Қатарда яшовчи Хония одатда фақат муваффақиятга эришиш эҳтимоли юқори бўлгандагина дипломатик жараёнларга ошкора қўшила бошлайди.
Охирги марта у Мисрга ноябр ойи бошида, урушда бугунгача ягона бўлиб турган оташкесим эълон қилиниши арафасида ташриф буюрганди - ўшанда ўт очишни тўхтатиш режими бир ҳафта давом этган ва гаровдагиларнинг юздан ортиғи озод этилганди.
Музокараларнинг боришидан хабардор бўлган манба Reuters агентлигига айтишича, улар сулҳ ҳақидаги янги келишув доирасида ҳамон Ғазода гаровда қолаётганлардан кимларни озод этиш ва Исроил бунинг эвазига қайси маҳбусларни қайтаришини муҳокама қилишади.
BBC мухбири Йоланда Кнеллнинг таъкидлашича, Ғазо секторида тўлиқ ўт очишни тўхтатишга ҳали узоқ бўлса-да, Исроил ва ҲАМАС ўртасида ҳарбий ҳаракатларда янги танаффус бўлишининг белгилари пайдо бўлмоқда.
Аммо бунинг учун ҲАМАС билдириб келаётган ўз позициясини ўзгартириши керак бўлади. Ҳаракат мунтазам равишда бунда буён исроиллик асирларни фақат буткул ўт очишни тўхтатиш эвазига қўйиб юбориши мумкинлигини айтиб келмоқда.
Маҳаллий нашрларга кўра, Исроил аёллар ва кекса ёшли кишилар ёки даволанишга муҳтож бўлган асирларни озод этишга интилмоқда. Бунинг эвазига Исроил қамоқхоналарида жиддий жиноятларда айбдор деб топилгани учун сақланаётган фаластинлик маҳбуслар қўйиб юборилиши мумкин.
Reuters манбасига кўра, музокаралар жадал давом этмоқда ва бир неча кун ичида келишувга эришилиши мумкин.
Фаластинлик амалдорлардан бири Хония Миср расмийларининг муаммога янгича ёндашув бўйича таклифларини эшитишни истаётгани айтган ва расман ҲАМАС ҳар қандай янги вақтинчалик оташкесимни рад этиши ва ҳарбий ҳаракатларни бутунлай тўхтатишни талаб қилишини қайд этган.
«ҲАМАСнинг позицияси ўзгармайди: улар гуманитар пауза истамайди. ҲАМАС Исроилнинг Ғазодаги уруши тўлиқ тўхтатилишини истайди, - деган фаластинлик мулозим. - Хония ва ҲАМАС ҳамиша Мисрнинг саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаган. Бугун у Исроил ёки Мисрдан янги таклифлар эшитиш учун Қоҳирада. Натижалар ҳақида гапиришга ҳали эрт».
Юқори мартабали исроиллик мулозим ҳукуматнинг уруш фақат гаровдагиларнинг барчаси озод этилиши ва ҲАМАС яксон этилиши билан якунланиши ҳақидаги позициясини такрорлаган: «Бош вазир айтганидек, уруш фақат тўлиқ ғалаба билан якунланади».
Аммо Исроил президенти Исҳоқ Ҳерцог сешанба куни мамлакат кўпроқ асирларни озод этиш учун ҲАМАС билан янги вақтинчалик сулҳ тузишга тайёр эканини эълон қилди. У 80 мамлакат элчилари гуруҳига мурожаат қилиб, Исроил Фаластин халқи билан уруш қилмаётгани, балки «ўз душмани бўлмиш ҲАМАС террорчилик ҳаракатига қарши курашаётгани»ни таъкидлаган.
«Мен Исроил гаровдаги фуқароларини озод қилиш учун яна бир ҳуманитар паузага ва қўшимча ҳуманитар ёрдамга тайёр эканини тасдиқлашим мумкин», — дея унинг сўзларини келтирмоқда The Times of Israel нашри.
