07:40 / 03.10.2024
43

Россияда миграция сиёсати кучайтирилмоқда

Россияда миграция сиёсати кучайтирилмоқда
Фото: ТАСС
Давлат Думасига миграцияга оид бешта қонун лойиҳаси киритилди, улар қаторида ноқонуний миграцияни ташкил этганлик учун жазони кучайтириш ҳақидагиси ҳам бор. Шунингдек, депутатлар яна иккита ташаббусни маъқулладилар. Айнан нимани ўзгартириш таклиф қилинмоқда?

Россия Давлат Думасининг яқинда бошланган кузги сессияси, эҳтимол, мигрантларга қарши кураш шиори остида ўтади. Бу ҳақда BBC ёзди.

10 октябр куни Россия парламенти қуйи палатасига миграция сиёсатига оид бешта қонун лойиҳасидан иборат пакет киритилди. Ҳукумат ва Олий суд лойиҳалар бўйича ижобий фикр билдирди, ҳеч қандай эътироз бўлмади.

Қонун лойиҳаларидан бири Россия Жиноят Кодексининг 63-моддаси қоидаларини кенгайтиради, унда ҳар қандай ҳуқуқбузарлик учун жазони оғирлаштирадиган ҳолатлар кўрсатилган. Депутатлар улардан бирини «Россия Федерацияси ҳудудида ноқонуний бўлган шахс томонидан жиноят содир этиш» деб ҳисоблашни таклиф қилмоқда.

Ушбу тузатишлар қабул қилингандан сўнг, суд ноқонуний мигрантга тўлиқ жазо тайинлаши мумкин бўлади, шу жумладан, енгиллаштирувчи ҳолатлар мавжуд бўлса ҳам. Суд ҳатто биринчи марта содир этилган енгил жиноятлар учун ҳам ҳақиқий қамоқ жазосини тайинлаши мумкин.

Бошқа қонун лойиҳаси ноқонуний миграцияни ташкил этишни (агар уюшган гуруҳ томонидан ёки «оғир ёки ўта оғир жиноятлар содир этиш мақсадида» содир этилган бўлса) ўта оғир жиноятлар тоифасига ўтказади.

Депутатлар жазонинг пастки чегарасини киритиш орқали ушбу модданинг дастлабки икки қисмини кескинлаштирмоқчи. Қонун лойиҳасида ноқонуний миграцияни ташкил қилганлик учун энди камида икки йиллик қамоқ жазоси белгиланиши таклиф этилмоқда. Худди шундай қилмишлар «бошқа жиноятни яшириш ёки унинг содир этилишига кўмаклашиш мақсадида» ёки интернетдан фойдаланган ҳолда содир этилса, 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланади.

Депутатлар, шунингдек, ҳужжатларни сохталаштириш учун жазони кучайтирмоқчи, агар улар ёрдамида, масалан, Россияга кириш ёки миграция «пропискаси» қоидалари бузилган бўлса. Бундай маъмурий ҳуқуқбузарликка йўл қўйган юридик шахсларга 5 миллиондан 10 миллион рублгача жарима солинади, агар қонунбузарлик такроран содир этилса, жарима 10-60 миллион рубл миқдорида бўлади.

Бундан ташқари, «Роскомнадзор»га «миграция соҳасидаги ноқонуний хизматлар», шунингдек, уни ташкил этиш усуллари тўғрисидаги маълумотларга эга сайтларни суддан ташқари блокировка қилиш ваколатини бериш таклиф этилган. Депутатларнинг таъкидлашича, Интернетда сохта рухсатномаларни сотиш ёки тезкор тарзда қонуний мақомга эга бўлиш таклифларини топиш мумкин.

Таъкидланишича, 450 депутатдан 350 нафардан ортиғи, жумладан, Палата спикери Вячеслав Володин ҳар бир қонун лойиҳасига ўз имзосини қўйган.

Қайд қилинишича, Володин яқин вақтгача миграция сиёсатига қизиқмасди. Бироқ шу йилнинг ёзида у миллиондан ортиқ обуначига эга Телеграм каналида шу мавзуда сўровномалар ўтказа бошлади ва қонунчилик ташаббуслари ҳақида гапирди.

Бундан олдин Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин Давлат Думасининг миграция сиёсати соҳасидаги ишини кескин танқид қилган эди.

Санкт-Петербург иқтисодий форумида Тергов қўмитаси раҳбари мигрантлар томонидан содир этилган жиноятлар ҳақида гапириб, миграция сиёсатини кучайтиришга чақирди. «Бизнинг Давлат «Дура» (сўз ўйини, Дума – Дура (аҳмоқ) қачон яхши қонунларни қабул қилишини билишни жуда хоҳлардим», деди Бастрикин.

Вячеслав Володин бу сўзлардан хафа бўлди ва Тергов қўмитаси раҳбарига эътироз билдирди. Бироқ, шундан кейин Давлат Думаси миграция қонунчилигини фаол равишда «тартибга солишни» бошлади. Сентябр ўрталарида Володин палатада миграция мавзусига оид 34 та қонун лойиҳаси кўриб чиқилаётганини айтди.

BBC рус хизмати аввалроқ ёзганидек, жорий йилнинг март ойида «Крокус»га қилинган ҳужум мигрантларга қарши қаратилган қонунчилик ташаббусларининг сезиларли даражада ошишига олиб келди. Хусусан, март ойининг охиридан бошлаб депутатлар судланган шахсларнинг Россияга киришини, ишлаётган хорижликларнинг қариндошлари киришини тақиқлашни, мигрантларнинг автобус ва таксиларни бошқаришини, умуман жамоат транспортида ишлашини, шунингдек, мактабларда ва умуман таълим тизимида тақиқлашни таклиф қилди. Давлат Думаси аллақачон ушбу ташаббуслардан баъзиларини қўллаб-қувватлаган.

1 октябр куни Давлат Думаси миграция сиёсатига оид яна иккита қонун лойиҳасига овоз берди.

Биринчиси, энди чет эл фуқаролари соддалаштирилган схема бўйича вақтинчалик яшаш учун рухсатномани фақат Россия фуқароси билан уч йиллик никоҳдан кейин олиши мумкин бўлади (аввал 2 йил эди).

Депутат Елена Драпеко ушбу тузатишларга изоҳ берар экан, «боғидаги боғбон» ҳақида гапирди. Депутат сўзларига кўра, у Тожикистонда уч фарзанди бор бўлса-да, Россияда ҳам уйланмоқчи эканини айтган. Қонун эса «қўшникоҳликка» йўл очмоқда.

Иккинчи қонун лойиҳаси ҳозирча фақат биринчи ўқишда қабул қилинган бўлиб, у ноқонуний миграцияни ташкил этиш оқибатида олинган пул ва мол-мулкни мусодара қилишга имкон беради.

Вячеслав Володин Давлат Думасига киритилган қонун лойиҳалари пакетини шарҳлар экан, «Россияда ишлашни хоҳловчилар рус тилини, тарихини билиши, урф-одатлари ва маданиятини ҳурмат қилиши шарт», деди. «Қонунни бузганлар учун жазо қаттиқ ва муқаррар бўлиши керак — мигрантнинг ўзи учун ҳам, уни жиноий схемалар ёрдамида қонунийлаштирганлар учун ҳам», деб қўшимча қилди спикер.

Шу билан бирга, жорий йил июл ойида Ички ишлар вазирлиги раҳбари Владимир Колоколцев ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ҳукумат комиссиясининг йиғилишида «хорижий фуқаролар томонидан содир этилган жиноятлар сонининг камайиши тенденцияси тўғрисида» маълумот берди. Унинг сўзларига кўра, 2024 йилда улар томонидан содир этилган оғир ва ўта оғир жиноятлар сони қарийб 8 фоизга камайди.

«Важные истории» нашрининг 2021 йилда келтирган статистикасига кўра, 2017 йилдан 2020 йилгача Россияда МДҲ давлатларидан келган мигрантлар орасида россияликларга қараганда икки баравар кам жиноятчилар бўлган. Нашрнинг таъкидлашича, мигрантнинг қиёфаси давлат ёки давлатга яқин оммавий ахборот воситалари томонидан атайлаб обрўсизлантирилмоқда.

Карнеги Берлин марказидаги Россия ва Евроосиё тадқиқотлари маркази илмий ходими Темур Умаров ҳам ҳозирги вақтда мигрантларга қарши риториканинг кучайишини Тожикистондан келган мигрантлар томонидан содир этилган «Крокус»даги теракт билан боғлаб бўлмайди, деб ҳисоблайди. Марказий Осиёдан келган мигрантлар иштирокидаги аввалги терактлар бундай даражадаги мигрантофобия кампаниясига олиб келмаган, деб ёзди эксперт Карнеги халқаро тинчлик жамғармаси сайтида.

Унинг фикрича, Украинага бостириб кириш «Россияда шафқатсизлик ва тажовузкорликнинг анча юқори даражасини нормаллаштирди». «Агар сиз янги миграция сиёсатига Россия ҳукуматининг турли институтлари ўртасидаги қарама-қаршилик нуқтаи назаридан разм солсангиз, янгиликлардан асосий фойда олувчи Ички ишлар вазирлиги бўлиб чиқади», деб ёзди эксперт. «Агар Украинадаги уруш фонида Россия бюрократиясининг кучишлатар блоки мустаҳкамланмаганида, миграция сиёсатини кескинлаштиришга бундай оғиш имконсиз эди».

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россияда миграция сиёсати кучайтирилмоқда