“The Jerusalem Post” нашрининг ёзишича, “Тиндер фирибгар” номи билан танилган Саймон Левиев (асл исми Шимон Хают) Батуми аэропортида ҳибсга олинган.
Грузия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, қўлга олиш Интерполнинг буйруғи асосида амалга оширилган. Левиев халқаро қидирувда бўлган. Унинг адвокати эса мижозининг “нега ҳибсга олинганини ҳали ҳам тушунмаётганини” айтиб, “у бемалол дунё бўйлаб саёҳат қилиб келган”, дея қўшимча қилди.
Симон Левиев ўзини Левиевнинг олмос империяси вориси сифатида таништириб, Тиндер иловаси орқали аёлларни чув туширган. У ҳаёти хавф остида эканини баҳона қилиб, улардан катта миқдорда пул сўраган ва тахминан 10 миллион доллар атрофида маблағни қўлга киритган.
2019 йилда у Исроилда содир этган жиноятлари учун фирибгарликда айбдор деб топилган ва 15 ойга озодликдан маҳрум этилган. Бироқ беш ой ўтгач, қамоқдан чиқарилган ва ўзини “бизнес маслаҳатчиси” сифатида кўрсата бошлаган. Шунга қарамай, унинг қурбонлари ҳанузгача молиявий зарарни қоплаш учун курашмоқда.
2022 йил январ ойида Netflix “The Tinder Scammer” номли ҳужжатли фильмни тақдим этган эди. Унда Левиев томонидан алданиб қолган уч аёл билан суҳбат ўрин олган. Премерадан кейинги илк ҳафтада фильм қарийб 46 миллион томоша қилиниб, платформанинг энг кўп кўрилган ўнлигидан жой олган.
Орадан уч ой ўтиб, 2022 йил апрелида Испания ҳукумати уни сохта ҳужжатлар ишлатгани учун ҳибсга олишга ордер чиқарган эди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!