15:05 / 20.12.2023
967

Украинанинг эҳтимолий мағлубияти биз учун нимани англатади?

Украинанинг эҳтимолий мағлубияти биз учун нимани англатади?

Россия 2023 йилни урушда қўли баланд келишига катта ишонч билан якунлаяпти, Украинада эса тушкунлик. Бу урушнинг якуни қандай бўлиши – Марказий Осиёнинг яқин йиллардаги геосиёсий шарт-шароитини белгилаб беради. Воқеаларнинг ҳозирги ривожи минтақа интеграцияси учун тўсиқлар кучайиши ва бошқа салбий оқибатлардан дарак беради.

Украина босиб олинган ерларни самарали қайтариб ололмади. Сабаблари кўп. Жумладан, ғарб давлатлари Украинага етарлича ёрдам бера олмади, берилган ёрдамлар ҳам анча кечикди. Натижада, бугун шу нарса ойдинлашдики, Украина ва унинг иттифоқчилари босиб олинган ҳудудларни ҳарбий йўл билан осонликча қайтариб ололмайди. Шунинг учун Украина ва унинг тарафдорлари янги стратегия ишлаб чиқиш бўйича ўйланмоқда.

Расмий Москвада эса, кўтаринки руҳият. Россия пропагандаси “биз ғалаба қозонмоқдамиз” деган ахборот кампанияси олиб бормоқда. Россия узоқ муддатли авторитар империализмни ҳимоя қилиш бўйича кейинги қадамларни ташламоқда.

Шу кунларда Россия Думаси депутатлари русофобия тўғрисида қонун қабул қилишмоқда. Россиялик мустақил юристлар эса шокда, сабаби – русофобия ҳақидаги қонун энг аввало хорижликларга, бутун дунё аҳолисига, фуқаролиги йўқ бўлган шахсларга ҳам татбиқ қилиниши назарда тутилмоқда. Унга кўра, Россия ва россияликларга нисбатан қандайдир дискриминация содир қилган хорижликлар, фуқаролиги бўлмаган шахслар бу модда билан айбланиши ва таъқиб қилиниши кўзланмоқда.

Фараз қилинг, Ўзбекистондан ёки қўшни Қозоғистондан кимдир Россиянинг бирон журналисти ёки сиёсатчисини танқид қилса, бемалол русофобияда айбланиши ва РФ ҳудудига кириб боргудек бўлса, қўлга олиниши мумкин.

Шунингдек, Россияда таниқли ёзувчи ва адибларга нисбатан “террорчилик” айби қўйилган. Жумладан, Борис Акунин ва Дмитрий Биковлар қидирувга берилган.

Уч ойдан кейин, 2024 йилнинг мартида Россияда президентлик сайловлари бўлиши керак. Асосий номзод – ҳар доимгидек, Путин. Унинг ҳокимиятда қолишига ҳеч ким шубҳа қилмайди. У 2030 йилга қадар, яна 6 йил ҳокимиятда қолади. Демак, Россияда шаклланган авторитар, империячилик вектори сифат жиҳатидан фақат кучайиб боради. Бу – Марказий Осиё учун катта муаммо.

Хўш, Украинанинг де-факто ютқазиши, яъни босиб олинган ҳудудларни қайтариб ола олмаслиги Марказий Осиё минтақаси учун нималарни англатади?

Биринчидан, пост-совет ҳудудида кейинги бир ярим йилда анча пасайиб қолган Россиянинг империячилик кайфияти яна қад рослаб бошлайди. Россиянинг асосий икки стратегик лойиҳаси, яъни Евросиё иқтисодий иттифоқи ва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти яна ўз таъсирини парваришлаш томон йўл олади. Чунки кейинги бир ярим йилда, Россиянинг Украина билан банд ва фалаж бўлиши фонида, қолган давлатларнинг бу лойиҳаларга нисбатан шубҳа ва танқидлари ошиб кетди.

Жумладан, Ўзбекистонни ЕОИИга тўлақонли олиб киришга қаратилган босимлар яна жонланиб, кучая бошлайди. КХШТ борасида, Ўзбекистонда ҳарбий иттифоқларга аъзолик тақиқловчи қонун амал қилмоқда. Лекин Россия – тажовузкор давлат. Ва унинг мақсади – пост-совет ҳудудида ўз таъсир ва назорат тизимини кучайтириш ҳисобланади. Шундай экан, Украинанинг енгилиши фонида, Россиянинг тажовузкорлиги янада ялонғочланади.

Иккинчидан, минтақа давлатларининг интеграцион лойиҳалари ва тенденциялари анча секинлашади. Қад рослаётган Россия империячилиги МО минтақасидаги мустақил интеграцион жараёнларни тўхтатишдан, бу интеграциянинг ўз атрофида бўлишидан манфаатдор.

Учинчидан, минтақа давлатларида рус тили, адабиёти, маданияти, ахборот тизимининг таъсири нисбатан кучайиб бошлайди. Чунки Россия ўз тили ва геосиёсий таъсирини доим чамбарчас боғлаган. Мисол учун, қўшни Қозоғистонда рус тилига эътибор кучайтирилиши Тўқаев томонидан ҳам алоҳида урғуланди. Бу – ички, оҳиста босимнинг ҳосиласи бўлиши мумкин.

Тўртинчидан, кейинги йилларда Ўзбекистонда нисбатан эркин, миллий манфаатларга йўналтирилган мустақил ОАВ ва ахборот сиёсати шаклланаётган эди. Россиянинг империячилик кайфияти ва лойиҳалари қайтадан қад ростлаши фонида, минтақа давлатларидаги Россияга нисбатан мустақил ёки танқидий ахборот контентларини парваришлаш қийинлашади.

Демак, кейинги олти йил, Россиянинг демократик қарашдаги қатлами учун ҳам, МО давлатлари, жумладан, Ўзбекистоннинг сиёсий, геосиёсий мустақиллиги ва ҳуқуқий давлатчилиги ривожи учун ҳам мураккаб келади.

Шу билан бирга, кейинги олти йиллик Россияда қаттиқ авторитаризмнинг охирги муддати бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё