
Қозоғистонда ўз хотинини шафқатсизларча калтаклаб, сўнг отга боғлаб дашт бўйлаб судраганликда айбланаётган эркак суд жараёнида илк марта иштирок этди. Бу ҳақда Kazinform ахборот агентлиги хабар берди.
Тергов маълумотларига кўра, эр-хотин ўртасидаги можаро рашк туфайли бошланган. Жанжал вақтида судланувчи маст ҳолатда бўлгани ҳам қайд этилган. Оқибатда аёл оғир тан жароҳатларини олган.
Ҳодиса 2025-йилнинг июль ойида очиқ дашт ҳудудида содир бўлган. Эркак аввал аёлни аёвсиз калтаклаган, сўнг уни отга боғлаб бир неча километр масофага судраб кетган.
Жабрланувчи кўплаб жиддий жароҳатлар олган, жумладан, мия шиши, бош суяги, оёқ-қўллар ва тос суяги синган. Танада судралиш излари ҳам аниқланган.
Шифокорлар аёлнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун шошилинч тиббий ёрдам кўрсатган бўлса-да, барча уринишлар самара бермаган. У касалхонада вафот этган.
Дастлаб эркакка нисбатан баданга оғир шикаст етказиш моддасига асосан жиноий иш очилган. Бироқ марhumanинг яқинлари айбловни оғирроқ жазо моддасига қайта кўриб чиқишни расман талаб қилган.
Судланувчи жараённи ёпиқ суд мажлисида ўтказишни сўраган, аммо бу илтимос суд томонидан рад этилди. Кейинги суд мажлиси 2025-йил 5-декабрь санасига белгиланган.
Ҳозирда суд эшитувлари очиқ тартибда давом этмоқда ва мазкур иш мамлакатда оилавий зўравонликка қарши жамоатчилик муҳокамаларини янада кучайтирди.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.