21:50 / 25.07.2024
46

АҚШнинг янги президенти Ғазони қутқарадими?

АҚШнинг янги президенти Ғазони қутқарадими?
21 июль куни АҚШ президенти Жо Байден президентлик пойгасидан чиқишини эълон қилди.

Гарчи Жо Байденнинг сайловолди пойгасидан чиқиши тахмин қилинган бўлса-да, бу АҚШ билан чамбарчас боғланган мамлакатларда бирмунча беҳузурлик уйғотди. Ана шулардан бири Биньямин Нетаньяху бошлиқ яҳудийлар давлатидир. Исроил уруш бошлангандан бери Америка Қўшма Штатларининг қаноти остида бўлиб келмоқда.

Унга на БМТ резолюциялари, на Жиноий суд қарорлари таъсир ўтказа оляпти. Бироқ можарога “Ҳизбуллоҳ” ҳамда ҳусийларнинг аралашуви “катта оға”нинг меҳрибончиликларига бўлган эҳтиёжни янада кучайтирди. Ана шундай масъулиятли паллада АҚШда сиёсий беқарорлик юзага келгани Исроил учун унчалик ҳам ёқимли иш бўлмади. Ва бош вазир Нетаньяху Вашингтонга йўл олди... “Дарё” мазкур жараёнлар ҳақида экспертлар фикрини ўрганди.

Абдували Сойибназаров, сиёсатшунос:
— Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг АҚШга ташрифи жудаям қийин вазиятга тўғри келяпти. Чунки Ғазодаги уруш бугунги кунда Ливандан тортиб Ямангача бўлган катта ҳудудларни қамраб олди. Яъни Исроил бир фронтда Фаластин билан, иккинчисида “Ҳизбуллоҳ” билан, учинчи фронтда эса Ямандаги ҳусийлар билан тўқнашувлар олиб боришга мажбур бўляпти. Қолаверса, Эрон омили ҳам бор... Шу сабабли Нетаньяху мураккаб вазиятни бошидан кечиряпти. АҚШга сафардан кўзланган мақсад аниқ — энг яқин иттифоқчиси билан маслаҳатлашиш. Яъни бундан буён қандай йўл тутиш керак?

Кўриб турганимиздек, Нетаньяхунинг бу каби қаттиққўл сиёсати ўта хунук ва оғир оқибатларга олиб келяпти. Нетаньяху ўзининг сиёсий умрини узайтириш учун ҳар учта лагер билан мулоқотлар олиб боришга мажбур: биринчидан, мамлакат ичкарисидаги ултра ўнг иттифоқчиларининг кўнглини олиши керак, улар Ғазодаги операцияни охиригача олиб боришни талаб қилишяпти. Акс ҳолда, улар коалицияни тарк этишлари, ҳукумат инқирозга юз тутиши ва такрорий сайловлар ўтказилиши мумкин. Иккинчи томондан, АҚШнинг амалдаги раҳбари Жо Байден билан мулоқот олиб боряпти, сафар давомида унинг тинчлик режалари яна бир бор муҳокама қилинади. Байден ҲАМАС билан музокараларни давом эттириш юзасидан босим ўтказяпти. Бундан ташқари, Камала Ҳаррис ва Дональд Трамп билан ҳам учрашади.

Сайлов масаласида бугун АҚШда мураккаб вазият юзага келди. Камала Ҳаррис ёш, унинг ҳокимиятни эгаллаш имкониятлари борган сари ортиши мумкин. Ҳаррис Ғазода тинч инсонларнинг қирғин қилинишига қарши чиқяпти. Нетаньяху Трампнинг ҳокимият тепасига келишини истайди, чунки Трамп унинг ҳар қандай ҳарбий операцияларига кенг йўл очиб беради. Лекин шуни унутмаслик керакки, Қўшма Штатларда ким ҳокимият тепасига келишидан қатъи назар, Исроилни қўллаб-қувватлайди.

Шуҳрат Расул, сиёсатшунос:
— Исроил ва АҚШ ўртасида Исроил давлатчилиги пайдо бўлгандан бери шаклланган тарихий анъаналар бор. Бу икки давлат ўртасида доим стратегик ҳамкорлик ва дўстона муносабатлар бўлган. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, сайловларда қайси партия вакили ғалаба қилишидан қатъи назар, шаклланган тарихий традициялар бузилмаса керак. Лекин лидерларга ҳам кўп нарса боғлиқ. Трамп ё Ҳаррис? Қайси бири сайловда ғалаба қозонишига қараб, бир оз мўтадиллашиши ёки аксинча, радикаллашиши мумкин. Агар Трамп ҳокимият тепасига келса, Исроил билан алоқаларни чуқурлаштиради, шунингдек, Фаластинга муносабатларда ҳам қаттиқлик кузатилиши мумкин.

Умуман, Трампнинг ҳокимиятга келиши Фаластин халқи учун яхши эмас. Чунки у тўлалигича Нетаньяхуни ва унинг “Ликуд” партиясини қўллаб-қувватлайди. Борди-ю, Камала Ҳаррис ғалаба қозонса, у бирмунча мўтадил, норадикал сиёсат олиб боради. Бироқ у ҳам тарихий анъаналарга таянган ҳолда яҳудийларнинг тарафини олаверади. Шу билан бирга, Ҳаррис демократлар партиясининг вакили, мазкур партия эса доим Исроилни енгил танқид қилиб келган. Ҳаррис шу линияни давом эттириши мумкин. Унинг Исроилга нисбатан позицияси Трампга қараганда қатъийроқ бўлади, танқидлар кўзга ташланиши мумкин, аммо умумий стратегик вектор ўзгармайди.

Нетаньяхунинг сўнгги баёнотларига қараганда, Исроил яқин орада қирғинни тўхтатмоқчи эмас. Чунки яҳудийлар ўзларининг “тарихий ерларини озод қилиш учун курашмоқда ва ҳар қандай давлатнинг, ҳар қандай халқаро ташкилотнинг бунга қарши чиқиши бориб турган жиноятдир”.

Абдували Сойибназаров, сиёсатшунос:
— Исроил — АҚШнинг Яқин Шарқдаги “эркатойи”. Аслида, Исроил мавжуд бўлиб туришининг асосий мақсади ҳам араб давлатларини таъсир доирасида сақлаб туриш, уларнинг ривожланишига имкон бермаслик. Нетаньяху АҚШ Конгрессида тўртинчи марта нутқ сўзлаши учун имкон яратилиши Исроил Яқин Шарқда энг асосий давлат эканлигини англатади. Ҳали бирор давлат раҳбари Конгрессда тўрт марта нутқ сўзламаган. Сафар давомида Ғазодаги урушни тўхтатиш ёки Фаластинга мухторият бериш масаласидан кўра ҳам “Ҳизбуллоҳ”ни қандай тинчитиш, ҳусийларга қарши қандай муваффақиятли курашиш ёхуд Эронга қарши зарбалар бериш имкониятлари муҳокама қилинади.

Амалдаги президент Жо Байден билан ана шу масалалар муҳокама этилади. Борди-ю Дональд Трамп ҳокимият тепасига келса, бу Нетаньяхуга қўшимча куч-қувват беради, чунки яхши эслаймизки, Трамп Қуддусни Исроилнинг ягона ва абадий пойтахти деб эълон қилиш қарорини қўллаб-қувватлаган ва Сурияга тегишли Жўлон тепаликларини Исроилга тегишли деб тан олган эди.

Ёдингизда бўлса, можаро бошланганда бу уруш Фаластин давлатининг тан олиниши билан якун топади, чунки Исроил қирғинни узоқ давом эттира олмайди, халқаро босим остида ён беришга мажбур бўлади, деган фикрлар янграган эди. Лекин юқорида айтилганидек, геноциднинг охири кўринмаяпти. Аниқроғи, унинг охири Ғазо ва Фаластин ерларини буткул ўзлаштириб, яҳудийлаштириб олишга бориб тақаляпти. Бироқ бу борада экспертларнинг фикрлари турлича. Айримлари нажот тобора сусайиб бораётганидан хавотирда бўлса, бошқалари Нетаньяхуни тийишга қодир реал куч мавжудлигига ишонади.

Абдували Сойибназаров, сиёсатшунос:
— Мен Фаластин учун ҳали-бери нажот йўқ, деган бўлардим. Чунки бугун ҳокимият тепасида Нетаньяхунинг “Ликуд” партияси ва Фаластин мустақиллигига буткул қарши бўлган ултра ўнг миллатчилар турибди. Улар даврида ҳам, уларнинг ўрнига бошқа кучлар келган тақдирда ҳам, Фаластинга мустақиллик бериш имконияти нолга тенг. Бугунги кунда ҳам кўплаб босимлар бўляпти Европа Иттифоқи ёки бошқа ташкилотлар томонидан, бироқ ҳануз Исроил Фаластин мустақиллигига қарши. Аксинча, бугун Ғазода олиб борилаётган ҳарбий операцияларнинг мақсади ҳам ҲАМАСни йўқотиш эмас, балки Ғазо секторини ҳам Исроил таркибига буткул қўшиб олиш.

Шундан келиб чиқиб айтяпманки, Исроил ўз ҳудудларини кенгайтириш сиёсатини давом эттиради. Фаластин мустақиллиги ҳақида кўп гапириляпти-ю, лекин Фаластинга мустақиллик бериш эмас, унинг ерларини тортиб олиш сиёсати давом этяпти. Нетаньяху бундан 20 йиллар олдин “биз Фаластинга мустақиллик бера олмаймиз, Исроил давлати атиги 12 минг квадрат километрдаги мамлакат бўлиб қолишини истамаймиз”, дея баёнот берган эди. Шу кунларда Вашингтонда бўлиб ўтадиган учрашув- мулоқотларда ҳам Фаластинга мустақиллик бериш масаласи эмас, Исроилнинг хавфсизлигини таъминлаш масалаларига устуворлик берилади. Шу маънода айтмоқчиманки, ҳали-бери мустақил Фаластин давлати ва унинг нажотга эришиши ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас.

Шуҳрат Расул, сиёсатшунос:
— Лекин Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги конфликтга таъсир қилувчи АҚШдан ҳам қудратлироқ куч бор, бу Евроиттифоқ. Бундай дейишимга сабаб ЕИ Исроил билан энг катта савдо айланмасига эга. Бу АҚШ-Исроил савдо-иқтисодий кўрсаткичларига қараганда анча юқори. Агар ЕИ ҳаракатга келса, “Ликуд” партиясига ва унинг етакчиси Нетаньяхуга нисбатан жўяли таъсир кўрсатиш механизмларини ишлаб чиқса, санкциялар эълон қилса, Нетаньяху Фаластинга нисбатан ўз позициясини ўзгартириши мумкин. Сўнгги пайтларда минтақада Хитойнинг ҳам иштирокини кўряпмиз. У ҳамма Фаластин лидерларини йиғиб, улар ўртасида консенсусга эришди. Энди улар илгаригидек ҳар ким ўзича эмас, ягона фронт бўйлаб ҳаракат қилади. Бу Фаластин халқининг позициясини халқаро даражада анча кучайтиради. Энди катта ўйинчиларни ҳам бу билан ҳисоблашишга мажбур қилади.

Хулоса ўрнида Камала Ҳарриснинг номзоди ҳақида. Трамп бу номзодни ҳам масхара қилиб, устидан мағзава ағдаришга улгурди. Бунга жавобан Камала Ҳаррис прокурорлик фаолияти давомида жуда кўп фирибгарлар ва лўттибозларни кўрганини, Трамп айнан ўшаларни эслатишини айтди. Сўнгги сўровномаларга кўра, Камала Ҳаррис ҳозирданоқ 44 фоиз овоз билан Трампни ортда қолдирмоқда — унда 42 фоиз. Мутахассислар ҳали Дональд Трамп рақиби Жо Байден эмаслигидан афсусланади, деган фикрларни ҳам билдиришмоқда. Сайловларда бу хонимни енгиш Трамп тарафдорлари ўйлаганчалик осон бўлмаслиги аниқ. Бугунги мавзу нуқтайи назаридан қараганда эса, Камала Ҳаррис ҳеч бўлмаганда Нетаньяхунинг қонхўр сиёсатини танқид қилиши ва бу танқидлар мева беришига умид боғлаш мумкин. Зотан, ноумид — шайтон дейдилар.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШнинг янги президенти Ғазони қутқарадими?