11:21 / 09.07.2024
212

Фаластин тарафдорларининг ғалабаси: Франциядаги сайловлар қандай ўтди?

Фаластин тарафдорларининг ғалабаси: Франциядаги сайловлар қандай ўтди?
Франциядаги сайловларда сўл партиялар коалицияси ғалаба қозонди. Коалициянинг сайловолди дастурида Фаластин давлатини тан олиш ва Исроилга қурол-яроғ етказиб беришни тўхтатиш ҳақида бандлар бор. Kun.uz француз парламентидаги ўзгаришлар ҳақидаги саволлар билан сиёсатшунос Камолиддин Раббимовга юзланди.

— Франциядаги бугунги сиёсий об-ҳаво қандай?

— Яқинда ЕИ давлатларида Европарламентга сайловлар бўлди. Кутилмаганда Макрон партияси ултра миллатчи бўлган Марин Ле Пеннинг “Миллий бирлик” партиясига 2 баробар кам овоз билан ютқазди. Макрон партияси 15 фоиз, Марин Ле Пен партияси эса 30 фоиздан кўпроқ овоз олди. Натижада Макрон фавқулодда парламент сайловларини эълон қилди. Буни ҳеч ким кутмаганди. Германияда ҳам миллатчи партия кўпроқ овоз олди, лекин у ерда фавқулодда парламент сайловлари бўлмади.

Макроннинг бу ташаббусини кўпчилик эҳтиросга берилиш, узоқни кўрмасдан қилинган иш дейилди. Биринчи босқичда Марин Ле Пеннинг партияси кўпроқ овоз олди. Францияда сайловлар можаритор, биринчи турда 50 фоиздан кўп овоз олса, биринчи турдаёқ депутат бўлади, лекин 50 фоиздан кўп ололмаса, 12 фоиздан кўпроқ овоз олган бир нечта номзод ўтади. Ўзбекистонда хам парламент сайловлари можаритор, лекин бизда иккинчи турга фақат кўпроқ овоз олган 2 та номзод ўтади. Францияда 12 фоиздан ошганларнинг барчаси 2 турга ўтиши ултра ўнглар ҳокимиятга келишининг олдини олиш учун бўлган.

Франция парламенти 2 та палатадан иборат: Сенат ва Қонунчилик палатаси. Ташаббуслар, қонунларни қабул қилиш Қонунчилик палатасида бўлади, 500 дан ортиқ депутат бор.

Бу галги сайловларда аксарият сайлов участкаларида 2-тур бўлиб ўтди. Биринчи катта ўринни “Янги халқ фронти” партиялар коалицияси олди, улар сўллар, яъни бир нечта социалист, коммунист партиялар биргаликда коалиция тузган эди. Франциядаги этник ва диний камчиликлар доим сўлларга овоз беради. Ултра сўллар учун энг катта қадрият — тенглик, ултра ўнглар учун эса — ўзлик, миллатчилик. Ултра ўнгларда француз ўзлиги, еврохристиан қадриятлари, ЕИга нисбатан салбий қарашлар бор. Улар француз деганда айнан тарихан этник француз бўлган оқ танлиларга эътибор беради.

Кейинги 30 йилда Марин Ле Пеннинг партияси имижи анча ўзгарди. Партияга унинг отаси Жон Мари Ле Пен асос солган. Марин Ле Пен эса партия репутациясини оширди. Отаси кўпроқ яҳудийларни танқид қиларди, антисемитизм бор эди. Марин Ле Пен эса антисемитизмни йўқотиб, кўпроқ мусулмонларга қарши қаратди фокусни. Бир пайтлар бу партия тўла оилавий партия эди. Лекин Марин Ле Пен оиласига мансуб бўлмаган Жордан Барделлани партия етакчилигига олиб келди. Барделланинг онаси италян, отаси италян. Қизиғи, у олий маълумотли эмас. Унинг сиёсий қарашларида миграция ва иммиграцияга танқидий қараш кучли.

Макрон ҳокимиятга келгандан бери Франциядаги кайфият борган сари қутблашиб бормоқда. У биринчи келганида сариқ нимчалилар намойишлари 2 йил давом этди деярли. Совуқ қиш ойларида ҳам намойишлар бўлганди. Макрон ҳокимиятга келгунча ўзини марказчи сифатида кўрсатган, аммо ҳокимиятга келгач, ўнг эканини кўрсатди.

Макронни капиталистларнинг дўсти деб ҳам таърифлашади. Ижтимоий ҳимоя пакетларини камайтириб, катта ишлаб чиқарувчиларни қўллади ва натижада сўл Франция уни ёқтирмади, бу ҳозиргача давом этяпти.

Иккинчи турда ултра сўллар ва сўллар каттагина жойни эгаллади, иккинчи ўринда Макрон партияси ва унинг тарафдорлари. Макрон атрофида партиялар коалиция бўлди, лекин Марин Ле Пен партияси коалиция бўлмай туриб ўзи кўп овоз олди. Лекин сиёсий масъулиятни оладиган даражада кўп ўрин олгани йўқ. Балки Макроннинг режаси, Марин Ле Пен партиясига сиёсий масъулият юклаб, ўзининг президентлик даврида (2027 йилгача) бу партияни обрўсизлантирмоқчи бўлгандир, чунки 3 йиллик қисқа муддатда нимагадир эришиш қийин. Ҳозир эса Макрон атрофидаги партиялар ҳукуматни шакллантиради, масъулият ўзига қолди. Энди Марин Ле Пен партияси катта партия сифатида 2027 йилгача қаттиқ танқид қилади. 2027 йилда президент бўлиш учун Марин Ле Пенда имконият пайдо бўлди.

