«Прямая линия» вақтида Владимир Путин Россиянинг Украинада жанг қилаётган қўшинлар гуруҳи сони ва таркиби билан боғлиқ айрим рақамларни келтирди. BBC ушбу рақамлар асосида Россия армиясининг ҳолати ҳақида қандай хулосалар чиқариш мумкинлигини аниқлашга ҳаракат қилди.
Россия президентининг сўзларига кўра, Украинадаги «махсус ҳарбий амалиёт» ҳудудида 617 минг нафар россиялик ҳарбий жойлашган. «Тўқнашув чизиғи узунлиги — икки минг километрдан узунроқ, ҳарбий ҳаракатлар ҳудудида 617 минг киши бўлиб турибди», — дея хабар берган у.
Шундан 244 минг нафари — 2022 йил сентябрида бошланган сафарбарликнинг биринчи тўлқини вақтида хизматга чақирилганлардир.
«Қаранг, бизда қисман сафарлик бўлди ва биз ўшанда 300 минг кишини чақирдик […] Ҳозир, менимча, 244 минг киши тўғридан тўғри ҳарбий ҳаракатлар ҳудудида бўлиб турибди», — деган Путин.
Унинг сўзларига кўра, яна 41 минг киши «маълум ёшга етгани, саломатлиги ва бошқа сабаблар туфайли» хизматдан бўшаб кетган.
2023 йил бошидан, сафарбарликнинг биринчи тўлқини якунланганидан буён Россия ҳукумати шартнома асосида армияда хизматга жалб қилиш кампаниясини фаоллаштирди. Путиннинг сўзларига кўра, бу орқали айни вақтга келиб 486 минг киши билан шартнома тузилган, йил охиригача бу рақам қарийб ярим миллионга етади.
Путин Россияда сафарбарликнинг навбатдаги тўлқини бўлмаслигига ишонтирган. Камида ҳозирча. «Бизга сафарбарликнинг нима кераги бор? Бугунги кунда бунга зарурат йўқ», — деган у.
Бу рақамлар нимани англатади?
Ўтган йилнинг ноябр ойи бошида Путин биринчи тўлқинда сафарбар этилган россияликлар сонини очиқлаганди. «300 минг киши сафарбар қилинган… Бизда эса — 318 минг. Нега 318? Чунки кўнгиллилар ҳам бор», — деганди у.
Агар бундан хизматдан бўшатилган 41 минг киши, шунингдек Путин 14 декабр кунги жонли мулоқот вақтида айтганидек айни вақтда ҳозирда ҳарбий ҳаракатлар ҳудудида бўлиб турган 244 минг киши чиқариб ташланса, 33 минг киши қолади.
Россия президенти буларнинг тақдири бўйича ҳеч нарса демаган. Лекин бу йўқотишлар сони айнан шунча дегани ҳам эмас — Путин «ҳарбий ҳаракатлар зонаси» деган иборани ишлатган, бу сафарбар қилинган 33 минг кишидан айримлари айни вақтда шунчаки Россия ҳудудида бўлиши ҳам мумкин.
Агар фронтда қолаётган сафарбар қилинганлар (244 минг киши) 2023 йилда шартнома асосида ҳарбий хизматга қабул қилинганлар (486 минг)га қўшилса, 730 минг киши чиқади — Россия армияси 2022 йил кузидан буён камида шунчага кўпайганини билдиради.
Бу у ёки бу даражада аниқ деб ҳисоблаш мумкин бўлган ягона рақамдир.
Нима номаълум қолмоқда?
Бунинг асосида Россия қуролли кучларининг ҳақиқий сонини ҳисоблаш қийин, чунки 2022 йил кузида, сафарбарлик бошлангунига қадар фронтда қанча ҳарбий бўлгани тўғрисида ҳеч қандай маълумот йўқ.
Биринчидан, Россия гуруҳи миқдори (унинг таркибига нафақат Россия армияси қисмлари, балки «ЛХР» ва «ДХР»даги ҳарбий тузилмалар ҳам киради) босқин бошланган вақтда турли манбаларда турлича келтирилганди.
Ҳарбий экспертлар кўпинча 300 минг атрофидаги рақамларга таянган, аммо бу маълумотлар фақат тахминий бўлгани туфайли улардан қандайдир натижалар олиш учун фойдаланиш қийин.
Иккинчидан, фронтда ҳалок бўлганларнинг аниқ сони номаълум бўлиб қолмоқда. BBC рус хизмати «Медиазона» билан биргаликда очиқ манбалардаги маълумотлар асосида қурбонлар сонини аниқлашга уриниб келади ва 2022 йил 11 ноябр ҳолатига кўра 8712 нафар аскар ва зобитларнинг ўлимини расман тасдиқлаган.
Аммо бу маълумотлар тўлиқ эмас ва аниқ рақам икки баробар кўп бўлган бўлиши мумкин. Бундан ташқари, бу ҳисоб-китоблар «ДХР» ва «ЛХР» ҳарбий тузилмалари сафида можарода иштирок этганларни ўз ичига олмайди.
2023 йил 1 декабрда Владимир Путин имзолаган фармонга кўра, Россия қуролли кучларида штатдаги ҳарбий хизматчилар сони 1 150 628 нафардан 1 320 000 нафарга оширилди.
Шундан 130 минг нафарини муддатли ҳарбий хизматга чақирилганлар ташкил этади — Россия ҳукумати кузги чақириқ вақтида айнан шунча ёшларни хизматга чақиришни режалаштирганди.
Россия президентига ишониш мумкинми?
Путин 14 декабр кунги матбуот анжуманида тилга олган рақамларни таҳлил қилишни қийинлаштирадиган яна бир ҳолат мавжуд.
Бу рақамлар катта уруш томонларидан бири бўлган давлат раҳбари тилидан янграмоқда.
Россия ўз қуролли кучлари ҳақидаги кўп маълумотларни махфий тутади: хусусан, йўқотишлар ҳақидаги маълумотлар эълон қилинмайди. Фронтдаги гуруҳ миқдори ҳам узоқ вақт сир тутилган.
Шунинг учун Владимир Путин ҳақиқий рақамларни ошкор этишдан манфаатдор эмас, деб тахмин қилиш мантиқан тўғридир.
Бошқа томондан, бу расмий баёнот бўлиб, бу агар нотўғри бўлиб чиқса, унинг сиёсатчи сифатидаги обрўсига таъсир қилади.
Путин томонидан айтилган рақамларни мустақил манбалар орқали текшириш имконсиз.
Бошқа томондан, бу ягона расмий маълумот бўлиб, келгусида аксар эксперт ва журналистлар ўз материалларида шу рақамлардан фойдаланади.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг