Бугунги кунда телефон ва гаджетларга қарамлик жамиятнинг асосий муаммоларидан бирига айланиб улгурди. Қозоғистонлик болалар психологи Жанар Сеитмағамбет «Бугин LIVE» дастурига берган интервьюсида мазкур иллатнинг сабаблари ва ундан қутулиш йўллари ҳақида фикр билдирди.
Мутахассиснинг таъкидлашича, болага уч ёшгача умуман телефон ёки планшет каби қурилмалар берилмаслиги зарур. Чунки айнан шу даврда боланинг онги, мулоқот қилиш қобилияти ва иродаси шаклланади.
— Қарамлик қандайдир оддий одатдан бошланади. Бир хил ҳаракатни қайта-қайта бажариш натижасида бола унга ўрганиб қолади. Агар фарзандингиз телефонни сўралганда осонгина қайтариб берса, унда хавф йўқ. Аммо йиғлаб, асбобдан ажрашни истамаса, бу — сигнал, — деди Жанар Сеитмағамбет.
Унинг фикрича, бу каби вазиятда ота-она ва қариндошлар бевосита аралашиши шарт. Чунки виртуал дунё реал ҳаётдан устун кела бошласа, бола табиий муҳитдан узилиб қолади.
— Ота-оналар фарзанд ҳаётини қизиқарли тарзда ташкил эта билиши лозим. Чунки бола ота-она қилган ишни такрорлайди. Агар улар вақтни китоб, спорт ёки ижод билан ўтказса, фарзанд ҳам шундан намуна олади, — деди мутахассис.
Психолог 11 ёшгача болага фақат тугмачали телефон беришни тавсия қилди. Бу даврда миянинг олд қисми ва психоэмоционал ривожланиши барқарор бўлиши муҳим. Унинг айтишича, телефонга берилган боланинг сўз захираси камаяди, тасаввури чекланади ва иншо ёзишда қийналади. Қисқа видеолар ва тезкор маълумотлар оқими мияга оғирлик қилиб, келажакда диққатни жамлашга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Шу билан бирга, мутахассис телефонни мутлақо олиб қўйиш тўғри эмаслигини таъкидлади.
— Энг тўғри йўл — кунлик 1–2 соатдан ортиқ фойдаланишга рухсат бермаслик. Қолган вақтда бола севимли машғулотлари, дўстлари билан мулоқоти ёки спортга кўпроқ вақт ажратсин. Мен ўзим 15 йил аввал уйдан телевизорни чиқариб ташлаб, кечқурун китоб ўқишни одат қилганман. Фарзандларим ҳам шу йўлдан боряпти. Агар бола телефонга кучли қарам бўлса, вақтни аста-секин қисқартириб, унга янги одатлар шакллантириш керак. Энг асосийси — бола билан самимий суҳбатлашиб, унинг нима излаётганини, нима исташини англашга ҳаракат қилишдир, — дея хулоса қилди Жанар Сеитмағамбет.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, болаларни виртуал дунёдан асраб қолиш учун ота-оналарнинг ўзлари ҳам онгли равишда яхши одатларни шакллантириши лозим.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!