
Барселонадаги Глобал саломатлик институти олимлари томонидан олиб борилган тадқиқот болалик даврида ифлосланган ҳавога дуч келиш миянинг асосий қисмлари орасидаги алоқаларни заифлаштиришини аниқлади. Бу ҳақда Environment International (EI) журналида эълон қилинган мақолада хабар берилди.
Тадқиқот натижалари
Мутахассислар 3600 дан ортиқ болалар маълумотларини таҳлил қилиш орқали ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ жиддий муаммоларни аниқладилар. Хусусан, ҳавонинг юқори даражадаги ифлосланиши миянинг пўстлоқ ва пўстлоқ ости тузилмалари орасидаги функсионал алоқанинг бузилишига олиб келиши маълум бўлди. Бу эса когнитив функциялар, ҳаракат ва ҳиссиётларни бошқаришга таъсир кўрсатиши мумкин.
Болаларда қаттиқ заррачалар (PM2.5, PM10) ва азот оксидлари (NO₂, NOx) каби ифлослантирувчи моддалар таъсир даражаси ўлчанди. Сўнгра 10 ва 14 ёшларида уларнинг мия фаолияти баҳоланди. Натижада, туғилгандан уч ёшгача бўлган даврда ҳаво ифлосланишига дуч келган болаларда эътибор ва ҳаракатни бошқаришга масъул бўлган мия қисмларида боғлиқлик пасайгани аниқланди.
Узоқ муддатли таъсирлар
Тадқиқотнинг етакчи муаллифи Моника Гуксенс бу ўзгаришлар ўсмирлик даврида ҳам сақланиб қолиши мумкинлигини таъкидлади. Бу эса болаларнинг нейрон тармоқлари ривожланишига узоқ муддатли салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини кўрсатади.
Шунингдек, олимлар ҳомиладорлик пайтида ифлослантирувчи моддаларга дуч келиш саккиз ёшли болаларда хотира учун масъул бўлган гиппокамп ҳажмининг камайишига олиб келиши мумкинлигини ҳам аниқладилар. Аммо кейинги йилларда компенсатор ўсиш кузатилиб, миянинг мослашувчанлиги қайд этилди.
Ҳаво ифлосланишига қарши чоралар
Тадқиқотчилар шаҳарларда ҳаво ифлосланишини камайтириш ва болалар ривожланишига салбий таъсирни минималлаштириш учун чоралар кўриш зарурлигини таъкидлашди. “Бизнинг натижаларимиз ҳаво ифлосланиши мия фаолиятига узоқ муддатли таъсир кўрсатиши мумкинлигини тасдиқлайди. Бу қатъий экологик стандартлар жорий этилиши зарурлигини яна бир бор кўрсатади”, — дейди тадқиқот ҳаммуаллифи Мишел Кустерс.
Илгари олимлар ётоқда смартфондан фойдаланиш уйқу сифатига қандай таъсир қилишини ҳам ўрганган эдилар. Бу каби тадқиқотлар инсон соғлиғига таъсир этувчи турли омилларни яхшироқ тушунишга ёрдам бермоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар