![Ғазони егани бўрилар келди. Мусулмон дунёси қани?](/uploads/posts/2025-02/72062f76c1_narkotik-7.webp)
Доналд Трамп ҳокимиятга келибоқ, Ғазони ғазоликлардан тозалаб, бу ерларда назорат ўрнатишини айтди. Бу – де-факто секторни Исроилга олиб бериш дегани. Бошида буни кўпчилик жиддий олмади, музокара тактикаси дея яхши гумон қилди. Лекин Трамп ростдан ҳам ғазоликларни кўчириш учун жой излаяпти.
АҚШ президенти бу мақсадига эришиш учун араб давлатларига қаттиқ босим қиляпти. Икки миллиондан ортиқ ғазоликларни кўчириб, бу ерларни тўлиқ Исроилга бериш ниятида. Тарихда кўрилмаган безбетлик, очиқ-ойдин этник тозалашга уриниш.
Ғазо, Фаластин мана 77 йилдирки қон йиғлайди. 1948 йилда ташкил топган Исроил тинимсиз жабр-зулм қилади. Исроил фақат кенгайиб бормоқда. Фаластин эса шу пайтгача ташкил топмади. Шу пайтгача Исроил “бир кун Фаластин давлати ташкил топар, лекин ҳозир эмас” дея алдаб келди. Бугун эса: “Умид қилманг, Фаластин давлати ҳеч қачон ташкил топмайди” деб қўрқмасдан айтмоқда.
Исроил АҚШга ишонади, Ғарбга суянади, қўрқмайди, билганини қилди ва қиляпти.
Хўш, нега икки миллиарддан ортиқ мусулмон дунёси жим? Нега Ғарб бу қадар қудратли бўлиб кетди? Унинг қудрати замирида нима турибди? Нега мусулмон дунёси бу қадар стратегик заифлик, ҳолсизлик ҳолатига тушиб қолди?
Ғарб либерализм орқали кучайди. Эркинлик – жуда қудратли туйғу, унинг акси бўлмиш – жабр-зулм, қарамлик ва ёки қуллик – инсон қадр-қимматини ерга урувчи ҳолат. Барча халқлар, цивилизацияларда инсонлар тенг қобилиятлар билан туғилишади. Баъзи халқларнинг мияси туғма кучли, бошқалари туғма онги паст бўлмайди. Фақат ўша жамиятлардаги, давлатлардаги вазият, сиёсий тизимлар, ўрнатилган ўйин қоидалари бу халқларнинг баъзиларини жуда қудратли, баъзилари заиф бўлишига сабабчи бўлади. Жамиятда инсонлар ўртасидаги муносабатларда эркинлик асосий қоида бўлар экан, жабр-зулмга йўл берилмас экан, рақобатнинг асосида эркин инсонлар муносабати турар экан, жамиятлар катта миллий бойлик яратиши – қонуният. Ушбу давлатлар иқтисодий, сиёсий, ҳарбий қудрат ўстириши – қонуният.
Ғарб демократия орқали, ҳуқуқий давлатчилик орқали, иқтисодий ва сиёсий либерализм орқали кучайди, глобал қудратга эришди. Аксарият мусулмон давлатлари эса ҳалига қадар ўзининг ўзликлари, хавфсизлик, эркинлик ва дунёвий давлатчилик ўртасида мувозанат қура олгани йўқ.
Давлатлар ҳам одамларга ўхшайди. Тасаввур қилинг, йўлда кетаётиб, йўлидан ариқ чиқса, кимдир қўрқмасдан сакраб, йўлида давом этади. Яна кимдир ўзини ўзи қўрқитиб, “сакраб ўтаётганимда ариққа йиқилиб тушсам нима бўлади?” дея, ариқ олдида қотиб тураверади.
Жамиятга эркинлик бериш, сиёсий плюрализмни жорий қилиш орқали давлат ва жамият ўзининг тараққиётини, ривожланишини тезлаштиради. Жамиятга эркинлик бера олмасдан қўрққан давлатлар, ўша ариқдан сакрай олмасдан, жойида депсинаётган одамларни эслатади.
Ўзбекистон жамиятида “демократия, либерализм – Ғарбнинг қуроли, бўйсундириш технологияси” деган қараш бор. Аслида эса, мутлақ тескариси. Демократияга кўра, жамиятнинг қадриятлари, манфаатлари нима бўлса, кўпчилик нимани хоҳласа – шу нарса ички ва ташқи сиёсатда ўз аксини топади. Эркин жамият ўз ҳокимиятига ички ва ташқи курсни ўзи белгилаб беради. Эркин жамият устида фаолият юритаётган ҳокимият ҳам эркин, жўшқин ва фаол бўлади. Натижада, эркин жамият устида эркин давлат бўлади, ва агар вазият тақозо қилса, Ғарб билан ҳам, Шарқ билан ҳам бемалол баҳслаша олади.
Бу вазиятни ифодалаш учун, Яқин Шарқдаги авторитар ва нисбатан демократик бўлган икки қутбни келтириш мумкин. Саудия ёки Миср – авторитар давлатлар. Бу давлатлар ўз халқидан ҳадиксирайди, шунинг учун ташқи ҳомийга мухтож. Туркия эса, нисбатан демократик – сайловлар холис, сиёсий рақобат мавжуд, ҳокимият алмашиб туради, парламентда мухолифат бор.
Хўш, Ғазо ва Фаластин борасида нега Саудия ёки Миср кўпинча жим, ва нега Туркия анча фаол? Сабаби оддий. Туркия нисбатан демократик бўлгани учун, халқидан қўрқмайди, халқининг истагини ҳис қилади, халқига таяниб, Ғарбга қарши бора олади. Саудия ёки Миср эса, авторитар бўлгани учун, халқи билан тирашуви чуқур бўлгани учун ҳам, ташқи ҳомий – АҚШ ёки Ғарбга муте.
Демократия – заиф давлатчилик дегани эмас. Демократия – бу халқ билан ҳокимиятнинг эркинлик асосидаги кучли иттифоқи. Мусулмон дунёси ўзининг заифлигидан чиқиши учун ҳам, ўз халқининг иродасини ички ва ташқи сиёсатда баралла айта олиши учун ҳам, вақти келиб Ғарбга қарши тура олиши учун ҳам, демократияни қабул қилиш керак бўлади.
Демократия – уни ким қабул қилса, шу жамиятнинг манфаатлари учун ишлайди. Ким кўпчилик бўлса – уларнинг иродаси ғалаба қозонади, лекин камчиликларга ҳам жабр-зулм қилинмайди.
АҚШ – демократик давлат. Америкаликлар Трампга овоз берди. Трампнинг электорати – христиан фундаменталистлар, христиан сионистлар. Исроил ҳокимиятида – яҳудий экстремистлар. Булар ўз халқининг хоҳишини бажариб, ғазоликларнинг ерини, ватанини, уй-жойини тортиб олмоқчи. Икки миллиардлик мусулмон дунёси эса – жим.
Биз ҳам қудрат бўлишимиз учун, давлат ва халқ бирлигига, жамиятнинг эркин ва фаол бўлишига, давлатнинг қудратли ва овози баланд бўлишига эришишимиз керак. Акс ҳолда, дунёда бошланган қудратлилар курашида, емиш сифатида кўриламиз. Бунинг учун, энг авало, сиз ўз фарзандларингизга эркин ва танқидий фикрлашни ўргатинг, унга илм ва сиёсий зеҳният беринг. Бизга боғлиқ бўлган бирламчи вазифа – мана шу.
Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос
сиёсатшунос
Манба: Kun.uz
![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар