18:07 / 21.09.2024
94

Украинадаги урушнинг ҳозирги палласи (экспертлар шарҳи)

Украинадаги урушнинг ҳозирги палласи (экспертлар шарҳи)
Ғарб Украинага етказилган қуроллар билан Россия ичкарисидаги нишонларга зарба йўллашга рухсат бериши ҳақидаги хабарлар ортидан, Кремл у ҳолда НАТО билан тўқнаш келишини билдирди. Kun.uz суҳбатлашган таҳлилчилар Ойбек Сирожов ва Камолиддин Раббимовга кўра, Ғарб эртами-кечми барибир рухсат беради, лекин бу урушда кардинал бурилиш ясашини кутмаслик керак.

Ғарбнинг Украинага узоқ масофали ракеталардан фойдаланишга рухсат бермаслиги Путиннинг таҳдидлари билан боғлиқми? Ойбек Сирожовнинг сўзларига кўра, сабаблардан бири айнан шу. “Эскалациянинг янада кучайишидан Ғарб ҳам манфаатдор эмас. Чунки бу жавобсиз қолмайди. Россия томонининг жавоби қанақа бўлади, аниқ эмас. Воқеалар ривожи учинчи жаҳон урушини келтириб чиқариши мумкинлигини назардан соқит қилмаслик керак”, дейди у.

Қолаверса, таҳлилчининг айтишича, Ғарб Россиянинг бутунлай енгилишидан кўра, узоқ муддатда ҳолдан тойиши, шу билан бирга, Украинанинг енгилмаслигидан кўпроқ манфаатдор.

Украинада жиддий муаммолар бўлса, унинг вазиятини ўнглайдиган қандайдир имкониятларни бериб, урушнинг чўзилишига, кучларнинг мувозанатга келишига таъсир қиляпти. Буни ўтган 2,5 йил мобайнида бир неча бор кўрдик”, дейди у.

Айни пайтда, бу стратегиянинг Ғарбга қарши ишлайдиган қалтис томонлари бор: масалан, Ғарбнинг душмани бўлган томонлар билан Россиянинг алоқалари қалинлашмоқда. Россия ҳусийчиларга ракеталар бериши мумкинлиги, Эроннинг ядро дастурини қўллаб-қувватлаётгани ҳақида хабарлар бор. Бу эса Ғарбни Россия–Украина масаласида янада ҳушёрроқ бўлишга ундайди, дейди Ойбек Сирожов.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг сўзларига кўра, Ғарб эскалацияни секинлик билан, эҳтиёткорона, лекин барқарор равишда ошириб бормоқда. Ҳарбий ёрдам аввалига каска, бронежилет кабилардан бошланган эди, кейинроқ ёрдам кўлами танклар, самолётлар ва узоқ масофага учувчи ракеталаргача етиб борди. Амалда Украинани қуроллантириш борасида бирор чегара қолмади, дейди у.

Раббимовга кўра, Ғарб узоқ масофага учувчи ракеталарни Украинага, албатта, беради. Бу ракеталар билан Россия ичкарисига зарба беришга рухсат ҳам берилади. Россиянинг жавоби борасида АҚШ ва Британия икки хил позицияда турибди: Америка эҳтиёткорликни танлаётган бўлса, Британия кескинлик тарафдори.

Ғарб давлатлари орасида Америка бирор ҳал қилувчи фикрни айтмаслик сиёсатини амалга оширмоқда. Америка ATACMS ракеталарини беради, лекин буни турли усуллар билан расмийлаштириши мумкин. Масалан, Америка Украинага рухсат бермагани, лекин Украина бошқача йўл тутгани, Вашингтоннинг бундан хабари йўқлигини айтади ёки Украинанинг ўзини ҳимоя қилишга қаратилган ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини олдиндан эълон қилиш орқали буни расмийлаштириши мумкин”, дейди у.

Суҳбат давомида таҳлилчилар Курск фронтининг аҳамияти, Украина ноябрда Москва ҳам қатнашишига умид қилаётган иккинчи тинчлик саммити ўтказмоқчи бўлаётгани, АҚШдаги сайловларнинг урушга таъсири ва тинчликка эришиш йўлидаги асосий омилларга тўхталиб ўтди.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украинадаги урушнинг ҳозирги палласи (экспертлар шарҳи)