
Янги ҳисоблаш 28 сониялик фарқни аниқлади
Астрономлар Уран сайёрасида кун қанча давом этишини яна бир бор аниқлашди — ва натижалар аввалги ҳисоб-китоблардан бироз фарқ қилди. Live Science’нинг хабар беришича, Hubble космик телескопи ёрдамида олиб борилган 11 йиллик кузатувлар Уранда бир кун 17 соат, 14 дақиқа ва 52 сония эканини кўрсатди.
Аввал қанча деб ўйланганди?
1986 йилда НАСАнинг Voyager 2 аппарати Уранни яқиндан кузатиб, бир кун давомийлигини 17 соат, 14 дақиқа ва 24 сония деб баҳолаган эди. Янги ҳисоб-китоб эса 28 сонияга узунроқ кунни кўрсатмоқда.
Янги аниқликка қандай эришилди?
2011–2022 йиллар оралиғида Hubble томонидан ўтказилган 6 та аниқ кузатув орқали Ураннинг магнит қутбларидаги қутб ёғдулари ҳаракати таҳлил қилинди. Бу магнит ўқининг жойлашувини аниқроқ белгилашга ёрдам берди. Олимлар янги ҳисоб фақат 0,04 сония хатоликка эга эканини таъкидлашмоқда.
Нима учун бу муҳим?
Астрономлар фикрича, Ураннинг аниқ айланиш даври унинг координаталар тизимини тўғри шакллантиришга ёрдам беради. Бу эса келажакдаги миссиялар, жумладан Uranus Orbiter ва Probe каби лойиҳалар учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.
Эслатма: Voyager 2 нималар қилган эди?
Voyager 2 — Уранни яқиндан кузатган биринчи аппарат бўлган. У 40 йил аввалги ҳисоб-китобларда магнит майдони ва радиосигналлардан фойдаланган. Аммо ўша пайтдаги маълумотлар тахминан 36 сониялик ноаниқликка эга бўлган ва вақт ўтиши билан бу фарқ ортиб борган.
Муттахассислар нималар дейди?
“Бу янги ҳисоб-китоб орқали энди 40 йиллик маълумотларни қайта таққослаш ва келгусидаги Уран миссияларини аниқроқ режалаштириш мумкин”, — дейди тадқиқот муаллифи, Париж обсерваториясидан астроном Лоранн Лами.
“Жуда катта ўзгариш бўлмаган бўлса-да, энди бу ҳисоблашлар аниқ ва амалиётда қўллаш осонроқ бўлади”, — дейди Сидней университети астрономи Тим Беддинг.
Қизиқарли факт:
Уран Қуёш системасида энг “енг” айланувчи сайёралардан бири ҳисобланади — унинг айланиш ўқи деярли 98°га эгилган. Бу эса унинг кун ва кечалари бошқа сайёралардан мутлақо фарқ қилишини англатади.
Zamin.uz сайтида олам сирлари ҳақидаги энг сўнгги янгиликларни кузатиб боринг!