Суперлиганинг 16-тури доирасида "Шўртан" ўз майдонида "Хоразм" жамоасини қабул қилди. Учрашувдан сўнг мезбонлар бош мураббийи Элдор Мойлиев матбуот анжуманида иштирок этиб, ўйинга оид фикрлари билан ўртоқлашди.
Тажрибали мутахассис ўйиннинг дастлабки пайтларида жамоаси кутилганидек фаол ҳаракат қилганини таъкидлади:
— Беллашувни фаоллик билан бошлаган эдик, биринчи бўлиб ҳисобни очишга ҳам муваффақ бўлдик. Бироқ, шундан сўнг, икки марта қарши ҳужумга учраб, дарвозамиздан тўп ўтказиб юбордек. Иккинчи таймда ҳам ташаббус асосан бизнинг томонда бўлди, аммо афсуски, учинчи голни ҳам олдик. Рақиб — "Хоразм" жуда қаттиқ ва интизомли тарзда ҳимояланди. Биз кутилганча хавфли вазиятлар ярата олмадик. Бу камчиликлар устида иш олиб борамиз. Жамоамиз эндигина шаклланмоқда, футболчилар бир-бирини тушуниши учун вақт талаб этилади. Машғулотларда айнан шу нуқсонларни бартараф этиш устида ишлаймиз.
Шунингдек, Мойлиев жамоага яқинда қўшилган футболчилар борасида ҳам тўхталиб ўтди:
— Асосий эътиборни ҳужум чизиғи ва яримҳимояга қаратдик. Биринчи даврадаги энг йирик муаммоларимиз айнан олдинги чизиқда эди. Гарчи тўпни яхши назорат қилган бўлсак-да, рақиб ҳимоясини ёриб ўтишда муваффақиятимиз паст бўлган. Шу боисдан ёш ва ижодкор, олдинга ҳаракатлана оладиган футболчиларни танлаб олдик. Улар келгуси ўйинларда албатта катта ёрдам беради, деб ишонаман.
Мутахассис жамоанинг бугунги ўйинда қандай тактика асосида ҳаракат қилганини ҳам очиқ қилди:
— Биз рақибни майдоннинг юқори қисмидан босим остида ушлаш, ҳужумда фаол ва ҳужумкор ҳаракат қилишни мақсад қилган эдик. "Хоразм"нинг айрим босим вазиятларини олдиндан ҳис қилгандик ва шунга мос равишда узоқ масофали узатмаларни қўллашга қарор қилдик. Ачинарлиси, айнан қарши ҳужумларда тўп ўтказдик. Илк икки гол олдидан бурчак зарбаси ижро этдик, бироқ голлар аксинча ўз дарвозамизга кирди. Бу ҳолатда қарши ҳужумларга тайёр эмаслигимиз ўз тасдиғини топди.
Мойлиев жамоада тажрибага эга футболчиларнинг етарли эмаслигини ҳам яширмади:
— Ростдан ҳам жамоада тажрибали ўйинчилар сони кам. Давралар орасида бундай футболчиларни жалб этиш осон эмас. Қолаверса, молиявий имкониятларимиз ҳам юқори савиядаги футболчиларни жалб қилиш учун чекланган.
Шу билан бирга, у режалаштирилган трансферлар ҳақида тўхталиб, қайси битимлар амалга ошмай қолганини ҳам очиқ қилди:
— Албатта, амалга ошмаган келишувлар бўлди. Бир нечта легионерлар билан музокаралар олиб бордик, аммо охири ижобий якунланмади. Масалан, "Насаф" клуби Сардор Баҳромовни беришга рози бўлган эди, бироқ кейинроқ футболчининг оила аъзолари бу трансферга қарши чиқишди. Натижада, бу футболчини жамоага жалб этиш имкони бўлмади.
Элдор Мойлиевнинг жамоаси ҳозирча ўз ўйинини топа олмаётган бўлса-да, унинг ҳар бир сўзида келажакка ишонч ва интилиш бор. Янги футболчиларнинг мослашуви ва жамоавий бирликни шакллантиришга қаратилган ҳаракатлар натижа беришига ишонмоқдамиз.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!