
Фото: Reuters
Чоршанба куни сўнгги йилларда ҳукумат кучларига қарши энг йирик юришни бошлаган қуролли гуруҳлар шанба кунига келиб мамлакатнинг иккинчи энг йирик шаҳри бўлмиш Ҳалабни ўз назоратига олди.
Қуйида BBC шарҳловчиси Себастиан Ашернинг Сурия шимолидаги сўнгги воқеалар бўйича материали таржимаси келтирилади.
Кутилмаган юриш Сурия ҳукумати қўшинлари Ҳалабдан олиб кетилишига сабаб бўлди, кўп йиллардан буён Асад режимини қўллаб-қувватлаб келаётган Россия авиацияси эса 2016 йилдан буён илк бор яна ушбу шаҳарни бомбардимон қилишда иштирок этишни бошлади.
Юришга «Ҳайят Таҳрир аш-Шом» гуруҳи бошчилик қилмоқда — бу гуруҳ кўп йиллардан буён Сурия можаросида иштирок этиб келади.
Сурия Инсон ҳуқуқлари бўйича кузатув кенгаши маълумотларига кўра, ҳужумга Туркия томонидан қўллаб-қувватланган бир нечта исёнчи гуруҳлар ҳам қўшилган. Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан эса буни инкор этди.
«Ҳайят Таҳрир аш-Шом» қандай гуруҳ?

Жангарилар Ҳалаб марказида жойлашган қадимий қалъа фонида. 2024 йил 30 ноябр
Фото: dpa / Scanpix / LETA
«Ҳайят Таҳрир аш-Шом» (ҲТШ), ёки «Левантни озод этиш ташкилоти»га 2011 йилда асос солинган. Ўшанда у «Жабҳат ан-Нусра» (Ан-Нусра фронти) деб аталарди ва «Ал-Қоида» террорчилик ташкилотининг тўғридан тўғри ҳамкори бўлган.
ҲТШ ташкилотчиларидан бири кейинчалик ИШИД раҳбарига айланган Абу Бакр ал-Бағдодий эди.
ҲТШ Суриядаги фуқаролик уруши даврида президент Асадга қарши чиққан энг самарали ва хавфли гуруҳлардан бири бўлган.
Аммо унинг ҳаракатланувчи кучи барибир инқилобий жўшқинликдан кўра кўпроқ жиҳодчилик мафкураси эди. Бу эса Озод Сурия байроғи остида ҳаракатланувчи исёнчиларнинг асосий коалицияси ниятларига зид келарди.
2016 йилда эса гуруҳ раҳбари Абу Муҳаммад ал-Жуланий террорчи ташкилот тамғасидан халос бўлиш учун ошкора тарзда «Ал-Қоида»дан ажралиб чиқиб, «Жабҳат ан-Нусра»ни тарқатиб юборди ва янги ташкилот тузди, орадан бир йил ўтиб ўзи каби кичик гуруҳлар билан бирлашган ҳолда «Ҳайят Таҳрир аш-Шом» номини олди.
Сурияни ким назорат қилади?
Сўнгги тўрт йил мобайнида Суриядаги уруш моҳиятан тугагандек кўринганди.

Президент Башар Асад мамлакатнинг йирик шаҳарларини назорат қилаётганди, шу билан бир вақтда Суриянинг айрим чекка ҳудудлари бевосита унинг бўйсунуви остида эмасди.
Бундай ҳудудлар сирасига курд аҳоли кўпчиликни ташкил этадиган шарқдаги ҳудудлар ҳам киради, улар можаронинг бошланғич давридан буён Сурия ҳукумати назоратида бўлмаган.
Сурия жанубида, 2011 йилда Асад бошқарувига қарши инқилобий чиқишлар бошланган ҳудудда тартибсизликлар бўлиб туради, аммо олдинги каби фаол эмас.
Суриянинг кенг саҳроларида ҳамон ИШИД уялари яширинган. Одамлар трюфел (қўзиқорин тури) йиғиш мавсумида
ушбу ҳудудга келганида хавфдан холи бўлмайди.
Мамлакат шимоли-ғарбидаги Идлиб вилояти эса тўлиғича мухолифат қўлида, улар уруш якунида ушбу ҳудудга сиқиб чиқарилганди.
Идлибдаги асосий куч эса – айнан шу кунларда Ҳалабга кутилмаган юришни амалга оширган ҲТШ ҳисобланади.
Шафқатсиз ички кураш
Сурия ҳукумати вилоят устидан назоратни тиклашга уринаркан, Идлиб бир неча йил мобайнида жанглар майдони бўлиб қолди.
Аммо 2020 йилда Асаднинг узоқ йиллик иттифоқчиси Россия ва исёнчиларни қўлловчи Туркия воситачилигида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув имзоланди. Шу вақтга қадар унга амал қилиб келинаётганди.
Идлиб вилоятида 4 млн киши истиқомат қилади — уларнинг аксари Асад кучлари вайронгарчилик урушларида исёнчилардан қайтариб олган шаҳарларни тарк этган.
Ҳалаб шундай қонли жанг майдонларидан бири бўлганди ва исёнчилар айнан шу ерда энг йирик мағлубиятини қабул қилиб олганди.
Ғалабага эришиш учун Асад ҳавода Россия авиациясига, қуруқликда Эрон таъсиридаги кучларга таянди. Улар сафига Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи ҳам кирарди.
Шубҳа йўқки, «Ҳизбуллоҳ» олдинги ойларда Исроилнинг Ливандаги юриши туфайли берган йўқотишлар, шунингдек, Исроил Суриядаги эронлик қўмондонларга йўллаган авиазарбалар Идлибдаги исёнчи кучлар Ҳалабда кутилмаганда муваффақиятли ҳужум амалга оширишида муҳим рол ўйнади.
26 ноябр куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу, кейин эса АҚШ президенти Жо Байден Исроил ва Ливан ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилганини эълон қилди.
«Ҳизбуллоҳ» можарода ҳукумат қўшинлари томонида турган Эрон билан ҳам, Башар Асад режимининг ўзи билан ҳам яқин алоқада. Баъзи ҳисоб-китобларга кўра, Суриядаги уруш даврида «Ҳизбуллоҳ» Асадга 10 минггача аскар берган, аммо уларнинг аниқ сонини аниқлаш имконсиз.
Ҳозирда «Ҳизбуллоҳ»нинг имкониятлари минимал даражада, агар Исроил билан узоқ муддатли сулҳ тузилса, у ўз кучларини тиклаши мумкин. АҚШнинг Суриядаги сўнгги элчиси Роберт Форднинг фикрича, Исроилнинг Сурия ва «Ҳизбуллоҳ» объектларига бир неча ой давом этган зарбалари исёнчиларга олдинга силжиш имконини берадиган омилдир. Асаднинг яна бир иттифоқчиси Россия ҳам икки ярим йилдан кўпроқ вақтдан бери давом этаётган Украинага қарши уруш туфайли қийинчиликларни бошдан кечирмоқда. Асадга ёрдам бериши мумкин бўлган Эрон ҳам ҳозир Исроил билан қарама-қаршиликда. Масалан, Исроил мудофаа армияси 26 октябрга ўтар кечаси Эрондаги ҳарбий объектларга бир қатор ҳаво ҳужумларини амалга оширганди.
АҚШда жойлашган Яқин Шарқ институтининг Сурия бўйича таҳлилчиси Чарлз Листернинг фикрича, Россия ҳам, Туркия ҳам можарога киришиши хавфи мавжуд: ҳар бир давлатнинг минтақада ҳимоя қилиниши керак бўлган ўз манфаатлари бор. 30 ноябр куни Россия ТИВ икки давлат ташқи ишлар вазирлари телефон орқали мулоқот қилиб, «Суриядаги мавжуд вазиятни муҳокама қилгани»ни маълум қилди. «Ҳар икки томон ҳам Ҳалаб ва Идлиб вилоятларида ҳарбий эскалация туфайли Суриядаги вазиятнинг хавфли ривожланишидан жиддий хавотир билдирди», дейилади Россия ТИВ матбуот релизида.
Чарлз Листернинг сўзларига кўра, яна бир хавф — бу ИШИД аралашуви бўлиб, улар содир бўлаётган воқеаларда минтақага тўлиқ қайтиш имкониятини кўриши мумкин. ИШИД Суриядаги сўнгги плацдармини 2019 йилда бой берганди, аммо ташкилотнинг мамлакатда уйқудаги ячейкалари қолган.

ҲТШ жангарилари ҳозиргача Суриядаги можарони қайта авж олдириш ниятини намойиш этмаётганди
ҲТШ жангарилари Идлибда яхши мустаҳкамланган таянч ҳудуд яратишди ва амалда бу ердаги маъмурият вазифасини бажаришди.
ҲТШ вилоятдаги бошқа гуруҳлар билан шиддатли курашларда иштирок этди, аммо унинг амбициялари ноаниқлигича қолаётганди.
«Ал-Қоида» билан алоқаларини узганидан кейин гуруҳнинг мақсади бутун минтақада халифалик тузиш эмас (ИШИДнинг бунга уриниши муваффақиятсиз якунланганди), фақат Суриянинг ўзида диний бошқарув ўрнатиш билан чекланганди.
Ҳозирга қадар ҲТШ Суриядаги можарони кенг миқёсда қайта қўзғатишга ва мамлакатнинг катта қисми бўйлаб Асад бошқарувига қарши яна таҳдид солишга уриниш ниятини билдирмаганди. Аммо сўнгги кунлардаги воқеалар ҳаммасини ўзгартириб юбориши мумкин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар