Россия билан уруш қачон тугайди, деган саволга жавобни ҳеч ким билмайди, деди Украина президенти Володимир Зеленский йил якунидаги матбуот анжуманида журналистларнинг уруш 2024 йилда тугаши эҳтимоли ҳақидаги саволига жавоб берар экан. «Ҳатто ғарблик ҳурматли ҳамкорларимиз кўп йиллар ҳақида гапираётган бўлса ҳам, аниғини билишмайди... Фикрлар кўпинча ҳақиқатдан фарқ қилади... Уруш, ғалаба, мағлубият, турғунлик – кўп қарорлар, йўналишлар ва таваккалчиликларга боғлиқ, лекин кўпроқ биз ва сизга боғлиқ. Агар барқарорлигимизни йўқотмасак, урушни эртароқ тугатамиз», деди у 19 декабр, сешанба куни. Шу билан бирга, у украиналикларнинг ғалабани яқинлаштириш қобилиятига ишонч билдирди.
Зеленский Украина яқин орада мағлубиятга учраши ҳақидаги даъволарни рад этди
Шу билан бирга, Зеленский Ғарб ёрдамининг камайиши ва Украинадаги сафарбарлик билан боғлиқ муаммолардан иборат бўлган келажакдаги мағлубият аломатлари ҳақидаги тахминларни рад этди. «Биз оғирроқ аҳволда эдик ва деярли бутунлай ишғол қилиндик, ҳар ҳолда давлатимизнинг марказий ҳудудлари... Тўлиқ қамалда эдик, чиқдик... Аввалги қиш бошқача эди, ҳозир вазият бошқача», - деди у. Украина раҳбари Ғарб ёрдамини давом эттиришдаги қийинчиликларни тан олди. «Сиз айтаётган хавф ҳар доим мавжуд, биз ҳаммамиз тирик одамлармиз. Лекин биз яшашимиз, курашишимиз ва жуда қаттиқ ишонишимиз керак», деди у.
Бундан ташқари, Зеленскийнинг сўзларига кўра, Россия бу йил «бирорта ҳам мақсадига» эриша олмади, шунинг учун «Украинанинг мағлубияти ҳақида ҳеч нарса дейиш мумкин эмас». Ғарб ёрдамини давом эттириш ҳақида гапирилса, Украина расмийлари янги келишувлар устида ишламоқда, деди у. «Ишончим комилки, Қўшма Штатлар бизга хиёнат қилмайди, биз келишиб олган нарсамиз тўлиқ амалга ошади. Евроиттифоққа келсак, катта ставкалар бор эди... Биз битта ғалабага эришдик. 50 миллиард еврога келсак, ишончим комилки, буларнинг барчасига аллақачон эришдик... Тез орада қарор қабул қилинади», — дея қўшимча қилди у.
Украина президенти сафарбарлик ва хорижий ёрдам ҳақида
Зеленский сафарбарлик ҳақида гапирар экан, Украина Қуролли кучларининг қўшимча 450-500 минг кишини ҳарбий хизматга жалб қилиш таклифини эълон қилди. «Бу жуда жиддий рақам, мен кўпроқ далиллар кераклигини айтдим. Чунки бу одамлар, адолат, мудофаа қобилияти ва молия масаласи. Одамларга келсак, менга аниқ маълумотлар керак, миллионлик армия нима бўлади, ҳар куни у қолаётган йигитлар билан нима бўлади?» - деди у. Сиёсатчи тегишли қонун лойиҳаси тайёрланаётганини эълон қилди, кейинчалик у Олий радага кўриб чиқиш учун тақдим этилади.
Зеленский, шунингдек, Украина Қуролли кучлари қиш охиригача бир нечта янги Patriot комплексларини олишини айтди, бироқ уларнинг сонини очиқламади. У хорижлик ҳамкорлар томонидан Украинага аллақачон тасдиқланган узоқ муддатли ёрдам кўрсатиш ҳажмини келтирди. «Белгия – 1,7 миллиард, Дания – 4,2 миллиард, Жанубий Корея – 2,3 миллиард, Латвия, Литва ва Нидерландия – юзлаб миллион, Норвегия – 7,5 миллиард, Франция – 2 миллиард, Германия – 8 миллиард, Швеция – 0,5 миллиарддан ортиқ ва Япониядан кўп миллиардлик ёрдам бўлади», — деди Украина президенти.
Исроил ва ҲАМАС гуруҳи ўртасидаги можаронинг Ғарбнинг Украинани қўллаб-қувватлашига таъсирини шарҳлар экан, у вазият кескинлашганидан кейин дунё Украинага эътиборни бироз камайтирганини ва бунда «Россия муваффақиятга эришганини» тан олди. «Баъзи давлатлар биринчи бўлиб кимга, Исроил ёки Украинага ёрдам бериш масаласида иккиланиб, ҳолатни чўзишни бошлади», деди у.
Зеленский НАТОда «қисман иштирок этиш» ғоясини рад этди
Украинанинг НАТОга интеграциялашув истаги ҳақида гапирар экан, Зеленский Украинанинг ҳарбий алянсда «қисман иштирок этиши» мумкинлиги ҳақидаги сигналларни «бемаънилик» деб атади. Унинг сўзларига кўра, Россия Украинага қарши урушни давом эттириш ниятида экан, «бу қандай бўлишини тасаввур қилиш қийин». «Агар Украинанинг бир қисми НАТО таркибида бўлса, у НАТОга кириб, уруш бошлайди. Ва бу ерда НАТО давлатлари тўлиқ эмас, балки НАТОда у ёки бу мақомга эга бўлган Украина ҳудудининг бир қисми учун курашадими, деган савол туғилади. Биз эгаллаб олинган ҳудудларни Россияники деб тан олмаймиз», дея тушунтирди у.
Украинанинг 1991 йилги чегараларга қайтиш стратегияси ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Зеленский уни ўзгартириш имкониятини рад этди. Бироқ у 2023 йилда Украина жанубидаги ҳарбий амалиётлар натижаларини ҳисобга олган ҳолда тактикани ўзгартиришини истисно этмади. «Йил охиригача биз ўзаро тушунишга эришамиз ҳамда кейинги режаларимиз ва қадамларимиз, кечирасиз, ҳозирча фақат сир бўлиб қолади», — дея қўшимча қилди Украина президенти.
«Тинчлик формуласи» платформасида Россия учун ҳужжат тайёрланади
Унинг сўзларига кўра, Россия Федерацияси билан зиддиятни тинч йўл орқали ҳал қилиш учун ягона ишчи платформа энди «тинчлик формуласи» платформасидир. У Малтадаги сўнгги йиғилишда 80 га яқин давлат иштирок этганини эслатиб, кейинги йиғилиш Швейцарияда ўтказилишини айтди. Шу билан бирга, Киев барча қитъалар, жумладан, Глобал жанубнинг вакиллари бўлишини таъминлашга ҳаракат қилади.
«Мана шу платформада мамлакатлар ўртасида фундаментал масалалар бўйича келишув бўлади ва биз тегишли ҳужжатни тайёрлашни бошлаймиз. Ҳужжат тайёр бўлгач, биз уни Россия Федерацияси вакилларига топширишимиз мумкин. Барча давлатлар ҳужжатимиз атрофида бирлашса, бу ҳужжатни худди ғалла билан бўлгани каби ўша томонга ҳам ўтказиш мумкин», — дея қўшимча қилди у.
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг