22:01 / 03.09.2024
105

Украина ва Россия фронтда нималарга эришди ва буёғига нима бўлади?

Украина ва Россия фронтда нималарга эришди ва буёғига нима бўлади?
Часив Ярни ҳимоя қилаётган украинлар. Фото: Reuters
Томонлар 2024 йил баҳори ва ёзига турли ҳолатларда етиб келди. Конгрессда Америка ёрдами кечикиши туфайли Украина заифлашди, шунингдек, сафарбарлик тўғрисидаги қонунни қабул қилиш имиллаши туфайли Украина қуролли кучлари сафларини тўлдиришда муаммолар кузатилди. Шунингдек, украин армияси раҳбариятида ҳам ўзгаришлар рўй берди.

Россия катта йўқотишлар билан бўлса-да, украинларнинг Донецк яқинидаги муҳим қалъаси — Авдийивкани эгаллаб олди ва кичик танаффусдан кейин юришни бир неча йўналишларда давом эттирди.

Россияликлар Покровск, Часив Яр, Купянск, Лиман, Северск, Вуҳледар ва Курахово йўналишларида ҳужум бошлади.

Бундан ташқари, улар украинларнинг Херсон йўналишидаги Кринки қишлоғи ҳудудида ташкил этган плацдармини асосий кучлардан «узиб қўйиш»га ҳамда Запорижжя области Работине қишлоғи атрофидаги ҳудудларни қайтариб олишга ҳаракат қилишди.

Кремл яна иккита фронт очди. Май ойида Россия қўшини шимолдан Харкив областига бостириб кирди ва Вовчанск ҳамда Липци йўналишида ҳужум қилди, июн ойида эса Донецк области Торецк шаҳри томон юриш бошланди.

Россия қўшини барча йўналишлар бўйлаб илгарилашга эришди.

Аммо бу юришлар қанчалик муваффақиятли бўлди ва стратегик мақсадларга эришилдими — BBC украин хизмати саволларига жавоб берган ҳарбий экспертларнинг бу борадаги фикрлари бир-бириникидан фарқланади.

Уларнинг фикри бир масалада якдил: 2024 йил кузи Россия-Украина урушида ҳал қилувчи бўлиши мумкин.

Россиянинг фронтдаги асосий ютуқлари

Баҳор ва ёзда Россия қўшини Украинанинг бирорта йирик шаҳрини эгаллай олмади, аммо Покровск йўналишида 35 км, Торецк йўналишида — 9-10 км масофага олдинга силжиди, шунингдек, Вуҳледар ва Курахово атрофидаги позициялар яхшиланди.

Буларнинг барини стратегик муваффақият деб бўлмайди, дейди BBC украин хизматига «Стратегия ХХІ» Глобал тадқиқотлар марказининг хавфсизлик дастурлари раҳбари Павел Лакийчук.

«Россияликлар Бахмутдан Авдийивкага қадар стратегик ютуқни ва ушбу шаҳарлар оралиғида, Торецк ва Часив Ярдаги украин кучларини ўраб олишни режалаштирганди. Кейин эса Украина қуролли кучларининг ушбу йирик гуруҳини қириб ташлаш ўйланганди», — дея қайд этади эксперт.

Бунга эришилмади, шу туфайли Кремл тезда режа ва тактикани ўзгартиришига тўғри келди.

Торецкда вайрон бўлган уйлар. Россия армияси июн ойида ушбу шаҳар томон юриш бошлади. Фото: Reuters
«Россияликлар тезкор зарбалар ва ёриб ўтишлар ўрнига фронтни суриб бориш тактикасига ўтишди. Бу кўпроқ ресурс сарфлашни талаб этади ва шиддат билан олдинга юришдагидек натижа келтирмайди. Оператив кенгликка чиқиш ҳам йўқ», — дейди Лакийчук.

Аммо исроиллик эксперт Давид Генделманнинг ҳисоблашича, ушбу уруш реаллигида Россиянинг ёзги юришини «қисман муваффақиятли» деб ҳисоблаш мумкин.

Унинг сўзларига кўра, 2022 йил кузида Херсон ва Харкивдаги катта ҳудудлар озод этилганидаги амалиётдан кейин томонларнинг бирортаси ўшандаги каби фронтни тез ва чуқур ёриб ўта олмаган.

Шу билан бирга, у куз фаслига келиб фронтдаги оператив вазият Украина қуролли кучлари учун «қийинлашишда давом этаётгани»ни қайд этган.

Украиналик ҳарбий таҳлилчи ва тарихчи Михайло Жироховнинг таъкидлашича, Россия армиясининг баҳор ва ёздаги асосий ютуқлари Украина қуролли кучлари қўмондонлигининг хатоликлари туфайли рўй берган.

Булардан энг асосийси — апрел ойи охирида Донецк областининг Авдийивка ва Покровск оралиғидаги Очеретино шаҳарчаси бўлинмалар ротацияси вақтидаги тушунмовчилик туфайли бўш қолдирилгани бўлган.

Кейинги муаммо — июл ойида худди шу йўналишдаги Прогресс посёлкаси бой берилиши эди.

«Очеретино ва Прогресс — қўмондонлигимизнинг очиқчасига хатоларидир. Россияликлар бундан шунчаки фойдаланишди. Бу украин мудофааси емирилган Бахмутда бўлгани каби уларнинг хизмати эмас», — деб ҳисоблайди эксперт.

Россия юришининг кулминацияси айнан август ойи ва сентябр ойи боши бўлишига ишончи комил. Бу даврда Россия армиясида, биринчи навбатда техника ва ўқ-дорилар бўйича максимал имкониятлар мавжуд.

Бу ярим йиллик ишлаб чиқариш цикли бўйича ишлаётган Россия ҳарбий-саноат комплексининг ўзига хосликлари билан боғлиқ.

«Яъни 1 июлдан мудофаа саноати қўшинларга маълум миқдорда қурол бера бошлади. Бу захиралар августга келиб тўпланиб қолгани аниқ», — дейди Жирохов.

Покровск аҳолиси шаҳарни тарк этмоқда. Россия армияси — 10 км масофада яқинлашган
Thomas Peter / Reuters / Scanpix / LETA

Россия юришидаги асосий йўналиш — Покровск. Россия армияси бу шаҳарга 10 км масофада яқинлашиб келган.

Аммо, Давид Генделман қайд этишича, Россиянинг мазкур участкага масъул бўлган «Марказ» гуруҳи қўмондонлиги тўғридан тўғри шаҳарга ҳужум қилишни ўйламаяпти ва қарши ҳужумлардан ҳимояланиш учун қанотларни кенгайтириш билан шуғулланмоқда, хусусан, Покровск жанубидаги Селидово томон юриш қилинмоқда.

Украина қўмондонлигининг фронтнинг бу қисмидаги ҳаракатлари у қадар тушунарли эмас, дейди Покровск йўналишида жанг қилаётган зобитлардан бири BBC украин хизматига.

Зеленский ва Сирскийнинг бу йўналишни кучайтириш зарурлиги борасидаги чиқишларига қарамай, айрим бўлинмалар бу ердан олиб кетилмоқда, бошқаларига эса орқага чекиниш ва позицияларни амалда жангсиз ташлаб кетиш бўйича буйруқлар берилмоқда.

Катта эҳтимол билан, Украина қуролли кучлари бош штаби тактикаси рақибни тўғридан тўғри Покровск кўчаларида ёки унинг остонасидаги қийин жангларга таклиф этишдан иборат.

Озарбойжонлик ҳарбий таҳлилчи Оқил Рустамзода эса вазияти бироз бошқача баҳолайди. Унинг сўзларига кўра, икки томонда ҳам ҳал қилинмаган «оператив даражадаги инқирозлар мавжуд» — Украинада Покровск йўналиши, Россияда — Курск.

«Шу туфайли, айни вақтда томонлардан қайси биридир ҳал қилувчи устунлик ёки стратегик муваффақиятга эришди, дейиш нотўғри бўларди», — деган у BBC билан суҳбатда.

Томонларнинг юриш амалиётлари қишгача ёки совуқ кунлар келгунга қадар давом этади, деб тахмин қилади эксперт.

Украина қуролли кучларининг ёздаги ютуқлари

Одамлар ва қуроллар етишмовчилиги шароитида фронтни ушлаб турганини украин армиясининг баҳор ва ёз давридаги муваффақияти деб ҳисоблаш мумкин. Мудофаа кучлари Россиянинг Харкив областида 10 май куни бошланган юришини тўхтатди ва ҳудуд ичкарисига тезлик билан чуқур кириб келишига йўл қўймади.

Вовчанск ва Липци учун тўрт ойдан буён давом этаётган жангларда Россия деярли ютуқларга эришмади, фронт чизиғи деярли ўзгаришсиз қолмоқда.

Бундан ташқари, айнан шу даврда украинларнинг ҳарбий-саноат комплекси узоқ масофага учувчи дронлар ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга муваффақ бўлди. Уларнинг сони ва қўллаш мунтазамлиги бўйича Украина Россиядан ўзиб кетишга ҳам эришди. Амалда ҳар куни Россия мудофаа объектлари, ҳарбий аэродромлар, нефт базалар ва нефтни қайта ишлаш комплекслари учувчисиз учар қурилмалар зарбалари остида қолмоқда.

Украина ҳукумати ракеталар, хусусан, баллистик ракеталарни ишлаб чиқаришда ҳам «ижобий динамика» ҳақида гапирмоқда.

Аммо барча экспертлар ёзнинг асосий воқеаси украинларнинг 6 август куни Курск областида бошланган юриши бўлди, деб ҳисоблайди.

Украиналик ҳарбий Россиянинг Суджа шаҳрида. Курск областига юриш кутилмаганда бошланди ва «россияликларнинг барча карталарини аралаштириб юборди», дейишади экспертлар. Фото: Reuters
Бу амалиёт кутилмаган, яхши ўйланган, тезкор бўлиб чиқди ва маълум ҳарбий натижаларга эришди.

Давид Генделманнинг ҳисоблашича, Киев Покровск йўналишида мудофааланиш ноқулайлиги туфайли шундай қарорга келган. У буни тушунтириш учун шахмат ўйинини мисол қилиб келтиради.

«Айтиш мумкинки, стратегик маънода вазифа „шахмат тахтасини силкитиш“ эди. Аммо муаммо шундаки, ҳозирча биз бирор фигура доскадан тушиб кетганини кўрмаяпмиз. Катта эҳтимол билан, улар бир четда чайқалиб туради, аммо жойида қолади», — дея ўз фикрини метафора билан изоҳлаган эксперт.

Унинг сўзларига кўра, Украина қуролли кучлари Курск областидаги ҳудудларни қанча вақт ушлаб туриши ва Москва бунга айнан қандай реакция қилиши муҳимдир.

Павел Лакийчук унинг фикрига қўшилган ва Курск амалиётини «россияликларнинг карталарини аралаштириб юборган» воқеа деб атаган.

«Ҳарбий рискларга қарамай, Курск уруш нарративини муваффақият билан ўзгартирди, — дея қайд этади Британия Қироллик мудофаа тадқиқотлари институти (RUSI) таҳлилчилари. — Бу 2024 йил ноябрида бўлиб ўтадиган АҚШ президентлик сайловлари вақтида ва ундан кейин халқаро ёрдам кранлари очиқ қолиш-қолмаслиги Киев Курскдан музокараларда савдо воситаси сифатида фойдаланишни давом эттириш-эттирмаслигига боғлиқ», — дейилган институт мақоласида.

Тадқиқотчилар фикрича, Курск амалиёти ставкани кўтариб юборган. Агар Украинанинг бошқа кутилмаган амалиётлари уланса, улар яна кўтарилиши мумкин — «масалан, Қрим ёки бошқа қаердадир», деб ҳисоблайди RUSI экспертлари.

Покровск, куз — ҳал қилувчи палла

2024 йил кузи Россия-Украина уруши учун ҳал қилувчи давр бўлиши мумкин. "Муҳим ҳарбий ва сиёсий воқеалар айнан шу даврга тўғри келади", дейди Давид Генделман.

Гап Курск областидаги амалиёт ва Покровск учун жанг ҳақида ҳам, АҚШ президентлиги учун ноябр ойи бошида кечадиган сайловлар ҳақида ҳам кетмоқда. Киев Америка ёрдамига ўта қарамлиги шароитида Оқ уйнинг янги хўжайини номи улкан аҳамиятга эга, дейди исроиллик таҳлилчи. Унинг бу фикрига ҳамма ҳам қўшилмайди.

«Мен бу кузда қандайдир бурилиш нуқтаси бўлишини айтишни жуда ҳам истардим. Аммо бу узоққа чўзиладиган уруш экани ва бундай бурилиш ясаш учун урушаётган томонлардан ҳеч бири ҳал қилувчи устунликка эга эмаслиги фактини ҳам қабул қилиш керак, — деб ҳисоблайди Оқил Рустамзода. — Ҳолдан тойдирувчи урушда ҳатто оператив ютуқлар ҳам стратегик бурилиш нуқтасига олиб чиқа олмайди».

Ўз навбатида, Михайло Жирохов ўзидаги маълумотларга кўра, Россия армияси имкониятлари куз бошида ўзининг юқори чўққисига чиқишини ва Кремл вазиятдан фойдаланиб қолиш учун бор кучини йўналтириши мумкинлигини эслатади.

1,5-2 ой вақт қолди, ҳозирча об-ҳаво имкон беради, яшил дарахт ва буталар россиялик пиёдаларни паналайди, қуруқ тупроқ оғир зирҳли техникалардан фойдаланишга имкон беради.

«Россиянинг Донецк йўналишидаги муваффақиятлари бошқа омадсизликларни ёпиб кетмоқда. Ўйлайманки, уларга [Россия қўшинига] вазифа қўйилган, улар буни ёмғирлар бошланадиган, „яшиллик“ йўқоладиган ноябрга қадар бажаришга ҳаракат қилишади. Бу вазифа — Донецк областининг маъмурий чегараларига чиқиш», — дейди таҳлилчи.

Ва Украина учун пессимистик прогнозлар беради — россияликлар катта эҳтимол билан бу вазифани бажаришни уддалашади.

Украинанинг вазифаси мураккаб кўринаётган шароитларда Покровскни ушлаб туриш. Бунда Курск областида бўлгани каби яна бир ностандарт юриш ёрдам бериши мумкин.

Украинанинг ҳарбий-сиёсий раҳбарияти фронтдаги вазиятни ўзгартириш учун яна бир кутилмаган қадам ташлаши керак, деб ҳисоблайди таҳлилчилар. Фото: Украина президенти офиси
«Сирскийнинг айёрона режасини, янги қарши ҳужумни кутаман, чунки Курскда Украина қуролли кучлари барча захираларини ишлатгани йўқ. Воқеалар мантиғи шундай, кейинги ҳафталарда украинлар қаердадир зарба бериши керак. Аммо бу „Висладаги мўъжиза“ бўлади», — дейди Жирохов.

У ёдга олган «Висладаги мўъжиза» деб Полша ва совет қўшинлари ўртасида 1920 йилнинг 13–25 август кунларида бўлиб ўтган жангга айтилади. Мағлубият ёқасида турган Полша нафақат қизил армияни тўхтатади, балки қарши ҳужумда уни яксон этади ҳам.

Давид Генделман ҳам Украина томонидан «кутилмаган юриш» кутмоқда. Акс ҳолда, Покровскнинг бой берилиши бу кузда «Украина мудофааси учун оператив инқироз»ни юзага келтиради.

Бу жанг тақдири фронтдаги воқеаларнинг кейинги векторини белгилаб беради. Эҳтимолий вариантлар орасида — можаро музлатилиши ёки 2025 йилда қарама-қаршиликнинг янги босқичи бошланишини келтириш мумкин.

«Шундай ибора бор — „жўжалар кузда саналади“. Ва бу йили у янада долзарброқ», — дея хулоса қилади таҳлилчи. Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украина ва Россия фронтда нималарга эришди ва буёғига нима бўлади?