![Украинада катта ислоҳот: армия корпуслари уруш боришини ўзгартира оладими?](/uploads/posts/2025-02/bfe4e53e0f_narkotik-22.webp)
Фото: Украина 1-танк бригадаси
Украина армиясида йиллар давомида муҳокама қилиб келинган жараён амалга ошмоқда: қуролли кучларда янги йирик тузилмалар — армия корпуслари ташкил этилмоқда. Бу ўзгаришлар ҳимоя ва ҳужум операциялари чоғида бригадалар ва бошқа қисмлар ўртасидаги мувофиқлаштиришни яхшилашни кўзлаган.
Сўнгги ойларда бир қанча таҳлилчилар ва командирлар фронтдаги қисмлар ўртасидаги мувофиқлаштириш етишмаётгани ҳақида шикоят қилиб, бу мудофаа чизиғини ёриб ўтишда муваффақиятсизликларга олиб келаётганини таъкидлашган. Корпуслар жорий этилиши бу муаммоларни ҳал этишга ёрдам бериши мумкин.
3 феврал куни президент Володимир Зеленский ва Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский ушбу стратегик ислоҳот ҳақида расман эълон қилди.
Бу ўзгаришлар моҳиятини тушуниш учун ҳарбий фанга бироз чуқурроқ назар ташлаш, шунингдек, ҳарбий тарихни эсга олиш лозим. Наполеон армияси тажрибаси, шунингдек, Украина қуролли кучларида яқин ўтмишда бўлган армия корпуслари тузилмасини ўрганиш бу борада аҳамиятли бўлади.
Бундан ташқари, шундай ҳарбий бирлашмалар Россия томонидан Украинага қарши узоқ вақтдан буён фаол равишда қўллаб келинмоқда.
Ҳозирги шароитда армия корпуслари қандай аҳамият касб этади ва Россия-Украина урушида улар қандай рол ўйнаши мумкин? BBC бу борада таҳлилий мақола эълон қилди.
Армия корпуси ўзи нима?
Ҳарбий назарияга кўра, армия корпуси бир нечта дивизия (ҳозир Украина қуролли қучларида улар йўқ) ёки бригадалардан иборат доимий тузилма ҳисобланади. Шунингдек, корпус таркибига разведка, артиллерия, ҳаво ҳужумидан ҳимоя, инженерлик бўлинмалари, алоқа, логистика каби қисмлар ҳам киради.
Ҳарбий тузилмалар шажарасида корпус дивизия (ёки бригада) ва армия ҳамда армия гуруҳи ўртасида жойлашади.
![](/uploads/posts/2025-02/5f277e9d79_9jrnfapqwbasve6pan_r2wtwjbkmcfwv.webp)
Украина қуролли кучлари 72-механизацялашган бригадаси
Бу оператив-тактик даражадаги тузилма бўлиб, у тактик даражада (взвод ёки баталйонлар даражасида) жангларни бошқариш ваколатига эга эмас, бироқ стратегик даражада – катта ҳарбий кампанияларни ёки бутун урушни бошқариш билан ҳам шуғулланмайди.
Корпуснинг асосий вазифаси — маълум бир ҳудудда бригадалар ва дивизиялар ҳаракатларини мувофиқлаштириш, уларни жанг майдонидаги вазиятдан келиб чиқиб, ресурслар билан таъминлашдир. Корпус таркибига иккитадан бештагача бригада ёки дивизия кириши мумкин, ҳарбий хизматчилар сони эса 10 мингдан 50 минггача ёки ундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин. Бу кўрсаткич мамлакат, қўшин тури ва қўйилган вазифаларга боғлиқ.
Масалан, ҳозирги замонавий Россия армиясида корпуслар 15-30 минг аскардан иборат бўлиши мумкин, бироқ Россия-Украина уруши шароитида уларнинг сони анча қисқарган бўлиши эҳтимол. Корпус қўмондонлиги фронтнинг маълум бир қисмида 30 километргача бўлган масофада жанг олиб бориш учун ўз кучларини қайта тақсимлаш ва уларни зарур ҳудудларга йўналтириш имкониятига эга.
![](/uploads/posts/2025-02/5592a33f09_c2ajpwwjxrjat-xqk4scnrudyanskkeb.webp)
Россия армияси тузилмасида корпуслар совет иттифоқи давридан бери сақланиб қолган
Бундан ташқари, корпус тушунчаси баъзан маълум бир ҳарбий қўшин турларига (масалан, АҚШнинг дeнгиз пиёдалари корпуси) ёки катта ҳарбий тузилмалар бошқарув органларига (штабларга) нисбатан ҳам ишлатилади.
Наполеондан АҚШнинг 5-армия корпусигача
Тарихий жиҳатдан армия корпуслари яратувчиси сифатида Наполеон Бонапарт тан олинади. У XIX аср бошларида ўз армиясини бир нечта доимий корпусларга бўлиб, уларни ўз кавалерияси, пиёда қўшинлари ва артиллерияси билан таъминлади. Бу корпуслар умумий армия стратегияси доирасида мустақил ҳаракат қила оларди.
Корпус тизими Наполеон армиясини бошқаришни осонлаштирди ва уни анча манёврчан қилди. Бу, ўз навбатида, французларнинг Наполеон урушларининг дастлабки босқичларида (масалан, Ауштерлиц жангида) ғалаба қозонишида муҳим рол ўйнади.
Кейинчалик корпуслар бошқа давлатларда ҳам жорий этилди — Пруссиядан тортиб то Америка Қўшма Штатларигача.
Корпус тузилмалари Биринчи жаҳон урушида, айниқса, Шарқий фронтда кенг қўлланди. Иккинчи жаҳон урушида эса танк ва моторлаштирилган корпусларнинг юқори манёврчанлиги Германияга 1939–1941 йилларда Полша, Франция ва совет қўшинлари устидан тезкор ғалаба қозониш имконини берди.
Ҳозир ҳам корпуслар кўплаб армияларда мавжуд, бироқ улар анча ихчам ва ўзгарган шаклда фаолият юритмоқда.
Масалан, АҚШнинг 5-армия корпуси 2003 йилда Ироқдаги Америка кучларининг асосий таянч нуқтаси бўлган ва кейинчалик Афғонистонда фаолият олиб борган. 2013 йилда уни тугатишади, бироқ 2020 йилда НАТОнинг «шарқий қаноти» Россиянинг Украинага босқинига жавоб тариқасида корпусни қайта тиклади ва унинг «Кэмп-Костюшко» базасини Полшанинг Познан шаҳрида жойлаштирди.
![](/uploads/posts/2025-02/8b62483ad5_fts6habeqgkrqim2ozsxhbtys7pykgw.webp)
Полшадаги АҚШ 5-армия корпуси аскарлари
Ҳозирда АҚШ армиясида тўртта дала корпуси фаолият юритмоқда: 1- ва 5-армия корпуслари, 3-зирҳли корпус ва 18-десант корпуси.
Ҳар қандай даврда ва ҳар қандай армияда корпуснинг асосий вазифаси катта ҳарбий операциялар пайтида бригада ва дивизиялар ўртасида самарали мувофиқлаштирувни таъминлаш, уларни ягона жанговар кучга айлантиришдан иборат бўлган.
Украина армиясида корпуслар
![](/uploads/posts/2025-02/cf682b7a36_makyihauv_frrqupq1jcle5i22gipgn.webp)
Украина қуролли кучлари қисмлари 1999 йилда
Украина қуролли кучларида ҳам армия корпуслари оператив-тактик тузилмалар сифатида мавжуд бўлган.
Совет иттифоқидан мерос сифатида Украинага «баталйон-полк-дивизия-корпус» шажарасига эга бўлган армия тузилмаси мерос қолган. 1990-йиллар давомида Украина армиясида тўртта армия корпуси мавжуд бўлган.
Уларнинг аксарияти собиқ совет армияларидан ташкил этилган, улар йирик оператив бирлашмалар бўлиб, 100 мингдан ортиқ аскардан иборат бўлган:
- 6-армия корпуси — совет иттифоқининг 6-гвардия танк армияси негизида ташкил этилган бўлиб, Украина жануби ва шарқидаги бўлинмаларни бирлаштирган;
- 8-армия корпуси — Қизил Байроқли 8-танк армия негизида ташкил этилган бўлиб, Украина шимолидаги бригадаларни мувофиқлаштирган;
- 13-армия корпуси — 13-умумқўшин армия негизида ташкил этилган бўлиб, ғарбий ҳудудлардаги полк ва бригадаларни бирлаштирган;
- 32-армия корпуси — Қримдаги Украина армияси бўлинмаларини мувофиқлаштирган.
Бироқ, армияни ислоҳ қилиш ва қисқартириш жараёнида Украина босқичма-босқич корпуслардан ва дивизиялар (15-20 минг аскардан иборат тактик бирликлар)дан воз кечди.
2014 йилда Донбассда уруш бошланган пайтда Украина армияси «баталйон-бригада» тузилмаси билан фаолият олиб бораётганди.
![](/uploads/posts/2025-02/6e6d0ebd4c_sqycqz4rmwstiiaba09ry03lusbbr3_q.webp)
Украиналик десантчилар 2014 йил ёзида
Шундай қилиб, корпуслар ва дивизиялар ўрнига армияда энг йирик мустақил тактик бирлик – бригадалар бўлиб қолди. Уларнинг ҳар бири одатда 3-5 минг аскардан иборат.
«1990-йилларда Украина совет армияси парчаларини қабул қилди. Унинг асосий тузилмаси «полк-дивизия» бўлиб, бу катта фронтда жанг олиб бориш учун мўлжалланган оғир тузилма эди», — дейди «Стратегия XXI» глобалистика маркази хавфсизлик дастурлари раҳбари, собиқ ҳарбий-денгизчи Павел Лакийчук BBCʼга берган интервюсида.
Унинг сўзларига кўра, армия ислоҳотлари пайтида аввал «бригада-корпус» тизимига ўтиш амалга оширилган, бу ўша пайтда оқланган ва кўплаб Европа давлатлари армиялари тузилишига мос келган.
«Бироқ кейинчалик, армияни асоссиз қисқартириш жараёнида, ҳарбий-сиёсий раҳбарият корпус бўғинини армия бошқарув тизимидан чиқариб ташлади. Бу назарий жиҳатдан тинчлик даврида ҳали тўлиқ сафарбар этилмаган армия учун қабул қилинса бўлади. Лекин корпус бўғини ҳарбий вақт тартибига ўтганда армия таркибига киритилиши керак», — дея қўшимча қилади Лакийчук.
Шу билан бирга, Донбассдаги жанглар бошланганида ҳам Украина армиясида корпуслар тикланмади.
Эксперт тахминига кўра, бу қарор ўша пайтдаги аксилтеррористик операция (АТО) фақат Украина шарқидаги ҳудудлар билан чеклангани учун қабул қилинмаган бўлиши мумкин.
«Бундан кўра, жанговар ҳаракатлар зонасида вақтинчалик оператив бошқарув органларини шакллантиришга устуворлик берилди. Бу вазият АТОни Бирлашган кучлар операциясига айлантирганидан кейин ҳам ўзгармади», — дейди Павел Лакийчук.
У айтган вақтинчалик органлар — АТО ҳудудидаги бешта сектор бўлиб, улар кейинчалик бошқа вақтинчалик оператив-тактик бирлашмалар билан алмаштирилди.
2022 йилдаги тўлиқ масштабли уруш бошланганидан кейин ҳам шундай ёндашув сақланди. Бошқарув юқори даражада вақтинчалик органлар орқали амалга оширилди: оператив-тактик ва оператив-стратегик қўшинлар гуруҳлари (ОТҚГ ва ОСҚГ), баъзан эса бундан ҳам кичик тактик гуруҳлар.
Натижада, Украина армиясининг тузилмаси «баталйон-бригада-тактик гуруҳ-ОТҚГ-ОСҚГ» шаклида сақланиб қолди.
![](/uploads/posts/2025-02/c94ed64a81_1gjcvsaud6filp2ekh5nkssfuvjdevrv.webp)
Президент Зеленский 2023 йил «Донецк» оператив-тактик қўшинлар гуруҳи жангчилари билан учрашувда
Бундай тизимда фақат баталйон ва бригадалар доимий тузилмалар ҳисобланади. Тактик гуруҳларда, оператив-тактик ва оператив-стратегик бирлашмаларда ишлаган офицерлар эса вақтинчалик асосда фаолият юритади — улар учун бу асосий лавозимдан хизмат сафари сифатида қаралади (кўп ҳолларда — Бош штабдан).
Кузатувчилар фикрига кўра, бундай тизим кадрлар узлуксиз алмашиниши сабабли иш самарадорлигини пасайтириши мумкин.
«Фронт чизиғи минг километрдан ошган, армия сафи эса бир неча юз мингга етган бир пайтда, қўшинлар бошқарув тизимини ўзгартириш ортиқча эмас, балки шубҳасиз заруратга айланди. Украина ҳарбий-сиёсий раҳбарияти буни тушуниши учун уч йил зарур бўлгани таассуфли», — дейди Лакийчук.
Сўнгги ойларда кўплаб мутахассислар ва ҳатто жанговор бўлинмалар командирлари Украина армиясининг Донбассдаги муваффақиятсизликларига сифатли бошқарув йўқлиги сабаб бўлганини таъкидлади. Кўпинча бир-бирига яқин жойлашган бўлинмалар ва ҳатто бригадалар ўзаро яхши мувофиқлаштирилмаган, бу заифликдан эса Россия армияси фойдаланмоқда: улар шундай нуқталарни топиб, ҳужум қилиб, мудофаа чизиқларини ёриб ўтишга муваффақ бўлмоқда.
Шунинг учун анчадан бери муҳокама қилинаётган корпуслар жорий қилиниши ҳамкорликни яхшилаш учун эҳтимолий ечимлардан бири бўлиши мумкин.
Армия корпуслари тикланиши
BBC украин хизмати маълумотига кўра, бригадалар бошқарувини яхшилаш учун доимий корпуслар жорий этиш таклифи илк бор 2022 йилда Украина армияси собиқ бош қўмондони Валерий Залужний томонидан илгари сурилган.
Бироқ, ўша пайтда бу таклиф мамлакат раҳбарияти томонидан қўллаб-қувватланмаган.
![](/uploads/posts/2025-02/a40ee54d20_vsdd3p2fwh7edyw1rt7no7e2dncob1ig.webp)
Зеленский ва Сирский феврал ойи бошида Украина қуролли кучларида армия корпуслари тикланиши ҳақида расман маълум қилганди.
«Украинформ» нашрининг Украина қуролли кучларидаги манбалари 2024 йил ноябрида корпусли тузилмага ўтиш ҳақида гапира бошлаган.
Расман эса бу ҳақда 2025 йил 3 февралда президент Володимир Зеленский ва бош қўмондон Олександр Сирский эълон қилди.
Кейинчалик, Сирский бош қўмондон сифатидаги лавозимига тайинланганига бир йил тўлиши муносабати билан йўллаган баёнотида армия корпусларини шакллантириш амалиётда бошланганини тасдиқлади.
«Гарчи бу ислоҳотни тўғридан тўғри жанглар пайтида амалга оширишга тўғри келаётган бўлса-да, биз аниқ ва ишонч билан шу йўлдан кетяпмиз. Келажакда корпусли тузилмани тўлиқ шакллантирамиз», — деди Сирсикий.
Ислоҳотга оид бошқа расмий тафсилотлар ҳозирча ошкор этилмаган.
Бироқ, бир қатор ОАВ ва журналистлар, жумладан, ҳарбий мухбир ва «Censor.net» нашри муҳаррири Юрий Бутусов ҳамда Defense Express маълумотларига кўра, армия корпуслари таркибида 4-5 та бригада, муҳандислик бўлинмалари, артиллерия, ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимлари ва бошқа ёрдамчи қисмлар бўлади.
![](/uploads/posts/2025-02/85a0de670b_lnvqptzhinr2qm8tg-kcmbf6rv_gipgg.webp)
Ҳозирда Украина армиясининг бир бригадаси тахминан 5 минг аскардан иборат эканини ҳисобга олсак, бир армия корпуси 15-20 минг ҳарбийдан ташкил топиши мумкин.
Бироқ, кўплаб бригадалар шахсий таркиб бўйича тўлиқ комплектланмаганини ҳам инобатга олиш керак.
Умуман олганда, Украина армиясида 20 та корпус тузиш режалаштирилган. Бу ҳозир мавжуд ва янги шаклланган бригадалар сонига мос келади, уларнинг умумий сони 100 дан ошади.
Сергий Згурец маълумотига кўра, ҳар бир армия корпусининг жавобгарлик зонаси 30 километрдан 100 километр кенгликкача бўлиши мумкин. Бу участканинг мураккаблиги ва бўлинмалар ресурсларига боғлиқ бўлади.
Бу жанг майдонининг умумий узунлиги 1200 км бўлган Россия-Украина уруши воқелиги билан солиштирганда, жуда мутаносибдир. Демак, йигирмага яқин ҳар бир корпус ўртача 60 км ҳудуд учун масъул бўлади.
Бироқ, Юрий Бутусов айрим корпуслар фаол жанглар юз бераётган ҳудудларда эмас, масалан, Беларус билан чегарада жойлашиши ёки ротация учун захира сифатида сақланишини тахмин қилмоқда.
Шунингдек, у янги корпуслар тактик гуруҳларнинг ўрнини эгаллаши, оператив-тактик қўшинлар гуруҳлари эса армия тузилмасидан чиқарилиши мумкинлигини айтмоқда.
Демак, Украина армиясининг «корпусли» ислоҳотдан кейинги янги тузилмаси қуйидагича кўринишга келади: «баталйон-бригада-корпус-ОСҚГ».
Янги корпуслар ва уларнинг эҳтимолий қўмондонлари
![](/uploads/posts/2025-02/5e43820ec8_ilia2pv3kmqtrphde8s7qhssoqwgbgce.webp)
Прогнозларга кўра, янги тузиладиган корпуслардан бирига «Азов» командири Денис Прокопенко раҳбар бўлади
Украина армиясида янги корпуслар шакллантириш жараёни бошланди. Улар энг жанговар бригадалар асосида тузилади.
Сергий Згурец маълумотига кўра, ўзгаришлар 3-алоҳида штурм бригадасидан бошланади.
KyivPost нашрига кўра, ушбу бригада базасида 3-армия корпуси ташкил этилади. Унга ҳозирги 3-штурм бригадаси қўмондони Андрий Белецкий раҳбарлик қилиши мумкин. Бу маълумот расман тасдиқланмаган, аммо инкор ҳам этилмаган.
Юрий Бутусов тахминига кўра, алоҳида корпус 92-штурм бригадаси асосида ҳам ташкил этилиши мумкин. Бригада раҳбарияти ҳозирча бундай имкониятни тасдиқламаган.
![](/uploads/posts/2025-02/729b4685b1_8ycxsn2flv6ypktegpbbauahr1mjwz6x.webp)
«Хартия» бригадаси командири Игор Оболенский янги корпус командири қилиб кўтарилиши кутилмоқда
Шунингдек, ҳаво-десант қўшинларида икки корпус, денгиз пиёдаларда эса бир корпус тузиш режалаштирилган.
Миллий гвардия таркибида ҳам икки янги корпус пайдо бўлиши мумкин. Жумладан, 12-корпус — «Азов» бригадаси базасида, қўмондони Денис «Редис» Прокопенко; 13-корпус — «Хартия» бригадаси базасида, қўмондони Игор Оболенский бошчилигида. BBC украин хизмати манбаларига кўра, «Хартия» бригадаси бу режаларни инкор этмаган.
Украина армияси манбалари расмий баёнотлар кейинроқ берилиши мумкинлигини айтган. Бош штаб эса ҳужжатлар махфийлик грифига эга эканини таъкидлаган.
Юрий Бутусов фикрича, янги корпус қўмондонлари бригада ва баталйонларни кучайтириш, корпус ичида ротация ўтказиш, бригадаларни қайта тайёрлаш ва уларнинг жавобгарлик ҳудудини узайтириш ёки қисқартириш имкониятига эга бўлади.
Бу қўмондонларнинг жанг мавжуд бўлган ҳудудлар учун аниқ масъуллигини оширади, қўл остидаги қўшиндан ортиқча маъқулловларсиз тезда тасарруф этиш имкониятини яратади.
Президент Володимир Зеленский таъкидлаганидек, янги корпусларга энг истиқболли, жанговар тажрибага эга ва замонавий фикрлайдиган офицерлар раҳбар этиб тайинланиши керак.
Бироқ ҳарбий таҳлилчилар бригада қўмондонларини кескин равишда корпус қўмондони лавозимига тайинлаш хатарларга олиб келиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Энг яхши бригада қўмондони янги вазифада ҳам самарали раҳбарлик қила олишини кафолатлаб бўлмайди. Чунки корпус қўмондони бригадалар, артиллерия, ҳаво ҳужумидан мудофаа ва бошқа қисмларни назорат қилиши керак бўлади.
New Geopolitics Research Network директори Михаил Самуснинг фикрича, корпус қўмондони атрофида тажрибали штаб бўлиши керак.
«Агар у разведка, радиоэлектрон кураш, артиллерия ва муҳандислик бўйича малакали офицерлардан ташкил топган штабга эга бўлса, муваффақиятли бригада қўмондони корпус қўмондони сифатида ҳам муваффақият қозониши мумкин», — дейди у.
Армия корпуслари яна қандай фойда беради?
![](/uploads/posts/2025-02/ed60a8b243_9zkfh64qq8atu5pwpiwp-f6pqd5fuk6l.webp)
Украина қуролли кучларида ҳозирда 5 та корпус мавжуд: 9, 10, 11 (2016 йилда тузилган захира корпуси), 7-десант-штурм корпуси ва 30-денгиз пиёда корпуси.
Бироқ, бу корпуслар асосан штаб вазифасини бажаради ва кўп ҳолларда ўз таркибидаги бригадаларни бевосита бошқармайди.
«Ҳозирги беш корпуснинг ҳеч бири ўз бригадалари тўпламига бевосита раҳбарлик қилмайди. Масалан, корпус қўмондонлиги айрим оператив-тактик қўшинлар гуруҳини (ОТҚГ) бошқариши мумкин, аммо улар таркибида ўша корпусга тегишли бригадалар эмас, балки турли ҳудудларга тарқалган қисмлар жойлашган», — деган «Вернис живим» фонди раҳбари Тарас Чмут.
Денгиз пиёдалари корпуси мисолида гапира туриб у шундай қўшимча қилган: «Қўмондон ўз корпуси билан ишлаш ўрнига, ТРО (ҳудудий мудофаа) бригадалари, механизациялашган бригадалар, танк баталйони, қуролли кучлар артиллерия дивизиони, десант-штурм бригадаси ва бошқа турли қисмлар билан ишлашга мажбур бўлади».
Янги ислоҳотларнинг асосий мақсади армия корпусларини доимий бригадалар тўплами ва аниқ масъулият ҳудудига эга қўмондонликка айлантириш.
Бу ислоҳотлар орқали вақтинчалик бириктирилган бўлинмаларни камайтириш кўзда тутилган. Бугунги кунда фронтдаги бўшлиқларни тўлдириш учун қисқа муддатли бириктирилган қисмлар самарасиз ишлашда давом этмоқда, уларнинг ўзаро мувофиқлиги паст ва тезда йўқотишларга учрайди.
Қўмондонлик тизимини яхшилашда эса янги корпуслар ўзининг аниқ таркибидаги бўлинмаларни назорат қилиш орқали самарали ишлайди.
ОТҚГ (оператив-тактик қўшинлар гуруҳлари)дан воз кечиш — бу гуруҳлар ҳозиргача катта ҳудудлар бўйлаб бир нечта қисмларни бошқарган, аммо бу ҳар доим ҳам самарали бўлиб чиқмаяпти. Янги корпуслар ҳудудий асосда шакллантирилиб, аниқ бир майдонда масъулиятни олади.
Бундан ташқари, таҳлилчилар қайд этишича, Россия армияси корпус тизимидан фойдаланмоқда ва бу уларга катта натижа бермоқда. Шунинг учун Украина қуролли кучларида корпус ислоҳоти стратегик жиҳатдан муҳим қарор ҳисобланади.
![](/uploads/posts/2025-02/98be6eb989_yxhkrait926siwnuz_1r-lwbq125x6ih.webp)
Россия қўшинлари армия корпусларидан фойдаланган ҳолда ҳужум ҳаракатларини йўлга қўя олди
Юрий Бутусов таъкидлашича, Россия армияси 2022 йил охиридан буён корпус асосида тузилган ҳарбий тузилма билан ҳаракат қилмоқда. Уларнинг ҳозирги структураси «полк-бригада-дивизия-корпус-армия» кўринишида ва бу бошқарув тизимида уларга устунлик беради.
Шунингдек, янги корпуслар тактик даражада юқори қўмондонликнинг ҳаддан ташқари аралашувини (бош штаб микроменежменти) камайтириш учун яратилмоқда.
«Корпуслар жорий этилиши орқали корпус қўмондонидан юқори даражадаги раҳбарлар тактик жараёнларга тўғридан тўғри аралашиш ҳуқуқига эга бўлмаслиги таъминланади», — дейди Бутусов.
Павел Лакийчук BBCʼга берган интервюсида, корпус тизими ҳақиқий ресурслар билан таъминланса ва уларга тўлиқ ваколат берилса, Украина армиясининг модернизацияси муваффақиятли бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
Аммо, агар бу фақатгина ОТҚГ (вақтинчалик ҳарбий бошқарув органлари) ваколатларини корпус штабларига формал равишда ўтказиш билан чекланса, у ҳолда бу ислоҳот кутилган натижа бермайди.
Шу билан бирга, Украина армиясида дивизиялар тизимини тиклаш бўйича муҳокамалар давом этмоқда. Бироқ, Лакийчукнинг фикрича, корпус тизимига ўтиш шароитида бу масала иккинчи даражали аҳамиятга эга.
«Корпуслар қандай таркибда — дивизиялар, бригадалар ёки полклар асосида — тузилиши унчалик муҳим эмас. Энг асосийси, бу тузилмалар таркиби вазифаларга мослаштириладиган, самарали ва ихчам бўлиши керак. Бюрократик йўл билан ҳаддан ташқари расмийлаштирилган ва ўзгармас тизим яратиш ислоҳотни йўққа чиқариши мумкин», — дейди Лакийчук.
Экспертлар янги корпуслар шаклланиши ва уларнинг самарадорлиги бир неча ой вақт талаб қилиши мумкинлигини таъкидлашмоқда. Аммо агар ҳаммаси тўғри жорий этилса, бу Украина армияси учун стратегик муваффақият бўлади ва бригадалар ўртасида мувофиқлашувни кучайтириб, армиянинг умумий самарадорлигини оширади.
Бу XIX асрдан бери армия корпусларининг асосий афзаллиги бўлиб келган.
Манба: Kun.uz
![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар