19:11 / 12.02.2025
110

Украин армияси янги бош қўмондон билан қандай жанг қилмоқда?

Украин армияси янги бош қўмондон билан қандай жанг қилмоқда?
Фото: Getty Images
Бир йил олдин, 2024 йил 8 февралида, украин армияси бошқарувига янги бош қўмондон келганди — президент Зеленский бу лавозимга Валерий Залужний ўрнига Қуруқлик кучлари қўмондони Олександр Сирскийни тайинлаганди.

У кенг кўламли уруш бошланганида Киев мудофаасини бошқарган, шунингдек 2022 йил сентябрида Харкив областида муваффақиятли қарши ҳужум ташкиллаштирганди.

2024 йилда фронтдаги вазият Украина қуролли кучлари учун сезиларли даражада мураккаблашди ва Сирский бошқарувида ўтган йил украинлар мудофааси учун жуда қийин кечгани билан ёдда қолди.

Шу билан бирга, армия фақат чекиниш билан машғул бўлмасдан душман учун кутилмаган участкада юриш амалга оширишга ҳам муваффақ бўлди.

BBC Украина хизмати шарҳловчиси Сергей Морфинов Украина қуролли кучлари Сирский бошқарувидаги бир йилни қандай ўтказганини кўриб чиқди.

Залужний — Сирский ротацияси

Володимир Зеленский бош қўмондонни алмаштириш сабаби сифатида «Украина қуролли кучлари раҳбариятини янгилаш» заруратини келтирганди.

Аммо Залужний — Сирский ротациясининг норасмий сабаби сифатида президент офиси ва олдинги бош қўмондон ўртасида иккинчисининг эҳтимолий сиёсий амбициялари туфайли юзага келган зиддият ҳам айтилади. Залужний ғарб матбуотида урушнинг боришини баҳолаб бориши ҳам раҳбариятга маъқул эмасди.

Олександр Сирский эса жамоат жойларида кўп кўриниш бермас ва ғарб матбуоти билан таниш эмасди.

Шу билан бирга, у олий бош қўмондонга содиқлиги ҳамда ҳеч қандай сиёсий амбициялари йўқлиги айтиларди.

Бир йил давомида Олександр Сирский президент ва унинг жамоасига танқид сифатида баҳоланиши мумкин бўлган бирорта эътироз билдирмади.

Фронтда нималар бўлаётганди?

Фронтда Сирскийга оғир мерос қолдирилганди — бир йил олдин россияликларнинг 2023 йил октябрида бошланган кенг кўламли юриши авж палласига кирганди ва ҳозирда ҳам давом этмоқда.

Авдийивка харобалари Россия назоратига ўтган
Украина мудофаасида биринчи навбатда Россия армияси шахсий таркиб, ўқ-дори, техника ва КАБдан фойдаланувчи (бошқарилувчи авиабомбалар) авиация эвазига эришган устунлик туфайли юзага келган инқироз Залужний қўмондонлиги давридаёқ бошланганди.

2024 йил февралда эса, Сирский бу лавозимга келган кунларда украин қўшини Авдийивкани — Донецк яқинидаги 2014 йилдан буён ушлаб турилган муҳим истеҳкомни ташлаб чиққанди.

Авдийивкадан чекинган мудофаа кучлари, Олександр Сирский буни «нисбатан фойдали марраларга ўтиш» деб изоҳлаганига қарамай, шундан кейин Донецк йўналишида бошқа позицияларда мустаҳкам ўрнаша олмади.

Россияликларнинг Донбассдаги жуда секин, аммо тўхтовсиз илгарилаши янги бош қўмондон раҳбарлигининг бир йилида давом этди.

Бу вақт мобайнида украин армияси Красноҳоривка, Вуҳледар, Селидове, Курахово, Велика Новосилка каби муҳим аҳоли яшаш пунктларини бой берди.

Шу билан бирга, бу вақт ичида — катта муаммолар билан бўлса ҳам — Россия қўшинининг Харкив области шимолидаги катта юриши тўхтатиб қолинди.

Сирский қўмондонликка келганига бир йил тўлган кунларда Покровск ва Часив Яр шаҳарлари учун, Торецк ва Лиман ҳудудларида, шунингдек, Харкив яқинида, Купянск шаҳри остоналарида жанглар давом этмоқда.

Россия кучларини Днипропетровск области маъмурий чегараларидан бир неча километр ажратиб турибди.

Бироқ, ҳарбий шарҳловчилар қайд этишича, ҳудудий йўқотишларга қарамай, Сирский даврида украин фронти «парчаланиб кетмаган»: душман ўнлаб километр масофага ёриб кира олмаган, Россия армиясининг ҳар қандай олдинга силжиши катта йўқотишлар бериш эвазига кечган.

2025 йил феврал ойига келиб россияликларнинг кўп ойлик юриши секинлаша бошлаган.

Курск операцияси

Донбассдаги чекинишга қарамай, Олександр Сирский Украина қуролли кучлари раҳбарлигида фронтнинг бошқа бир участкасида Харкив атрофидаги 2022 йилги юриш билан биргаликда замонавий ҳарбий тарихга кирадиган яна бир юриш амалга оширишга муваффақ бўлди.

6 феврал куни Россиядаги телеграм-каналлар украин армияси Курск областида қарши ҳужумга ўтгани ҳақида хабар бера бошлади
2024 йил август ойи бошида украин дестанчиларининг штурмчи гуруҳлари Курск областида Россия билан чегарадан ўтди ва бир неча кун ичида Суджа райони марказини эгаллади. Украина ўша кунларда Россиянинг 1 000 км кв ҳудудини ўз назоратига олганди.

Курск операцияси биринчи босқичидаги муваффақият бир неча омиллар билан изоҳланади. Биринчидан, Украина қуролли кучлари чегарада сездирмасдан зарбдор гуруҳ тўплай олганди, ҳозирги сунъий йўлдошлар имкониятларидан фойдаланадиган разведка шароитида эса бу муҳим ва жуда мураккаб вазифадир.

Иккинчидан, юришда энг тажрибали ва жанговар бўлинмалар, масалан, Украина қуролли кучларининг 95- ва 80-десант-штурм бригадалари ҳам қатнашди.

Учинчидан, россияликлар чегарада ишончли мудофаа чизиғи ҳосил қила олмаганди: украин штурмчиларига кўп ҳолларда муддатли ҳарбий хизматга чақирилган ёш аскарлар рўпара келди.

«Танлов йўқ эди, мен бу амалиётни ўтказишим керак эди. Бир вақтнинг ўзида Харкивга ҳужумни тўхтатиш, бутун фронт бўйлаб босимни енгиллаштириш ҳамда Сумида янги фронт очилишига йўл қўймаслик керак эди. Шу туфайли мен душман заифроқ бўлган, чегарани қўриқлаш учун кам аскар қолдирган жойда юриш бошлашга қарор қилдим», — деган изоҳлаганди кейинроқ Олександр Сирский Le Monde учун интервюсида.

Москва билан тинчлик музокараларига ҳаракат фаоллашган бир вақтда Курск плацдармини ушлаб туришнинг сиёсий жиҳати ҳам яққол юзага чиқмоқда.

Сентябрда россияликлар Курск областида қарши ҳужумга ўтди ва кейинги ойлар давомида ҳудуднинг бир қисмини қайтариб олди.

Аммо ҳамон Курск областининг 500 км кв ҳудуди, жумладан Суджа ҳам Украина назорати остида қолмоқда.

6 феврал куни украин кучлари Курск яқинида, Уланок ва Черкасси Конопелка қишлоқлари ҳудудида локал қарши ҳужум бошлагани маълум бўлди. Шундай экан, бу ҳудудда вазият анча динамиклигича қолмоқда.

Шу билан бирга, Курск операцияси учун Олександр Сирскийни танқид ҳам қилишади — фронтнинг ушбу участкасига жалб этилган ҳарбийлар билан Донецк областини яхшироқ мудофаа қилиш мумкин эди. Шунингдек, Курск амалиёти туфайли энди Суми области шимолида россияликларнинг катта гуруҳи тўпланди.

Ўз навбатида, россияликлар ҳам ўз ҳудудини ҳимоя қилиш учун Украина фронтидан катта кучларни олиб кетишига тўғри келди (ва ҳатто КХДР қўшини ёрдамга чақирилди).

Сирский ҳақида нималар дейишади?

Бош қўмондон лавозимида Сирский «қонли мудофааси» ва гўёки қуршов хавфи остида қолган бўлинмаларни олиб кетишдан бош тортишда, шунингдек «ҳарбий микроменежмент»да қораланади.

Масалан, ҳарбий мухбир ва «Цензор.Нет» бош муҳаррири Юрий Бутусов Олександр Сирскийни тўғридан тўғри воқеа жойида бўлган бригада ва баталёнларни айланиб ўтган ҳолда оператив даражадаги буйруқлар беришда айблаган.

У, шунингдек, тузилиши билан жанговар лаёқатга эга бўлмагани ҳақида гапирила бошланган 155-бригада билан юзага келган вазиятда бош қўмондон «вазифаларни қўл режимида қўйгани ва захираларни ташкил этиш, тайёрлаш ва қўллашнинг режалаштирилган жараёнини ташкил этишга қодир бўлмагани»ни айтганди.

Шу билан бирга, бошқа шарҳловчилар Олександр Сирский Россия армиясининг ресурслар бобидаги устунлиги ва Украинадаги сафарбарлик билан боғлиқ муаммолар шароитида ҳаракат қилишига тўғри келаётганини қайд этишган.

«Чунки Сирскийда, бош қўмондонда, аслида ҳеч қандай ресурс йўқ: унинг қўлида на пул, на эҳтиёт кучлар, на захиралар бор. Кимдир унга бу ресурсларни яратиб бериши керак. Бу инсон ресурслари, молиявий ресурслар, иқтисодий омиллар ва ижтимоий элементлар бўлиб, унинг ишини бажариши учун зарур», — деганди BBC учун интервюсида генерал-майор Виктор Назаров.

Унинг сўзларига кўра, Украина ресурслар етишмовчилигига қарамай, дош бериб турибди: «Кимдир фронтда „катта фожиа“ содир бўлаётганини айтади. Ҳа, албатта, биз чекиняпмиз, бу ҳақиқат, ва мен бунинг сабабларини сизга тушунтирдим… Лекин вазият янада ёмон бўлиши мумкин эди».

«Ҳатто агар бугун Олександр Станиславович [Сирский] ўрнида НАТОдаги энг тажрибали, машҳур ва юқори савияли генераллардан бири турган тақдирда ҳам, мен сизни ишонтириб айтаманки, вазият яхшиланмасди, балки янада ёмонлашган бўлар эди», — дея ишончи комил Назаровнинг.

Сирский олий бош қўмондон, президент Володимир Зеленскийга ўта содиқ экани айтилади
Украина қуролли кучларининг Петро Порошенко замонидаги бош қўмондони Виктор Муженко эса Сирский ва Залужнийни шундай солиштирган: «Фикримча, [биринчидан], Сирский профессионал жиҳатдан Залужнийга қараганда яхшироқ тайёрланган. Иккинчидан, Сирскийнинг ҳарбий бошқарув, жараёнларни ташкиллаштириш ва режалаштириш бўйича тажрибаси Залужнийникидан каттароқ. Учинчидан, Сирский ўз режалари ва ҳаракатлари учун масъулиятни ўз зиммасига ола олади».

Аввалроқ Муженко Сирскийни лавозимларга принцип бўйича тайинлаш одатини танқид қилганди: «агар итоаткор бўлса — демак ўзимизники». Собиқ бош қўмондон фикрича, бу турли даражадаги кадрлар самарадорлигига таъсир қилади ва тажрибали командирлар йўқотилишига олиб келади.

Шу кунларда Олександр Сирский Украина қуролли кучлари армия корпусларини шакллантиришни назарда тутувчи янги тузилмага ўтганини эълон қилди.

Бу стратегик ислоҳот бўлиб, у қўшинларнинг фронтдаги ҳаракатларини ташкил этишни яхшилаши ва бригадаларнинг келишилмаган ҳаракатлари, лаёқатсиз бўлинмаларни мураккаб ҳудудларга юбориш ёки бригадаларга бириктирилган бўлинмаларнинг катта йўқотишлари туфайли юзага келадиган муаммоларни бартараф этиши (ёки ҳеч бўлмаганда камайтириши) мумкин.

Бу ислоҳотнинг самарадорлиги кўп жиҳатдан айнан Олександр Сирскийнинг ҳаракатлари ва қарорларига боғлиқ бўлади.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг