
Бразилиянинг Вакария муниципалитетида юз берган фожиали ҳодиса бутун мамлакат жамоатчилигини ларзага солди. Асаларилар тўдасининг ҳужуми оқибатида ота ва қиз ҳалок бўлди, деб хабар берди Daily Mail.
Маълумотларга кўра, Силвана да Фатима Браганса да Луш автомобилни бошқариб кетаётганда, тасодифан йўл четидаги арилар уясини босиб ўтган. Натижада тўда ҳужуми бошланган. Кутилмаганда юз берган бу воқеа аёлни ҳушидан кетказган. Ёрдам чақириқларини эшитган маҳаллий аҳоли зудлик билан ёрдамга етиб келган.
Силвананинг 79 ёшли отаси ҳам қизини қутқариш учун ҳеч нарсадан қайтмаган — у ҳам ҳеч иккиланмасдан воқеа жойига борган. Аммо афсуски, уни ҳам арилар чақиб, оғир аҳволга солган. Эркак шифохонага етказилганига қарамай, шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қололмаган — у эртаси куни вафот этган.
Шу билан бирга, қутқарувчиларнинг айтиишига кўра, улар воқеа жойига етиб келгунгача жуда қимматли вақт йўқотилган. Сабаби, уларнинг станцияси ҳодиса жойидан 60 километр узоқда жойлашган эди. Вақтида етиб бормаслик, афсуски, икки ҳаётни сақлаб қолиш имконини йўққа чиқарган.
Ҳодисани ўрганаётган маҳаллий полиция вакиллари маълум қилишича, аёлни юзлаб арилар чаққан, қутқарувчилар етиб келганида у ҳали тирик бўлган, аммо оғир ҳолда бўлган. Барча ҳаракатларга қарамай, шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қолишга муваффақ бўлишмаган.
Маҳаллий фуқаро Жулиано Гибберт бу ҳолатни изоҳлар экан, “Асаларилар ҳужуми кутилмаганда содир бўлади. Йўл ёнида уларнинг уяси бўлмаслиги керак эди. Агар тез ёрдам вақтида етиб келганда, эҳтимол, уларни сақлаб қолиш мумкин бўларди”, деган.
Ҳозирда полиция ҳодисанинг барча тафсилотларини ўрганмоқда. Айтиш керакки, бу биринчи марта бўлган ҳолат эмас — сентябрь ойида ҳам Хитойнинг Юннан провинциясида икки бола юзлаб ари чақиши оқибатида ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.
Муттахассислар фуқароларни асаларилар уяларига яқинлашмасликка, айниқса, транспорт воситалари билан ҳаракатланиш пайтида табиий муҳитдаги эҳтимолли хавф манбаларига эътиборли бўлишга чақираётганини таъкидламоқда.
Бу воқеа яна бир бор табиат кучларига нисбатан эҳтиёткорлик ва эҳтиром қанчалик муҳим эканини эслатди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!