«Манчестер Сити»нинг ёш ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов яна бир муҳим ютуққа эришди. Maшҳур Whoscored портали уни Англия Премьер-лигасининг ҳафта рамзий терма жамоасига киритди. Бу 21 ёшли ўзбекистонлик футболчи учун катта эътироф бўлди.
Маълумотларга кўра, Ҳусановнинг «Манчестер Юнайтед»га қарши дербидаги ҳаракатлари 7,9 балл билан баҳоланган. Бу кўрсаткич унга рамзий таркибда муносиб ўрин топиш имконини берди.
Whoscored талқинига кўра, АПЛнинг 4-тур рамзий жамоаси қуйидагича шаклланди:
Дарвозабон: Рубин Руфс («Сандерленд», 8,4 балл).
Ҳимоячилар: Абдуқодир Ҳусанов («Манчестер Сити», 7,9), Микки ван де Вен («Тоттенҳэм», 8), Тайрон Мингс («Астон Вилла», 7,8), Жеймс Гарнер («Эвертон», 7,7).
Яримҳимоячилар: Нони Мадуэке («Арсенал», 8,5), Мозес Кайседо («Челси», 7,9), Мартин Субименди («Арсенал», 8,7), Жереми Доку («Манчестер Сити», 8,3).
Ҳужумчилар: Эрлинг Ҳоланд («Манчестер Сити», 9,4), Виктор Гокереш («Арсенал», 7,9).
Шу тариқа, Ҳусанов нафақат дербидаги ишончли ўйини билан, балки бутун турнинг энг яхши футболчилари қаторида ҳам ўз номини ёздирди. Ўзбекистонлик ҳимоячининг бу каби муваффақиятлари унинг Премьер-лигадаги нуфузини янада мустаҳкамламоқда.
Мухлислар эса ёш иқтидор соҳибининг келгуси учрашувларда ҳам юқори даражада ўйнашини кутмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!