Win McNamee / Getty Images
Дебатлар бошловчилар жонли эфирда фактчек (номзодлар айтган маълумотларни текшириш) амалга ошириши билан кечди, аммо улар асосан Трампнинг сўзларига тузатиш киритишди ва бу тарафкашлик қилиш бўйича айбловларга ҳам сабаб бўлди.
Тўхтовсиз тортишишганига қарамай, номзодлар амалда мемга айланиши мумкин бўлган хатоларга йўл қўйишмади, Трампнинг Оҳайо штатидаги мигрантлар мушук ва итларни тановул қилиши ҳақидаги такрорий даъвоси бундан мустасно.
Дебатлардан кейин ўтказилган сўровлар кўрсатишича, телетомошабинлар Ҳаррисни ғолиб бўлди, деб ҳисоблашмоқда ва ҳатто консерватив қарашлардаги шарҳловчилар у Трампдан кўра ишончлироқ кўринганини тан олишмоқда. Аммо унинг штаби асосий кузирни энг охирига қолдирганди: дебатлардан кейиноқ қўшиқчи Тэйлор Свифт демократлар учун овоз беришини маълум қилди.
Ким кўпроқ одам йиғади?
Ҳаррис Трампни ўзи истаган сценарийга тортишга муваффақ бўлди, деб ҳисобламоқда шарҳловчилар
Олдиндаги сайловлар натижасини ҳамон олдиндан айтиб бўлмайди, дейишмоқда социологлар миллий сўровлар маълумотларига ҳавола қилган ҳолда. Шунинг учун дебатлар ўта муҳими эди: томошабинлар орасида ҳали кимга овоз беришини ҳал қилмаган сайловчилар ҳам бор.
Дебатлар туфайли икки номзод илк бор юзма-юз келди — улар ҳеч қачон учрашишмаганди, Трамп президент сифатида расмий чиқиш қилган вақтларда Ҳаррис ҳам сенатор сифатида ҳозир бўлгани ҳисобга олинмаса. Уларнинг учрашуви қўл бериб кўришишдан бошланди, демократларнинг ёшроқ номзоди рақиби олдига борди.
Дебатлар ABC телеканали томонидан трансляция қилинди, уни канал юлдузлари Дэвид Мюир ва Линси Дэйвис олиб боришди, улар Америкадаги энг машҳур ABC World News Tonight янгиликлар дастури бошловчилари саналади.
Трамп учун бу сўнгги ўн йилликдаги еттинчи президентлик дебати бўлди: у 2016 йилда Ҳиллари Клинтон билан уч марта, 2020 ва 2024 йилларда Жо Байден билан уч марта тўқнашган.
Аммо Ҳаррис учун бу — биринчи дебат, олдиндаги президентлик сайловларида у биринчи бор республикачилар вакили билан кураш олиб боради. Унинг Калифорниядаги карьераси ва Демократик партия праймеризидаги иштироки республикачилар билан рақобатлашишни назарда тутмасди.
Дебат бошида Ҳаррисда бироз ҳаяжон борлиги кўриниб турганди, аммо бу унга ҳужумга ўтиш ва Трампни реалликдан узоқлаштирадиган мавзуларга тортишга халал бермади. Хусусан, у Трампнинг сайловолди митингларига келган одамлар якунни кутмасдан кетиб қолишини айтди. Бу ҳужум кўпроқ тарафдорларини йиғиши билан ғурурланадиган республикачилар номзодининг ғазабини қўзитди ва бу гапни рад этиб, рақибининг митингларига жуда кам одам келиши ҳақида гапира бошлади.
Бундай чалғитишларнинг ҳар бири унинг олдиндан тайёрланган аргументларини баён этиш учун ажратилган вақтни ўғирларди.
Чақалоқларни калтаклаш ва итларни ейиш
Трамп ўзини дебатлар ғолиби деб атамоқда, аммо унинг тарафдорлари орасида ҳам бунга шубҳа қилувчилар бор
Трамп қарз бўлиб қолишни хоҳламади ва ўз ҳужумларини амалга оширди. У навбатдаги марта Ҳаррис — сўл радикал номзод ва марксчи эканини айтди. («У ишлаб чиқариш воситаларини мусодара этишни таклиф қилмаяпти», — дея унинг бу даъвосига муносабат билдирган демократларга яқин бўлган New York Times газетаси). У шунингдек Ҳаррис томонидан вице-президентликка таклиф этилган номзод Тим Уолз нафақат ҳомиладорликнинг исталган муддатида аборт қилишни қўллаб-қувватлаши, балки чақалоқларни улар туғилганидан кейин ҳам ўлдиришни ёқлаб чиққанини айтди.
Аммо Трампнинг 90 дақиқа давомида келтирган асосий аргумент миграция бўлди. У Байден у томонидан жорий этилган қатъий чораларни бекор қилиши ортидан чегарадан ноқонуний ўтиш ҳолатлари сони кескин ўсганига эътибор қаратди. У шунингдек Огайо штатидаги мигрантлар гўёки мушук ва итларни ўғирлаб, тановул қилаётгани ҳақидаги миш-мишларни келтириб ўтди ва ҳатто Ҳаррис Америка қамоқхоналаридаги мигрантларда жинсни ўзгартириш учун жарроҳлик амалиётлари ўтказишни хоҳлаётганини айтди — бу унга нима учун кераклиги ҳақида эса тўхталмади.
Ноқонуний миграция масаласи бўйича баҳс давомида Ҳаррис мавзуни бурди ва Трампнинг митинглари жуда зерикарли бўлаётгани туфайли тарафдорлари барвақт кетиб қолаётганини айтди. Бунга жавобан Трамп қичқириб юборди ва ўз митингларини «сиёсат тарихидаги энг ақлбовар қилмас митинглар» деб атаб, Ҳаррисни ўз чиқишлари учун одамларни пул тўлаб ёллашда айблади.
Ўз навбатида, Ҳаррис ўзининг асосий кузирини ишга солиб, АҚШ олий суди аборт учун ҳуқуқни бекор қилишидаги Трампнинг ролини кўрсатиб ўтди. У шифохона олдидаги тураргоҳда бола тушишидан кейин қон кетган аёл ҳақидаги мисолдан фойдаланган, шифокорлар ноқонуний аборт қилишда айбланмаслик учун уни қабул қилишдан қўрқишганди.
У шунингдек Трампни абортга бутун мамлакат миқёсида тақиқ ўрнатишни режалаштиришда айблади. У бунга жавоб беришдан қочгани фактини Ҳарриснинг ғалабаси деб ҳисоблаш мумкин: демократлар дебатдаги бу парчани тарқатиб, аёлларни ўзлари учун овоз беришга чақиришди.
Социологларга кўра, икки мавзу — ноқонуний миграция ва аёллар ҳуқуқлари мавзулари — иккиланувчи штатлардаги ҳали бир қарорга келмаган сайловчиларни ўйлантирмоқда, уларнинг овозлари эса сайлов тақдирини ҳал қилиши мумкин.
Аср бошларида Оҳайо ва Спрингфилддаги кўплаб йирик заводларда иш автоматлашгач, иш ўринлари ёпилган ва шаҳарда ҳаёт даражаси тушиб кетган, аҳолининг катта қисми бу ерни тарк этган. Кейинги йилларда уларнинг ўрнини Ҳаитидан келган муҳожирлар эгаллади.
«Путин сизни тушликда ейди»
Иқтисодиёт ва соғлиқни сақлаш масалалари ниҳоятда юзаки муҳокама қилинди ва ҳеч бир номзод янги гап айтмади. Ташқи сиёсат ҳам фақат юзаки — Ғазодаги уруш ҳамда Россиянинг Украинага босқини контекстида муҳокама қилинди. Ва Трамп ҳам, Ҳаррис ҳам Исроилни қўллашни давом эттиришга ваъда берди, Россия ва Украина уруши борасида эса фикрлар қарама-қарши бўлди.
Улар Украина ғалабасини қанчалик хоҳлаши тўғрисидаги саволга номзодлар турлича жавоб беришди: Ҳаррис — тасдиқлаш маъносида жавоб қайтариб, ундан Байден маъмурияти Киев учун қилган барча ишларни қайд этишда фойдаланди. Трамп эса унинг мақсади — урушни якунлаш экани ва у буни Зеленский ҳамда Путин билан аввал алоҳида гаплашиб, кейин эса уларни бир жойда учраштирган ҳолда жуда тез амалга оширишини айтди. Трамп яна бир бор, агар у президент бўлиб қолганида, босқин рўй бермаган бўлиши ҳақидаги даъвосини яна бир бор қайтарди.
Аммо Ҳаррисда воқеаларнинг бошқа версияси бор эди: «Агар Доналд Трамп президент бўлганида, Путин ҳозирда Киевда ўтириб, Полша ва Европанинг қолган қисмига кўз олайтираётган бўларди».
«Путин — сизни тушликка еб қўядиган диктатор», — деган у мухолифига.
2016 йилда демократлар республикачилар штабида Россия изини қидирган бўлса, энди бу оқшом Трамп карталарни чийлашга ҳаракат қилди. У Байден коррупцияга ботганини айтиб, мисол сифатида унинг ўғли Ҳантер гўёки Москва шаҳри собиқ мэри Юрий Лужковннг рафиқаси Елена Батуринадан 3,5 млн доллар олганини келтирди. Бунда гап гўёки 2014 йилда у билан алоқадор инвестиция компаниясига келиб тушган пул ўтказмаси ҳақида бормоқда.
Модераторлар АҚШ ва Хитой муносабатлари бўйича савол беришмади, номзодларнинг ўзи ҳам бу мавзуни кўтаришмади.
Журналистларга эътироз билдираётганлар фақат Трамп тарафдорлари эмас: Ҳарриснинг лагеридагилар уларни унинг кампаниясини кўнгилдагидек ёритмасликда айблашади
Иштиёқ билан фактчекинг қилиш
Трамп 2015 йилда президентлик пойгасига қўшилганидан буён журналистлар унинг ёлғонларига қарши курашиб келади. Ҳатто ушбу касбнинг сиёсатчилар фактларга бепарво қарашига ўрганиб қолган фахрийлари ҳам бадиий тўқималарни кўпинча факт сифатида тақдим этадиган номзод ва давлат раҳбарига тайёр эмасди.
Байден ва Трамп ўртасида июн ойида кечган дебатга мезбонлик қилган CNN канали олдиндан фактчек бўлмаслиги, мунозара вақтида номзодларнинг янглиш гапларига тузатишлар киритилмаслигидан огоҳлантирганди. ABC эса бошқачароқ ёндашди ва бошловчилар ҳар сафар Трампнинг сўзини бўлиб, томошабинларга фактларни эслатишди.
Дэвид Мюир — энг машҳур ва нуфузли америкалик тележурналистлардан бири ва у аввал Трампдан бир неча бор интервю олган. Республикачининг репликасига жавобан у демократлар янги туғилган чақалоқларни ўлдиришга чақирмаслигини таъкидлади.
Трамп эса ўз нутқи давомида яна бир бор ноқонуний мигрантлар мавзусига тўхталиб шундай деди: Спрингфилдда улар итларни ейишмоқда. Ташқаридан келган одамлар. Шаҳарликларнинг уй ҳайвонларини еб қўйишмоқда. Бу бизнинг мамлакатда рўй бермоқда. Бу жуда уятли.
Ижтимоий тармоқларда август ойи ўрталарида Оҳайо штатида 27 ёшли аёл ҳибсга олингани, полиция унинг уйига борганида мушук жасадини кўтариб турган аёлнинг қўли ва юзида қон доғлари ва тери парчалари бўлгани ҳақида хабар тарқалганди. Кейин эса Трампнинг вице-президентликка номзоди Жей Ди Вэнс твиттер саҳифасида мигрантларни у туғилиб ўсган штат бўлмиш Оҳайони хаос ичида қолдиришда, маҳаллий аҳолининг мушук ва итларини ўғирлаш ва ейишда, туберкулёз ва ОИТС каби касалликларни авж олдиришда айблаб чиқди.
Спрингфилд полицияси эса шаҳардаги ҳодисанинг ҳаитилик мигрантларга алоқаси йўқлигини, қўлга олинган аёл шаҳардан 270 км масофадаги Кантон шаҳри маҳаллий аҳолиси вакили экани ҳақида маълум қилган ва дебатлар бошловчиси Дэвид Муир ҳам бу ҳақда эслатиб ўтди.
Трамп эса у билан баҳслашди:
— Аммо мен телевизорда итлари еб қўйилгани ҳақида гапирган одамларни кўрдим…
— Яна бир марта айтаман: Спрингфилд сити-менежери бунга исбот йўқлигини айтган.
— Бунинг охирига етамиз.
Бундай миш-миш мигрантлар ёввойи ўрдакларни овлагани билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.
Аммо бу дебатларда ёлғон гапирган Трампнинг ўзигина бўлмади. New York Times фактчеки кўрсатишича, Ҳарриснинг Трамп гўёки Обама томонидан жорий этилган соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни бекор қилиш учун 60 марта урингани ҳақидаги гапи ҳақиқатга тўғри келмайди. Ҳаррис хонимдан бошқа бир фейк нюз — унинг Трамп президентлиги даврида ишсизлик даражаси Буюк инқироз давридан буён энг юқори кўрсаткичларни қайд этгани ҳақидаги гап бўлди, ҳолбуки аслида бундай рақамлар 2000-йилларда ҳам кузатилган, дея қайд этади CNN фактчекери. Умуман олганда, Ҳаррис Трампни коронавирус пандемияси билан боғлиқ ҳолда юзага келган иқтисодий муаммоларда айблаган.
Аммо бошловчилар Ҳарриснинг баёнотларини фактчек қилиш билан шуғулланмади ва бу тарафкашлик бўйича айбловларни келтириб чиқарди. Бошловчилар шунчаки Трампга ҳужум қилишди ва студияда уч киши бир кишига қарши эди, деб ҳисоблайди журналист Мегин Келли. Трампнинг иттифоқчиси бўлган сенатор Линдси Грэм модераторлар ўзларини худди Демпартиядан маош оладигандек ўта нохолис тутганини айтди.
Олдиндан айтиб бўлмайдиган пойга
Трамп яна бир марта Байден маъмурияти — тарихдаги энг ёмони бўлганини таъкидлади. Америкаликларнинг аксарияти бундай кескин баҳога қўшилмаслиги мумкин, аммо демократлар номзодини алмаштирмагунича, ижтимоий сўровлар ноябр ойидаги сайловда Трамп ғалаба қозонишини кўрсатаётганди.
Аммо Байден ўрнига Ҳаррис номзодга айланиши республикачилар учун муаммо туғдирди. Энди уларнинг вазифаси — ҳозирги вазиятдан, айниқса иқтисодий ҳолатдан норозиликни Ҳаррис томонга йўналтиришди. «У Байден ҳам», — деган Трамп дебат чоҳида. Ҳарриснинг ўрта синф ҳаётини яхшилаш тўғрисидаги ваъдасига у шундай муносабат билдирди: «У нима учун ҳалигача бундай қилмади?».
Аммо дебат якунланиши билан ўтказилган экспресс-сўров кўрсатишича, томошабинларнинг 63 фоизи унда Ҳаррис ғолиб бўлди деб ҳисоблаган.
Ҳаррис бу дебатларда ғалаба қозонди, дея ёзилган Wall Street Journal газетасининг фикрлар бўлимида. Бу нашр эса азалдан республикачиларни қўллайди. Аммо у ўз дастурини ишончли айтиб бергани учун эмас, Трампга моҳирлик билан тузоқ ўрнатиш орқали ғалабага эришди, дейилади колонкада.
Аммо дебатлардаги ғалаба сайлов кунидаги устунликни кафолатламайди. 2016 йилда Ҳиллари Клинтон ҳам дебатларда ғолиб бўлди деб топилганди.
Ўтган ҳафтанинг дам олиш кунларида эълон қилинган New York Times ва Sienna College томонидан ўтказилган сўровлар натижалари шуни кўрсатадики, Байден Ҳаррисга алмаштирилишидан юзага келган эйфория ўтиб кетган ва Трамп яна олдинга чиққан, аммо атиги 1 фоизга.
Бошқа ижтимоий сўровлар эса ҳамон устунликни Ҳаррисга беришмоқда, аммо уларнинг барчасида номзодлар орасидаги фарқ катта эмас, ноябрдаги сайловлар натижасини эса ҳозир ҳеч ким тўғри тахмин қила олмайди.
Аммо, дебатларда муваффақиятли чиқиш қилишдан ташқари, Ҳаррис сайловда ғалаба қозониш учун яна бир муҳим қадамни ташлади.
У бугунги кунда дунёнинг энг машҳур поп-юлдузи бўлган Тэйлор Свифт қўлловига эга бўлди. “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Бефойда ва қиммат: шифокорлар тавсия этмайдиган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»