
Хитой 2027 йилгача ядро синтези асосида ишлайдиган “сунъий қуёш” лойиҳасини ишга туширишни режалаштирмоқда.
Burning Plasma Experimental Superconducting Tokamak (BEST) номи билан танилган бу улкан лойиҳа мамлакатнинг ядро энергияси бўйича кўп йиллик изланишларининг давоми ҳисобланади. Унинг асосий мақсади — Қуёшнинг ички қатламларидаги энергия жараёнини ерда такрорлаш ва чексиз тоза энергия манбаини яратишдан иборат.
Маълумотларга кўра, Хитой олимлари 2025 йилда Хэфэй шаҳридаги Experimental Advanced Superconducting Tokamak (EAST) қурилмаси орқали плазмани 1000 секунддан зиёд вақт давомида юқори ҳароратда барқарор ушлаб туришга муваффақ бўлишган. Бу илмий ютуқ ядро синтези бўйича катта қадам сифатида баҳоланган.
Бироқ экспертлар ҳали бу технология амалда тўлиқ энергия манбаига айлана олмаганини таъкидламоқда. Ҳозирча реактор сарфлаганидан кўпроқ энергия ишлаб чиқариш даражасига етмаган. Шунингдек, материаллар чидамлилиги ва жараённи саноат миқёсида барқарорлаштириш каби муаммолар ҳамон ҳал этилиши лозим.
Агар Хитой 2027 йилгача “сунъий қуёш”ни муваффақиятли ишга тушира олса, бу жаҳон энергетика тизимидаги энг катта инқилоблардан бирига айланиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!