Шу билан биргаликда, Исроилнинг иттифоқчилари Нетаняҳу ҳукуматига босимни кучайтириб, Исроилнинг Ғазо секторидаги тинч аҳоли орасида кўп сонли қурбонларга ва анклав соҳилбўйининг катта қисми ер билан битта бўлишига олиб келаётган амалиётини тўхтатиш ёки ҳеч бўлмаганда сезиларли даражада камайтиришни талаб қилмоқда.
Исроилнинг энг яқин иттифоқчиси бўлмиш Вашингтон сўнгги ҳафталар мобайнида очиқчасига Тел-Авивни амалиёт кўламини қисқартириш ва фақат ҲАМАС етакчиларига қарши қаратилган мақсадли кампанияга ўтишга, АҚШ президенти Жо Байден таъбири билан айтганда «бир бошдан бомбалаш»ни тўхтатишга чақирди.
Шу билан бирга, Вашингтон БМТ Хавфсизлик кенгашида Исроилни зудлик билан ўт очишни тўхтатиш талабидан ҳимоялаш учун икки бор вето ҳуқуқидан фойдаланган.
Янги резолюция бўйича навбатдаги овоз бериш матнни келишиб олиш ва Америка ветосини четлаб ўтиш учун яна бир кунга қолдирилди.
АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Линда Томас-Гринфилд сешанба журналистларнинг келишув қанчалик яқинлиги тўғрисидаги саволига шундай жавоб қайтарган: «Биз ҳаракат қиляпмиз, биз чиндан ҳам жуда қаттиқ ҳаракат қиляпмиз».
Исроилнинг ўзида ҳукумат жамоатчилик ва сиёсатчиларнинг гаровда қолган асирларнинг барчасини зудлик билан озод этиш бўйича кучайиб бораётган босими остида қолмоқда. Ҳукумат исроиллик ҳарбийлар гаровдагиларнинг уч нафарини хатолик билан ўлдириб қўйганини расман тан олгани ҳам ёрдам бермади.
Исроил маълумотларига кўра, Ғазода 129 асир қолган, тахминларга кўра, шундан 21 киши асирликда жон берган.
Ғазодаги вазият
Ғазода тинчлик сулҳи декабр бошида тугаган ва уруш янада қизғин паллага кирганди. Аввал Ғазо сектори шимолий ярми билан чекланган қуруқлик амалиётлари энди бутун анклав бўйлаб тарқалди.
Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, исроилликлар зарбаси оқибатида ҳалок бўлганлар сони 20 000 кишига яқинлашган, яна уч мингга яқин киши бедарак йўқолган ёки вайроналар остида қолиб кетган деб ҳисобланмоқда.
Исроил қўшини ўз ҳарбий мақсадларининг асосий қисмига ноябр ойидаёқ эришгани айтилган анклав шимолида жанглар аввалгидан ҳам кўра шиддатлироқ олиб борилмоқда.
Қизил ярим ой жамиятининг Фаластин бўлими хабарига кўра, Исроил қўшини Жабалиядаги тез ёрдам омборхонасини қамал қилган, энг шиддатли жанглар шу ҳудудда давом этмоқда. Бу ерда ходимлар, вақтинча кўчиб келган шахслар ва ярадорлардан иборат 127 киши жойлашган.
Ўз уйларини тарк этган аҳоли бошпана топган жанубда эса Хон Юнусда ҳудудида интенсив жанглар кетмоқда, Исроил ҳарбийлари шаҳарнинг бир қисмини эгаллаб олишган.
Исроил томони тинч аҳоли ҳимояси учун имкон доирасидаги барча эҳтиёт чораларини кўраётгани, жумладан зарбалар ҳақида олдиндан огоҳлантираётганини айтмоқда ва ҲАМАСни жангчиларини тинч аҳоли орасида ҳаракатлантириб, уларни хавф остига қўйишда айбламоқда.
Халқаро гуманитар ташкилотлар сектор аҳолиси гуманитар ҳалокат ёқасида турганидан огоҳлантирмоқда: 2,3 миллион аҳолининг 90 фоизи вайронгарчиликлар туфайли ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган ҳамда қамал туфайли озиқ-овқат ва дори-дармон тақчиллигини бошдан кечирмоқда.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг