19:00 / 23.08.2024
223

Ҳиндистон бош вазири Модининг ошкора ва яширин мақсадлари

Ҳиндистон бош вазири Модининг ошкора ва яширин мақсадлари
Yan Dobronosob / Telegraf
Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди жума куни Украинага келди. Бир ярим ой муқаддам у Москвада Россия президенти Владимир Путин билан учрашганди.

Киев ва унинг ғарбдаги айрим иттифоқчилари Модининг Москвага июл ойидаги сафарига кескин муносабат билдирганди.

Украина президенти Володимир Зеленский «дунёдаги энг йирик демократик давлат раҳбари Москвада дунёнинг энг машҳур жиноятчиси билан қучоқлашиб кўришишини кўриш қайғули» эканини айтганди.

Моди Киевга Зеленский ва ғарблик етакчиларни тинчлантириш учун келдими? Унчалик эмас.

Ҳиндистон ўз ташқи сиёсатини қуришда икки қарама-қарши томон ўртасида мувозанат сақлаши ажабланарли эмас. Бу мамлакат ўнлаб йиллардан буён қандайдир иттифоққа қўшилмаслик тамойилини муваффақиятли амалга ошириб келмоқда.

Моди Москвага июл ойида борган, унинг Владимир Путин билан учрашуви Украина ва Ғарб томондан кескин танқид қилинганди
Ҳиндистон бош вазирининг 23 август кунги Украинага илк ташрифи — бу кўпроқ Деҳлининг Россия билан мустаҳкам муносабатлардан воз кечмасдан, Ғарб билан ҳам яқиндан ҳамкорликни давом эттириш истаги ҳақидаги баёнотидир.

Вашингтондаги Вилсон таҳлил маркази қошидаги Жанубий Осиё институти директори Майкл Кугелманнинг айтишича, бу ташриф Ҳиндистоннинг стратегик автономиясини яна бир бор таъкидлайди.

«Ҳиндистон ғарбдаги державаларни ёки бошқа кимнидир тинчлантиришга отланмаган. Бу сафардан мақсад Киев билан дўстона алоқаларни яна бир бор тасдиқлаш ҳамда давом этаётган уруш юзасидан хавотир билдириш орқали Ҳиндистон манфаатларини илгари суришдир», — деган у.

Шунга қарамай, ташриф учун танланган вақт Ҳиндистон дипломатияси АҚШнинг Модининг Москвага ташрифига нисбатан кескин муносабатини инобатга олганидан далолат беради.

Ҳиндистон ғарбдаги йирик давлатларни норози қилган ҳолда Россияни бошлаган уруши учун тўғридан тўғри қоралашдан ўзини тийганди.

Аммо расмий Деҳли давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини ҳурмат қилиш лозимлиги ҳақида тез-тез баёнот бериб туради ва доимий равишда тинчлик музокараларини ёқлаб келади.

Модининг Москвага июл ойидаги ташрифи Россия Украинани бомбардимон қилиши оқибатида 41 киши, жумладан Киевдаги болалар шифохонасида ҳам одамлар ҳалок бўлишидан бир неча соат ўтганидан кейин амалга оширилганди. Бу эса бутун дунёни ларзага солганди.

Ҳиндистон бош вазири болалар ўлимини оғриқли ва қўрқинчли воқеа деб атаган, аммо яна Россия манзилига танқид билдиришдан тийилганди.

У Киевга ташрифи чоғида бу курсдан оғиши даргумон. АҚШ ва ғарбнинг бошқа мамлакатлари Деҳлининг Ҳиндистоннинг Москва билан узоқ йиллик муносабатлари ва Россия ҳарбий техникасига боғлиқлигига асосланган позициясини аста-секинлик билан қабул қилмоқда.

Моди ва Зеленский 2023 йил Японияда ўтказилган G7 саммити доирасида учрашишганди
Дунёда қуролларнинг энг йирик импортчиси бўлган Ҳиндистон сўнгги йилларда ўз қурол ишлаб чиқариш саноатини кучайтирмоқда ва ҳарбий импортни диверсификация қилди, аммо ҳамон унинг қурол импортининг ярмидан кўпроқ қисми Россия ҳиссасига тўғри келади.

Шунингдек, Ҳиндистон Москва таклиф этаётган нисбатан паст нархлардан фойдаланиб, Россиядан нефт импортини ҳам оширган: ўтган йили Россия Ҳиндистон бозорига энг йирик нефт етказиб берувчи бўлганди.

АҚШ ва унинг иттифоқчилари кўп марта Ҳиндистонни уруш бўйича аниқроқ позиция танлашга ундаган, аммо қаттиқ санкциялар ёки бошқа турдаги босим турлари қўллашдан тийилган.

Ғарб Ҳиндистонни Хитойга қарши тура оладиган куч сифатида кўради ва бу мувозанатни бузишни истамайди. Бундан ташқари, Ҳиндистон дунёдаги энг йирик бешинчи иқтисодиёт ва муҳим бозор ҳисобланади.

Майкл Кугелманнинг фикрича, Ғарб Модининг Украинага ташрифини олқишлайди ва буни Деҳлининг барча томонлар билан ҳамкорлик қилишга тайёрлиги сифатида баҳолайди.

«Моди учун бу унинг Москва билан яқинлиги Киев учун унда ҳеч нарса йўқлигини англатмаслигини тушунтириш учун қулай имконият», — деб ҳисоблайди эксперт.

Бу жуда муҳим, чунки Ҳиндистон Ғарб билан, айниқса АҚШ билан муносабатларни ривожлантирмоқчм ва вазиятни бузишни истамайди. АҚШнинг Ҳиндистондаги элчиси Эрик Гарсетти яқинда ушбу икки мамлакат муносабатларини «ўз ҳолича қабул қилиш» керакмаслигини айтганди.

Ҳиндистон Ғарбга яна шунинг учун керакки, унинг Осиёдаги рақиби бўлмиш Хитой сўнгги йилларда Россия билан яқин алоқалар ўрнатди.

Гарчи Деҳли азалдан Москвага зарур бўлганда кучли Хитойга босим ўтказа оладиган куч деб қараган бўлса-да, буни жиддий қабул қилмаслик керак.

Кўплаб экспертлар фикрича, Моди Ҳиндистоннинг Москва билан ҳам, Ғарб билан ҳам яқин муносабатларини ҳисобга олган ҳолда ўзини келиштирувчи сифатида кўрсатишни хоҳлаши мумкин.

Аммо у Киевга қандайдир тинчлик режаси билан ташриф буюргани эҳтимоли кам.

«Ҳиндистон чиндан ҳам бундай ролга тайёрми ва шароитлар бунга имкон берадими? Бошқа мамлакатлар ўз ҳудудидаги масалалар, биринчи навбатда Кашмир муаммосини ҳал қилишда воситачи бўлишга уриниши Ҳиндистоннинг ўзига ёқмайди. Менимча, фақат Россия ва Украинанинг ўзи буни истаса, Моди медиатор сифатидаги хизматларини расман таклиф этишга тайёр бўлади. Аммо айни вақтда улар буни истаяпти деб ўйламайман», — дейди Кугелман.

Модининг Киевга ташрифи Украина қуролли кучлари Россиянинг Курск областида юриш қилаётган даврга тўғри келди
Шунга қарамай, Украина Модининг ташрифини илиқ қаршиламоқда ва буни Москванинг яқин иттифоқчиси билан мулоқотга киришиш имконияти сифатида кўради, уруш бошланганидан буён Киевда бундай имкон бўлмаганди.

Шу билан бирга, Зеленский Ҳиндистон бош вазири олдида Путинни танқид қилишдан тийила олмаса керак. Аммо бу Модига нотаниш ҳолат эмас, у ғарб давлатлари пойтахтларида кўп марта бундай ҳолатда қолган.

Москва бу ташрифга қандайдир муносабат билдириши даргумон, чунки у ҳам Деҳлининг ташқи сиёсатдаги кўп томонлама ёндашувга оид ўйин қоидаларини қабул қилишга мажбур.

Аммо алянсларга қўшилмаслик сиёсатининг яна бир намойиши билан бир қаторда, Деҳли ушбу ташриф доирасида жиддийроқ мақсадларни ҳам кўзламоқда.

Сўнгги ўн йилликларда Ҳиндистон Европа билан, айниқса нисбатан камроқ ривожланган Марказий ва Шарқий Европа билан алоқаларни кучайтирмоқда.

Деҳли қитъадаги катта тўртлик – Буюк Британия, Италия, Германия ва Франция билан муносабатларни мустаҳкамлашда давом этмоқчи – шу билан бирга Европанинг бошқа давлатлари билан ҳамкорликни ҳам кучайтиришни ният қилган.

Киевга келишдан олдин Нарендра Моди Варшавада тўхтаб, Полша бош вазири Доналд Туск билан учрашди
Моди Европага сафари доирасида Полшада ҳам бўлди. У Ҳиндистоннинг 45 йил ичида ушбу мамлакатга ташриф буюрадиган илк бош вазирига айланди. У шунингдек июл ойида Ҳиндистоннинг 40 йиллик танаффусдан кейин Австрияга келган илк ҳукумат раҳбари бўлганди.

Таҳлилчилар фикрича, бу шуни англатадики, Ҳиндистон Марказий Европа мамлакатлари келажак геосиёсатида қандай муҳим рол ўйнашини тобора кўпроқ англаб бормоқда ва улар билан мустаҳкам алоқалар муҳимлигини тушунмоқда.

Ҳиндистон ҳукумати Европа билан савдо шартномаси бўйича музокараларни ҳам қайтадан бошлаган. Аллақачон Исландия, Лихтенштейн, Норвегия ва Швейцариянинг ҳукуматлараро ташкилоти саналган Европа эркин савдо уюшмаси билан савдо ва инвестиция келишуви имзоланган.

Шу тариқа, ташриф вақтида урушга кўпроқ эътибор қаратилса-да, ҳинд делегацияси катта эҳтимол билан кенгроқ масалаларга эътибор қаратади.

«Марказий ва Шарқий Европа энди ўз тақдирини белгилаш ва минтақавий геосиёсатни ўзгартириш учун кўпроқ ҳаракат эркинлигига эга. Жаноб Модининг Варшава ва Киевга ташрифи Европа юрагидаги ушбу муҳим ўзгаришларни тан олиш ва Марказий Европа давлатлари билан икки томонлама сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик алоқаларини чуқурлаштиришга қаратилган», — дея ёзган ташқи сиёсат бўйича эксперт Ража Моҳан Indian Express нашри учун интервюсида Нарендра Модининг сафаридаги асосий мақсадни сарҳисоб қилиб.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ҳиндистон бош вазири Модининг ошкора ва яширин мақсадлари