ҳолда, россияликлар „Суровикин линияси“ барпо этиб, мина ва бетон тўсиқлар ўрнатган Запорижжя областидаги ҳолат такрорланади».

Бу плацдармлар нима учун?

Воқеаларнинг идеал ривожида украинлар нафақат тактик плацдармларни ушлаб туриши, балки уларни оккупация қилинган ҳудуд ичкарисига имкон қадар чуқурроқ кириши учун керак бўладиган оператив плацдармга бирлаштириши мумкин.

Асосий мақсад — Қрим бўйнигача масофа — 100 км атрофида.

Аммо энг яқин мақсад — Алешки — Нова Каховка трассасини (Т2206 йўли) кесиб қўйиш, ушбу йўлга қадар масофа тахминан 5-7 км, дея изоҳлаган «Информацион қаршилик» гуруҳининг ҳарбий шарҳловчиси Константин Машовец.

«Асосий режа — Нова Каховкага борадиган йўлни узиб қўйиш. Бу соҳил бўйидаги, Казачя лагер, Кринки, Корсунка ва бошқа аҳоли яшаш манзиллари орқали ўтадиган йўл эмас. У ерда яна бир муҳимроқ йўл бор, чунки бу рокада (фронт чизиғи бўйлаб ёки унга параллел йўналишда кетадиган алоқа йўл) бутун фронт бўйлаб манёврлар қилишда муҳим».

5-каналга интервюсида эксперт агар Херсондаги асосий трассаларни назорат қилмаса, Россия фронтнинг «қайноқ нуқталари»га захираларни тезкорлик билан юбора олмаслигига эътибор қаратган.

«Агар манёвр қилиш қобилиятидан маҳрум этилса, душман чап соҳилни ушлаб қола олмайди», — дея хулоса қилган у.

Қолаверса, Россия ҳукуматининг айрим вакиллари аллақачон Украина қуролли кучлари Олешкидан Нова Каховкага борувчи трассани барибир кесиб қўйгани ҳақида гапира бошлади. Хусусан, бу ҳақда Россия телевидениеси эфирида Запорижжя областининг оккупация остидаги қисми ҳукумати вакили Владимир Рогов айтиб ўтган.

«Муаммо шундаки, Кинбурн қумлоғи ва Алешки ўртасидаги, шунингдек Алешки ва Нова Каховка ўртасидаги логистика бузилган. Яъни ўқ-дори ва шахсий таркибни етказиб бериш учун энди етарлича узун айланма йўлни босиб ўтиш талаб этилади», — дея қайд этган у.

Украиналик эксперт Андрий Риженко россияликлар яқин вақтлар ичида Кинбурн қумлоғидаги ва Херсоннинг соҳил бўйи ҳудудларидаги қўшинларини ичкарироқдаги Раденск шаҳрига (Олешкидан 12 км жанубда) олиб кетиши мумкинлигини истисно этмаган.

Унинг фикрича, РФ мудофаа вазирлигининг 13 ноябр кунги «Днипродан шарқдаги қўшинларни қайта гуруҳлар» тўғрисидаги «хатолик» билан чиқиб кетган маълумоти айнан шу билан боғлиқ.

Кинбурн қумлоғига келсак, амалда Миколайив ва Херсондаги портларга «дарвоза» ҳисобланадиган бу участкани озод этиш Украина учун ўта муҳим саналади.

Агар Россия қўшини чиндан ҳам қумлоқдан ҳайдаб чиқарилса, бу нафақат ушбу портларга денгиз йўлларини очади, балки бўғоз соҳилида жойлашган Очаков шаҳрини Россия артиллерия зарбаларидан холи қилади.

Аммо асосий вазифа — Россиянинг аннексия қилинган Қримдан келувчи логистик маршрутларини узиб қўйиш, деб эслатади Риженко.

«Ҳозир биз учун бу йўл билан Қримга яқинлашиб, таъминотни узиб қўйиш учун яхши палла. Бу Қримдаги Россия гуруҳи барқарорлиги нуқтайи назаридан жуда муҳим бўлади».

Лекин бу режани амалга ошириш учун вақт кам, чунки совуқ кунлар яқинлашаётгани ва об-ҳаво шароитлари ёмонлашаётгани туфайли Днипронинг чап соҳилидаги плацдармларни ушлаб туриш кундан кунга қийинлашиб боради.

Буёғига нима бўлади?

Кринки посёлкаси Россия қўшинларининг мунтазам авиазарбалари ва артиллериядан ўққа тутиши туфайли амалда тўлиқ яксон бўлган. Аммо украинлар барибир плацдармни сақлаб турибди. Фотода — россияликларнинг 12 ноябр куни авиабомбалар билан зарба бериш жараёни. Фото: «Война богов Z» телеграм-канали

Американинг Урушларни ўрганиш институти (ISW) таҳлилчилари украинлар Кринкидаги плацдармда қолаётгани ва ҳатто Днипро орқали бу ерга зирҳли техникаларини олиб ўтганини тасдиқлаган.

Аммо сўнгги кунларда Россия тузилмалари бу йўналишдаги ҳужумларини кучайтирди. Хусусан, улар Украина ҚК отрядларини Кринкидан жанубдаги ўрмонзордан суриб чиқаришган, шунингдек аҳоли яшаш манзили бўйлаб авиация ва «Солнцепёк» тизимидан зарбалар йўллаган.

Россия мудофаа вазирлигига алоқадор ҳисобланувчи Rybar телеграм-канали 12–13 ноябр кунлари украин қўшини плацдармда бўлиб турган илғор бўлинмалари ротациясини амалга оширилгани ҳақида ёзган. Украина қуролли кучларининг ҳаракатлари ўнг соҳилдаги стволли ва реактив артиллерия орқали, шунингдек, Днипро ўзанидаги оролларга жойлаштирилган миномёт батареялари орқали қўллаб-қувватлаб турилибди.

Украиналик таҳлилчи Константин Машовец РФ бу ерда захира кучларни жангга ташламаётгани, балки Украина ҚК плацдармини мудофаа чизиғининг олдинги позицияларида ҳаракатланувчи тактик гуруҳлар билан блоклашга ҳаракат қилаётганига эътибор қаратган. Улар қўшни Корсунка ва Казачя Лагер посёлкалари томондан ҳужумлар уюштирмоқда.

Экспертлар украинлар плацдарми кенгайиши истиқболлари борасида прогнозлар беришга шошилмаяпти.

Украина қуролли кучларининг ушбу йўналишда ишлаётган офицерларидан бири BBC Украина хизмати билан суҳбатда ҳозирча Днипро орқали барқарор логистика ва ҳарбий техникаларни олиб ўтиш имконияти таъминланмаганини билдирган.

Қолаверса, унинг сўзларига кўра, бу амалиёт фақат фронтнинг бошқа участкаларидаги юриш ҳаракатлари билан уйғунликда муваффақиятли бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.

Шундагина Россиянинг манёвр қилиш имкониятларини чеклаш мумкин. Акс ҳолда, у «Қримгача ёриб бориш» имкониятларига скептик ёндашади.

Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украина армияси Херсоннинг чап соҳилида ўрнашди, буёғига нима бўлади?