
Бугун пойтахтнинг Халқаро конгресс маркази муҳим тадбирга мизбонлик қилмоқда — бюрократик тўсиқларни қисқартириш, давлат бошқарувини замонавий модель асосида қайта ташкил қилиш ва сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этишга бағишланган халқаро форумлар ўз ишини бошлади. Очилиш маросимида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиши кутилмоқда.
Форум доирасида давлат хизматларини рақамли форматга ўтказиш, идоралар фаолиятининг шаффофлигини ошириш, қарор қабул қилиш жараёнига инновацион механизмларни татбиқ этиш каби муҳим масалалар атрофлича муҳокама қилинади. Айниқса, сунъий интеллект асосида ишловчи ечимлардан самарали фойдаланиш бўйича халқаро экспертларнинг фикр-мулоҳазалари ҳам ўртага ташланади.
Шунингдек, иштирокчилар учун муҳим учрашувлардан бири – давлат раҳбарининг Бирлашган Араб Амирликларининг ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад ал-Гаргавий бошчилигидаги делегация билан мулоқоти ҳисобланади. Учрашувда рақамли ҳукумат, инновацион менежмент, давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ва сунъий интеллектни жорий этиш борасида тажриба алмашиш масалалари кўриб чиқилиши режалаштирилган.
Форум иштирокчилари шунингдек Ўзбекистонинг очиқ, замонавий ва технологик давлат бошқарувига ўтиш стратегияси, халқаро шериклар билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари, янги ташаббуслар ва ҳамкорлик йўналишларини ҳам муҳокама қилади.
Тадбирлар нафақат амалдаги ишларга катта туртки бериши, балки мамлакатда инновацион бошқарув маданиятини шакллантиришда ҳам муҳим босқич бўлиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.