— “Янги халқ фронти”нинг Франция жамиятидаги сиёсий ўрни қай даражада?

— 20 йил олдин “Янги Халқ фронти” етакчиси Жан Люк Меланшон ўта моргинал сиёсатчи сифатида кўриларди. Умуман, Ғарбда сиёсий майдон қутблашиб, ултра ўнг ва ултра сўл бўлиб бормоқда. Кейинги 15 йилдаги сайловларда 4-сиёсий куч биринчи рақамга айланди. Меланшон Францияда машҳур, унинг тарафдорлари ҳам, оппонентлари ҳам эҳтиросли. Сўл партия сифатида Меланшон Исроилни кўп танқид қилади. Франциядаги барча этник, диний камчиликлар биринчи ўринда Меланшонга йўналиш олади, иккинчи ўринда эса Франция социалистларига. Меланшон партияси ултра сўл, марказга яқин эмас.

30-40 йил олдин иккита катта партия бор эди: республикачилар ва социалистлар партияси, бири марказга яқин ўнг, бири марказга яқин сўл. Энди бошқача тус оляпти: “Янги халқ фронти” ултра сўл, Марин Ле Пеннинг партияси эса ултра ўнг.

— Франциянинг Исроилга босимлари реалликка айланиши мумкинми?

— Ташқи сиёсатни амалга оширувчи куч президент барибир. Лекин президентга босим қилиш имкони бор, ташқи сиёсатни ишлаб чиқишда парламент ўрни катта. Бу Макронга қулай бўлиши ҳам мумкин, чунки кўплаб давлатлар Фаластинни тан олган, Ғарбда кам сонли катта давлатлар қоляпти фақат. Парламент сайловларидан кейин Франция кўпроқ Исроилни танқид қилиб, Фаластинни тан олиш томон юради, деб ўйлайман, эҳтимоли катта бунинг. Бу талаб қўйилиб, кун тартибига чиқади ушбу масала.

— Сайлов арафасида ўнг қанот “Миллий бирлашув” партиясининг имконияти юқори баҳоланаётган эди, лекин якунда нега 3-поғонага тушди?

— Франциялик сиёсатшунослар сайлов тизимига эътибор берди биринчи навбатда. 70 фоизга яқин сайлов участкаларида 2-тур бўлди, 12 фоиздан юқори овоз олган 3-4 та номзод ўтди. Шу вазиятда сайлов участкаларида Марин Ле Пен партиясининг номзодига қарши битта номзод қолдирилиб, ўша номзодга овоз берилди. Яъни партиялар коалиция тузиб, келишган ҳолда Марин Ле Пен партиясига қарши турди.

Бундан ташқари, “Миллий бирлик” партияси етакчиси Борделла кимда иккита давлат фуқаролиги бўлса, бу Франция манфаати учун ижобий эмас, деган каби жиддий хатоларга йўл қўйди. Францияда эса иккита фуқаролиги бўлганлар кўп, миллионлаб бор. Шу нарса ҳам партия зарарига ишлади.

Қолаверса, Англияда парламент сайловлари бўлди ва 15 йил ичида биринчи марта Лейбористлар катта ўрин эгаллади. Франция тарихан Англия, Испания, Германия каби давлатлардаги сайловларга эътибор беради ва Франциядаги ижтимоий кайфиятга таъсир қилади. Англиядаги Лейбористлар – сўллар, Францияда ҳам Меланшон шунга эътибор бериб, мисол қилиб кўрсатди Англияни. Бу сиёсий кайфиятга таъсир қилди.

Умуман, Борделланинг нотўғри баёнотлари, бошқа кучлар бирлашиб Ле Пенга қарши туриши каби сабаблар туфайли Миллий бирлик партияси 3-ўринга тушиб кетди.

— Энди Францияда ҳукумат қандай шаклланади ва кутилмалар ҳақида нима дейсиз?

— Францияда коалицион ҳукуматлар жуда кам тузилган, чунки одатда ким президент этиб сайланса, унинг партиясига ҳам кўпроқ овоз бериларди парламентда. Ўтган сайловларда ҳам худди шундай бўлиб, Макрон партияси катта ўрин олганди.

Макрон Меланшон билан коалиция тузмаслигини айтди, чунки улар ултра сўллар. Макрон учун душманлик иерархияси бор: юқорида Марин Ле Пен, чунки Ле Пен ҳокимиятга келса, ЕИдан чиқишни ёки ЕИ таъсирини минималлаштиришни хоҳлайди. Бу вазиятда Макрон ўзи ҳукумат шакллантиролмайди, шу сабаб Ле Пен ва Меланшондан ташқари қолганлар билан келишади. Энди Ле Пен ашаддий мухолифат ролиги ўйнайди 2027 сайловларда президент бўлиш учун. Энди Макрон Республикачилар билан коалиция тузишига тўғри келади. Узоғи 2 ой ичида музокаралар бўлиб, биргаликда ҳукумат тузишга ҳаракат қилади.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Фаластин тарафдорларининг ғалабаси: Франциядаги сайловлар қандай ўтди?